O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲУРРИЯТ ЭГАЛАРИ

ҲУРРИЯТ ЭГАЛАРИ
693 views
07 February 2022 - 12:17

Сўзлар маъносидан узилиб қолган даврда яшаяпмиз. Ёки доим шундай бўлганми? Тарих, доим шундай бўлган деб, жавоб қайтаради.

Нисбатан, олдин бугунги даврдай бўлган эмасдай. Сал кейинроқ квант компъютерлари вужудга келади. Унда жамият маънодан янада узоқлашар ёки квант зарраларининг хусусиятлари истеъмолчини (квант компьютерини ишлатувчини) маънога яқинлаштирар ёки ҳозиргидай буткул компьютерга тақлидчи қилиб қўяр.

Б.Нақшбанднинг дин тақлидга айланиб кетди маъносида айтган ибораси бор. Маънодан –аслиятдан узилган ҳатти-ҳаракатни тақлид дейиш мумкиндир эҳтимол.

Адабиётшунос Ҳамиджон Ҳомидий “Тасаввуф” номли китобини олдин ҳам ўқиган эдим. “Янги аср авлоди” нашриёти китобни янги нашрини чоп этди. Китоб қизил рангли қаттиқ муқовада чиққан.

Китоб Ислом дунёсининг Ориф – мутафаккирлари ҳақида қисқача таништиради. Ҳамда улар ёзган китоб номлари айтилади. Уларнинг ҳикматларидан парчалар берилган.

Диний ва дунёвий деган ибораларни тақлидчилар ўйлаб топган бўлса керак. Диний ва дунёвий нарсанинг ўзи йўқ аслида. Квант физикасидаги суперпозиция қадим замондан орифлар практикасида қўлланган. Қўлланади. Ислом фалсафасида зарралар ҳақида гапириш удум бўлмаган. Бу аксилмаданий деб тушунилган. Метафоралар, ҳикоя услуби маънавий йўлнинг ўлчовлари, бекатларини ёки нурнинг моддий кўриниш олиши воситасидан бири.

“Тасаввуф” китобида зикр этилган шахслар илоҳий портал эшигидан киришган. Бу эшик калити зикрнинг ҳақиқатига етиш билан қўлга киритилган. Ёки ҳадя, лутф тариқасида берилган.

Китобдаги шахслар маълум йилларда тинмай сафар қилгани баён этилади. Қайсидир шахс маълум бир донишмандни излаб суҳбатига боради. Йиллаб суҳбат қилади. Худди Румий ва Табризий суҳбатлари каби.

Бирлари бу суҳбат орамизда қолсин деб ҳам васият қилади. Улар охири йўқ, туганмас ва қирғоғсиз денгизни таниган.
Таниб, денгизнинг қирғоғига айланишган. Хоҳлаган вақти квант зарраларидек суперпозицияни эгаллашади. Ўлим ва тириклик ҳеч нарсани англатмаслигини ёки бир нарса эканини билишади.

Чексиз маъни денгизида сузган бу шахсиятлар маънисизлик ичида қолишади. Ва шунда “Ишқ” ғояси уларнинг бош ғоясига айланди. Бу ғояни чексиз денгиз берган эди.

Абу Туроб Нахшабий Ироқ тарафларда, Басра йўлида вафот этган. У тинмай саёҳат қилади масалан. Камида Зуннун Мисрий билан учрашган, яна бир қанча сўфийлар билан. Бу мулоқотлар суҳбатдош уйига, шаҳрига боргунча тугаган эҳтимол.
Суҳбатдошлар учрашганда эса суҳбат якуни формализм, расм-русумчилик билан тугаган.

Сўфийлар ғояси “Алиф, алиф ва лайло” китобида ҳам акс этади. Ундаги метафораларни ҳозирги квант назарияси билан ҳам тушунтириш мумкиндай. Ислом мамлакатларидаги уйғониш даври сирини квант зарралари хусусиятларини англаган кишигина тушунтира оладигандай. Лекин ким ташқи нарсани тушунтириб бера олади? Физиклар ҳозир бу масалада ишлашмоқда: ахир квант механикаси онгимиздаги жараённинг сояси , унинг прототипи дейишмоқда. Қадимги греклар “Коинот ҳақидаги билим- бу одамнинг ўзи ҳақдаги билим аслида” дейишган каби.

Нурдаги билимни мушоҳада қилиш ислом сўфийларининг йўлдаги жараёни эди. Йўқ, нурни нур билан мушоҳада қилиш уларнинг усули эди. Ердан 1.5 млн км узоқликка учирилган Жеймс Уэйб телескопи каби. Телескоп кўзи бундан 13 млрд йил орқага кўз ташлайди. Ушбу коинотнинг болалик даврини кузатади.

Демак нур тезлигидан юқори тезлик бор: бу нургача вазиятни ҳам қамраб олган эҳтимол, нур макон ичида вақт мобайнида ҳаракатланади.

Квант механикаси физикларни образли айтганда “ақлдан оздирмоқда”. Чунки ташқаридан, квант хусусиятларни, квант қонуниятларини кашф қилиб бўлмайди.

Аммо вақт давомида қонуниятлари кашф бўлиб бораверади. Зарралардаги информацияни ўқиш квант компьютерлари оммавийлашгандан кейин тезлашади. Яъни одам ўзидаги информацияни ўқийди.

Қуръони Каримда Аллоҳ коинотни яратиб уни одамга бўйсундирди мазмунидаги оят бор.

Майли, тараққиёт ўз йўлига.

“Тасаввуф” китобини ўқиб чиққанда, “Ишқ” ғояси энг бирламчи ғоя деган тўхтамга келади.

Китобда 80 дан ортиқ шахс зикр этилган. Уларнинг китоблари номлари ва ҳикматлари шундай хулоса беради.

Шиҳобиддин Суҳравардий буни “Порлаш” деб тушунтиради. (Китобнинг 228-бети.) Ш. Суҳравардий қадимги грек файласуфлари китобларини ҳам чуқур ўрганган. 12 аср Ислом мутаффакири ҳисобланади. Китобларида Мансур Халлож образига кўп мурожаат қилган. Яссавий каби. Суҳравардий ғояларини қабул қилмаган жамият уни осишга маҳкум этишади.
“Тасаввуф” китобида Ш.Суҳравардий китоблари номлари зикр этилган. Бошқа сўфийларнинг ҳам китоблари номлари қайд этилган. Уларнинг кўплари ҳатто ўз юртида ҳам тўлақонли нашр этилмаган бўлса керак.

“Тасаввуф” китоби олдин юқа муқовада нашр этилган эди. “Янги аср авлоди” нашриёти бу гал қаттиқ муқовада китобни нашр этибди.

Мурод Карим

КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (8-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (7-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (6-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (5-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (4-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (3-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (2-qism)