2011 йилнинг 22 июль куни “Озодлик радиоси” веб саҳифаси “Эркин микрофон” рукнида ЎХҲ муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳга Тошкентдан “Озодлик” радиоси орқали телефон қилган Шавкатбек суҳбати келтирилган.
ЎХҲ муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳга “Озодлик” радиоси орқали қўнғироқ қилган тошкентлик Шавкетбекнинг саволи ўринли бўлди.
Шавкатбек: Мен бир савол билан сизга мурожаат қилмоқчи эдим. Ҳозир жуда кўпчилик одам ўйланиб қолганда сизни қўллаб-қувватлаш керакми ëки қўлламаслик керакми деган тўғрисида. Ўшанга мен сўрамоқчи эдим сизнинг позициянгиз қанақа? Эслайман, 1990-1991 йиллларда роса кўп гап бўлган эди. Муҳаммад Солиҳ одамларни паранжига тиқаркан, одамларни намоз ўқишга мажбур қиларкан, деган роса кўп гап бўлган эди. Балки бу уйдирма бўлган бўлиши мумкин. Билмоқчиманда сизнинг позициянгизни. Агар ниятингиз бўлса, Ўзбекистонда тузум қурмоқчи бўлсангиз, қанақа тузум бўлади у? У Исломга, шариатга асосланган бўладими ëки бўлмаса демократик, одамларни инсон ҳуқуқлари бўйича таъминлайдиган қанақа давлат бўлади?
Муҳаммад Солиҳ батафсил шарҳлаб берган жавобида, Ўзбекистонда ҲУҚУҚИЙ ВА ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ қурилишлиги айтилган.
Бу ўринда савол туғилади: “Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият”, – дегани нима? Жавоб мазмунини ёритиш мақсадида, политология фанида мавжуд бўлган ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ҳамда ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ тушунчаларига қисқача тўхталиб ўтмоқчи бўлдим.
ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ – шахс ва жамоалар билан бўлган муносабатларида ҳокимият тузилиши ва фаолияти қонун асосида барпо қилинадиган давлат.
Ҳуқуқий давлат ғояси давлат ҳукумати (кучи) ни қонун асосида чегаралашга қаратилган. Бунда, одамларни эмас, қонунни бошқариш устуворлиги назарда тутилади; инсонни давлат билан қиладиган муносабатларида уни хавфсизлигини таъминлаш илгари сурилади.
Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгилари қуйидагилар:
1. Ҳокимиятни ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ, ИЖРО ЭТУВЧИ, СУД каби қисмларга бўлинганлиги. Бунда мақсад: давлат ҳокимиятининг ягона бир кишининг қўлида қолдирмаслик бўлиб, шу билан “даҳшатли мустабидлик” ка олиб борувчи шахс, орган ёки ижтимоий қатлам монополизацияси ва узурпацияси-зўровонлигига чек қўйилади.
2. Конституция қонунийлиги, устунлиги ҳамда ундаги қонун ва актларга ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ва ИЖРО ЭТУВЧИ органларни мувофиқлаштириб турувчи; Конституцион тузум барқарорлигининг кафолати бўлмиш Конституцион СУДнинг мавжудлиги.
3. Қонун ва ҳуқуқ устунлиги. Яъни, ОЛИЙ ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ органдан ташқари ҳеч ким қабул қилинган қонунни бекор ҳам қила олмайди, ўзгартира олмайди ҳам. Бошқа барча ҳуқуқий-меъёрий қоидалар қонунга хилоф бўлмаслиги керак. Хилоф келиши мавжуд бўлса, устунлик ҚОНУНга берилади. Ҳуқуқнинг акси бўлган зўравонликни қонунийлаштириш шакли сифатида ишлатишлик мумкин бўлиб қолган қоидалар, Конституцион тузум принциплари ва қонунларига мувофиқлаштирилиб чиқилиши лозим. Конституцион Суд юрисдикцияси асосида қонунга хилоф бўлиб қолган қоидалар тўхтатилади ва Парламент ихтиёрига қайта кўриб чиқишлик мақсадида ҳавола этилади.
