O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳукумат ўз фуқароларини Европа давлатларида ҳам тинч қўймаяпти

Ҳукумат ўз фуқароларини Европа давлатларида ҳам тинч қўймаяпти
168 views
31 March 2017 - 12:43

Аmnesty International (Амнести Интернейшнл) инсон ҳақлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳатто Европа давлатларида ҳам тинч қўймаяпти.

Янги ҳисоботда айтилишича, ҳукумат муҳожирликдаги ўзбекистонликларни қўрқув ва ноаниқлик фазосида тутиб турмоқда.

‘Биз сизни қаерда бўлсангиз ҳам топамиз”, деб номланган ҳисоботда жосусларнинг муҳожиротда яшаётган етти нафар ўзбекистонлик ҳаётига таъсири ҳақида сўз боради.

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист ўз ҳаёти ва ватанда қолган оиласи билан ёзишмалари қандай қилиб жосуслар томонидан кузаталиши ҳақида ҳикоя қилади.

Амнестига кўра, яна бир журналист Францияга Ўзбекистонни айнан хавфсизлик хизмати таъқибидан кейин тарк этган.

АИ ташкилотининг Технология ва Инсон ҳуқуқлари бўлими тадқиқотчиси Жошуа Франкога кўра, “ҳисобот Европадаги ўзбекистонликлар оммавий тарзда жосусликдан қандай азият чекаётгани” ҳақида ҳикоя қилади.

“Ўзбекистон ичкарисидаги журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва сиёсий фаоллар учун ҳукумат мулозимлари шубҳа-гумонларга тўла бир фазони яратишган…”

Жошуа Франконинг ишонишича, ҳатто мамлакат ташқарисида ҳам жосуслик хавфининг таъсирлари аниқ сезилади.

“Қўрқув оилалар ўртасида жарлик яратмоқда. Қочқинлар ўз оилалари билан суҳбатлашишдан чўчишади, чунки жосуслик хизматларига ўзаро мулоқотлар маълум бўлиши мумкин”.

Айни ҳисоботда Дилшод (исми ўзгартирилган) исмли қочқин Ўзбекистондаги оиласи билан алоқа қилолмаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Дилшоднинг айтишича, у ўз оила аъзолари билан телефонда сўзлашганидан кейин уйларига милиция ходимлари келишган.

Amnesty International ҳисоботида Дилшод ўзининг ўлим тўшагида бўлган холаси билан суҳбатлашгани ва шундан кейин бу аёлнинг уйига милиция келганини айтади.

“Агар оила аъзоларимизга, дўсларимизга телефон қилсак, улар ҳамма нарсани эшитишади. Биз ( Швециядагилар) бундан озор чекмаймиз, аммо телефонда сўзлашсак, бизнинг яқинларимиз жабр кўришади”, дейди Дилшод.

Журналистлар ва Ўзбекистон ҳукумати

Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил журналистларга нисбатан муносабати ҳеч қачон адолатли ва ё дўстона бўлмаган.

Ўтган йигирма беш йил ичида ҳукуматни танқид қилган ҳар қандай журналист турли таъқиб ва тазйиқларга дуч келган.

2014 йилда Берлинда яшаётган ўзбекистонлик журналист Галима Бухарбоеванинг электрон почтаси бузилган.

Унинг электрон мактублари интернетга сиздирилганидан кейин, Галима билан ҳамкорлик қилган маҳаллий журналистлар ҳаёти хавф остида қолган.

Бу каби хавф остида қолган журналистлардан бири Гуласал Камолова бир неча таҳдидлардан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

У Францияда 11 ойдан бери яшайди ва бу муддат орасида бирор марта Ўзбекистондаги оиласи билан алоқа қилмаган.

Ўзбекистондан қочар экан, хавфсизлик хизмати ходимларидан бири унга “қаерда бўлма, биз барибир сени топиб оламиз”, деб таҳдид қилган.

Гуласал Камолова Amnesty International билан суҳбатда, “менинг қўрқадиган жойим йўқ. Йўқотадиган нарсам -иш, иш эса бу ерда. Бу менинг таҳдидлар ва тазйиқларга зўр берадиган хавфсизлик хизматига жавобим. Мен бундан қўрқмайман. Биламан, жосуслар бу ерда ҳам бор, ўзимни хавфсиз ҳис қилмайман. Аммо қўрқмайман”, дейди.

Амнести ҳисоботида яна бир ўзбекистонлик журналист Дмитрий Тихоновнинг ҳикояси келтирилади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов ўз даврида бутун мамлакатда қўрқув фазосини шакллантирган.

Ўзбекистон ҳукумати, хавфсизлик хизмати ва Ички Ишлар вазирлиги “тинчликни сақлаш” баҳонасида мустақил ва мухолиф фикрдагиларга қарши курашган.

Манба: Би-би-си Ўзбек