O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳўқандлик Эшон Бўрихоннинг жонорол Искобилга йўллаган номаси

Ҳўқандлик Эшон Бўрихоннинг жонорол Искобилга йўллаган номаси
202 views
13 October 2016 - 7:00
Суратда: Айрисоқол жонорол Искобил, Ҳўқанд хони Худоёр, муросасиз мужоҳид Абдураҳмон Офтобочи ва Давлат Ботир қишлоғида Ватан тутган Эшон Бўрихоннинг мирзоси Асқар.

Суратда:
Айрисоқол жонорол Искобил, Ҳўқанд хони Худоёр, муросасиз мужоҳид Абдураҳмон Офтобочи ва Давлат Ботир қишлоғида Ватан тутган Эшон Бўрихоннинг мирзоси Асқар.

Бул офоқда иймон номлиғ юрт борлигини 
сиз жаноби жоноролга балки айтмишлар
ва тонг эмас, ўзимиздан чиққан балолар –
 
маслакфуруш, маснадфуруш, кафанфуруш –
кўп шаҳидлар қаторида Эшон Бўрининг
 
хирқасин ҳам аллақачон сизга сотмишлар…
 
Аммо мактуб битмоғимдан мурод бул эмас.
Мен Эшони Бўрихонман –
Аллоҳ бандаси,
Ҳўқанд отлиғ музофотнинг бир фуқароси.
Сиз жаноби жоноролга балки эрта кун,
эҳтимолки юз йилдан сўнг аён бўлажак
ҳақиқатни айтиб қўйиш мен учун фарздир.
Ла илаҳа иллаллоҳу
Муҳаммадар росулуллоҳ…
Сиз жаноби жонорал ва барча зобитлар
ўйлайсизки бу қирғинлар, қувғинлар учун,
бу ҳақорат, бу хиёнат, хўрликлар учун
ҳеч ким жавоб бермас.
Ўйлайсизки, бул бегуноҳ халқларнинг бошин,
тилин, динин, эътиқодин ва хотирасин,
ор-номусин оёқ ости қилганлар учун
ҳеч ким жавоб бермас.
Ўйлайсизки, сувлар оқиб ўтдилар бадар,
мавжларида ғарқоб бўлди барча қилмишлар.
Ўйлайсизки, йўқ қилинган буюк бир тарих
ҳалокати учун ҳеч ким жавоб бермайди!..
Ўйлайсизки,бу “саводсиз ва оми” халқлар
яхшилик ва ёмонликнинг фарқин билмайди.
Ўйлайсизки, бу “латтабош” саланг дарвешлар,
бу “оломон”, бу “тузем”, бу “сарту саллалар”
хуллас, тўқсон тўққиз фоиз “бесавод пода”
ҳеч нарсани кўрган эмас ва билмайди ҳам!
Ўйлайсизки, Бухоронинг бошини еган,
Самарқандни, Хоразмни кўкка совурган
зобитларнинг мушугини ҳеч ким “пишт” демас!
Ўйлайсизки, қабристонлар жим-житдир ҳали,
ўйлайсизки, тупроқ йўллар жим-житдир ҳали,
ўйлайсизки, узун кўйлак кийган ва юзин
фосиқлардан яширган ҳур аёллар жим-жит!..
Ўйлайсизки, мадрасалар ва мақбаралар
анчайин бир ғишт девордир ва шунинг учун
истасангаз қамоқхона қиласиз. Сўнгра
тили бору кўзи борни қамайверасиз!
Ва ниҳоят, қамаш учун қолмаса одам,
меҳмонхона қиласизлар ё ишратхона,
аста-секин ислоҳот ва… исловатхона!..
Ўйлайсизки, истасангиз бор қиласизлар,
истасангиз йўқ қиласизлар,
ўйлайсизки, истасангиз бу “эшак”ларни
нор қиласизлар ва… минасизлар…
Ўйлайсизки, мўминларнинг покиза дили