4. Давлатнинг (давлат органлари, мансабдор шахслар тимсолида) ҳамда граждан ва фуқаро уюшмаларининг қонунга боғлиқлиги. Қонун чиқарган давлатнинг ўзи уни буза олмайди. Мана шу нарса бюрократиянинг барча жабҳаларида зўравонлик, ўзбошимчалик ва ҳар нарсага йўл топишлик ҳолатларига қаршилик кўрсатади.
5. Давлат ва шахснинг ўзаро жавобгарлилиги. Шахснинг Давлат олдида бурчлари бор, Давлат ҳам шахсга берилган ҳуқуқлар, меъёрлар бузилишига нисбатан шахс олдидаги бурчларини бажармаслик жавобгарчилигидан ҳоли эмас.
6. ШАХС ҲУҚУҚ ва ЭРКИНЛИКЛАРИ дек асосий инсон ҳуқуқларининг қонунчиликда реал ифодасини топиши. Энг самарали усул ҳисобланмиш, Суд низоми асосида ўша насалар амалга оширилади ва ҳимоя қилинади.
7. Қонун ва бошқа меъёрий қоидаларни рўёбга чиқариш устидан назорат ва кузатувнинг амалда ва воқеда мавжуд бўлиши. Бунинг натижасида, инсонларнинг давлат тузумига ишончи, чуқур юридик мунозараларда газета, радио, телевидениега эмас, балки давлат органларига мурожаат қилишлари табиий даражага кўтарилади.
8. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти. Уларнинг ўз мажбурият ва ҳуқуқларини билишликлари ҳамда улардан фойдалана олишликлари. “Ҳуқуқий нигилизм” (“кучлида ҳуқуқ бор-у, ҳуқуқнинг ўзида куч йўқ”, деб ишониш) га қарама-қарши турувчи ҲУҚУҚҚА ҲУРМАТ муносабатида бўлишликлари.
ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – давлат ҳокимияти томонидан тўғридан-тўғри аралашишлик, асоссиз регламент белгилашлик ҳолатларига нисбатан мустақил бўлган, эркин инсонларнинг ўз-ўзини бошқаришлиги ва ихтиёрий тузилган ассоциациялар ҳамда организациялардир.
Ривожланган ФУҚОРАЛИК ЖАМИЯТИ – ҳуқуқий давлатнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори ва унинг қурулишлигидаги асосий шартлардандир.
ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – замонавий жамият феноменларидан биридир; гуруҳ, жамоа каби ижтимоий тузилмалар ва носиёсий муносабатлар жамлигидир; иқтисодий, миллий, маданий ва ҳоказо каби ўзига хос манфаатлар асосида бирлашган, давлат бошқарув тузумидан алоҳида шаклланган ва давлат машинаси ҳаракатини назорат қилишга имкон берадиган тузулмадир.
ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИнинг белгилари:
1. Ишлаб чиқариш воситаларида эркин эгадорларнинг мавжудлиги;
2. Ривожланган демократия;
3. Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги;
4. Фуқаро маданиятининг маълум даражада эканлиги;
5. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлиги;
6. Ўз-ўзини бошқариш;
7. Жамият структурасини ташкил қилувчилар ва турли инсон гуруҳлари орасидаги рақобат;
8. Ижтимоий фикрнинг эркин шаклланиши ва плюрализм;
9. Легитим (ҳуқуқ ва ваколатга эгалик) бўлишлик.
Муҳаммад Солиҳнинг Шавкатбек саволига берган жавоби замирида юқорида келтирган мисоллардан ҳам кенгроқ мазмун ётишлиги шубҳасиз дея ўз фикрларимни якунладим.
Искандарбек Усмонов