қилич ва қон нафасидан ҳазар қилади,
ўйлайсизки, итоаткор ва заҳматкаш эл
ибодату меҳнат учун яралгандир, бас!..
Ўйлайсизки, аёллари йиғлоқи, заиф,
эркаклари беор-беномус,
шунинг учун замбаракнинг ўқи билинмас,
ҳаромият ва ғаш билан енгса бўлади!..
Ўйлайсизки, улуғ тарих соҳиби бу эл
жуда қаттиқ чарчагандир, жуда абгордир,
ўйлайсизки, Осиёнинг дарвозаси йўқ,
соҳиби йўқ, сардори йўқ Амир Темурдек!..
“Занчалиш” тўрт хонлик билан беш-ўнта беклик
бир-бириннинг гўштини еб ётар ит каби!..
Ўйлайсизки, айни пайтдир бу ерларни ҳам
улуғ Руснинг занжирлари билан боғламоқ,
ва юзлаб ҳур халқлар каби
“ваҳший Шарқ”ни-да
занжирларин шарақлатиб мангу судрамоқ!..
Ўйлайсизки, бу дунёда бирор-бир миллат
сизсиз йўлин тополмайди, олға босмайди!..
Ўйлайсизки, қорни бу халқ ювмас қон билан,
жонни бу халқ олмас жон билан!..
Ўйлайсизки, бу халқ сизга олтин ғазнадир,
оқ пахтадир, иссиқ нондир, мардикорлардир!
Ўйлайсизки, бу лойтомлар, бу чордеворлар
аллақандай ибтидоий ғорлардан нишон
ва бу хароб кулбаларда яшаган эл ҳам
ё шайтондир, ё авомдир, ёхуд ваҳшийдир!..
Ўйлайсизки, бу қўймижоз ва қора халқлар
“ла илаҳ…”дан ўзга сўзни эшитмаганлар.
Ўйлайсизки, Амриқони эшитмаганмиз,
Оврупани бизлар билмаймиз!
Ўйлайсизки, биз билмаймиз аждодларимиз
бу дунёни тетапоя қилганин ҳам,
бу дунёни елкасида тутганин ҳам,
Амриқони, Оврупони ўқитганин ҳам!
Ўйлайсизки, сиз қул қилган бу жаннатмакон
хазинадан ўзга нарса эмасдир мутлоқ!..
Ўйлайсизки, бунда улуғ руҳу арвоҳлар
ялмоғизлар ҳақидага кўҳна эртакдир.
Ўйлайсизки, сизлар бузган мозористонлар –
анчайин бир жасадларнинг маконатидир!
Ўйлайсизки, Амир Темур туғилмас қайтиб,
Аллоҳ уни ер юзига юбормагайдир!..
Ўйлайсизки, на Ғаззолий, на Замаҳшарий, 
на Ҳалложу на Аттору на Шамс Табризий,
 
на Мавлоно Жалолиддин Румий, на Жомий,
 
на Навоий, на…
 
бутун Шарқ сафсатадир!..
 
Сиз жонорол жаноблари, унутмангизки,
 
Мусулмонлик – тўғриликдир,
мусулмон ҳақдир!
 
Филҳақиқат, Императўр ҳазратлариға
 
мурдорона мактубингиз битар экансиз,
 
ўйлайсизки, карвон-карвон ўғирланган мулк –
 
мозорларнинг тошидан то устухонгача,
 
қўлёзмаю девоналардан то Қуръонгача,
 
жонимиздан, қонимиздан тузу нонгача
Петербургга ташилганин ҳеч ким билмайди!..
 
Сиз жонорол ҳазратларин огоҳ қиламан:
 
Аллоҳ ҳаққи ва ул зотнинг Каломи ҳаққи,
 
Ҳаққу Жиҳод майдонида Эшон Бўрихон
 
жумла ғози бандалардек мен-да ғозиман,
 
жумла шаҳид бандалардек мен-да
 
шаҳидман!..
 
Аллоҳу Акбар!..

1875 мелодий йил

Манба: www.facebook.com