O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳўқанд тарихи ва адабиёти (4)

Ҳўқанд тарихи ва адабиёти (4)
114 views
13 July 2013 - 9:33

МАШРАБИ СОНИЙ (Иккинчи МАШРАБ)

            Бу киши қачон ўлгани тўғрисида маълумотимиз бўлмади. Ҳар ҳолда XVIII аср Шоирларидан экани англашилади. Асли исми Рўзибой Ҳофиз экани 2та кўзи ҳам кўр бўлгани бир шеъридан маълум бўлади. Қори Файзулло Воиз бул кишининг Қарши шаҳридан деб айтганлари ёдимдадур.

Бул кишининг “Мабдаъи нур” номида тасаввуфга доир бир аҳлоқ китоби бор. Бу китоб бир неча марталаб тошбосмада босилиб чиқиб сотилган. Ҳар ҳовлида юрар эди.KOKAND

Бу киши Мавлоно Жалолиддин Румий машҳур “Маснавий”сининг (форсча ёзилган аҳлоқ китоби) бошидан 18 бетга ўзбекча шарҳ боғлаб шунга, яъни мавлави Румийнинг сўзининг қувватлаб бир неча ҳикояларни мисол қилиб келтиради. Охирди ўз фикрини қўшиб бир ғазал айтади. Ниҳоят ёпиштириб на шу маснавийдан мисол келтириб мана шунинг учун мавлавий шундай деган эид, деб уқтириб ўтади.

Бундан ташқари бу кишининг бир куллиёт девони ҳам бор. Банда Машраб деб тахаллус қўяди. Ҳофиз Рўзибой ғазалларидан бирида шундай нарсани ёзади.

Зоҳир отим Рўзибой ва Мавлавий ўғлим деган

Машраби соний талаб бўлманг мени олдимга кел.

 

Машҳур шарқшунос Наливкин ўз китобида бу кишининг “Мабдаъи  нур” номли асарини Машраб Намангонийга нисбат бериб, хато қилади. Бу  (133 с.) киши ҳақиқатда тасаввуф Шоиридир. Машраб Ҳофиз Рўзибойнинг

Хаста дил аҳли маънилар фано бўлди дариғ

Ҳосили ғам … жабру жаво бўлди дариғ.

деб бошлаган байтлик мухаммасида аввал Ёрмуҳаммад қори деган бир шайхда тарбия олганининг, ул кўп олим ва Шоир ҳам аъмо эканининг кўрсатади. Ул вафот этгач, кейин Лаҳбеддан кўчиб Қаршига келган.

Абдураҳмон Маҳдум ибн Халифа Сиддиқни тарбиясида бўлганининг ул киши бўлса 1260нчи йилда ҳижрийда (1844 й.) вафот этганининг қайғуриб ёзиб афсусланади.

Сомеъи соҳиб сатир Машрабдур Ҳофиз Рўзибой

Ҳоли онлар ўрнига девонабойу тийра рой

Куфр этиб рўза етиб соҳиб дуо бўлди дариғ

деб тугатади.

Демак, Ҳофиз Рўзибой 1260/1844 йилларда тирик бўлгани кўринадир.

*    *    *

(120 с.)  Шоир ва адиб БОБУР

Бу киши Фарғонали бўлуб, номи Бобурмирзо, лақаби Заҳириддин бўлуб, Андижон томонда туғилди. Отаси Мирзо Умаршайх бўлиб, Султон Абусаид Мирзо Муҳаммад бин Мироншоҳ ибн Амир Темур Кўрагона боради.

Бобур мирзо 888нчи ҳижрийда (мелодий 1483й.) туғилган. Отасидан кейин 11 йил уруш – талош билан ўтказди. Охири ўзбекларга Самарқандни топширишга мажбур бўлди. Бундан кетиб Афғонистоннинг олишга муваффақ бўлди. Бундан жанубга қадар юриб Иброҳим Лўдий номли кишидан 932нчи йил ҳижрийда (мелодий 925-26) Шимолий Ҳиндистоннинг маркази бўлган Деҳли шаҳарини қўлига олди. Ҳиндистонда Темурийлар давлатини таъсис этди.

Бобур  мирзо ҳаммаси бўлиб 38 йил подшоҳ бўлиб, 49 ёшида вафот этди. Қабри Қобил шаҳаридадур. (Ҳиндистонда Темурийлар қурган бу давлат 1264нчи /мелодий 1847-48/ йилгача, яъни 332 йил давом этди).

Заҳиридин Бобур олим, адиб ва Шоир эди.  “Бобурнома” исминда тарихга доир муҳим бир асари ва “Куллиёти Бобурий” номида шеърлар тўплами бордур. (“Қомуси илмий ва фанний” 549-бет.).

 

ЗАҲИРИДДИН БОБУРНИНГ шеърларидан намуналар

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим

Кўнглимдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

Жонимдек ўзга жони дилафгор кўрмадим,

Кўнглим киби кўнглимни гирифтор топмадим.

 

Усрук кўзингга токи кўнгил бўлди мубтало

Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.

 

Ночор фирқати била ҳуй қилмишам, нетай,

Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.

 

Бори борай эшикига бу навбат, эй кўнгил

Нечаки бориб эшикига бориб бор топмадим.

 

Бобур, ўзингни ўргата кўр ёрсизки, мен-

Истаб жақонни мунча кезиб ёр топмадим.

 

*    *    *

(119 с.)  Ёз бўлдию бўлди яна жаннат каби ёзи

Хуш ул кишиким, айш ила ўтган қишу ёзи.

 

Дуторнинг уни айшу фароғатни берур ёд

Мутрибга қулоқ бер нима дер нағмаи сози

 

Чун қмблаи эрур ёр қилай қошида сажда

Носеҳ сўзини найлай ул эрмас бу намозе

 

Бу телба бу мадхуш дилу жонига хушдур

Гоҳ қаҳру итоб бирла гоҳ ишваи нози.

 

Тут муътанам ул борни Бобурки жаҳонда

Маҳмуд ким эрдию ани ким эрди Аёзи.

 

*    *    *

            Ким кўрар хуршидни ул моҳи сиймо бўлмаса,

Ким сўрар шаккарки ул лаъли шаккарҳо бўлмаса.

 

Гул тикандур кўзларимга ул юзи гулдин йироқ

Сарв ўқдур бағрима ул сарви боло бўлмаса.

 

Жаннат ул, маъвони эй зоҳид, нетай мен зорким,

Истарам куйидин ўзга менга маъво бўлмаса.

 

Тегмагил девона кўнглим ки, расво бўлма деб

Ошиқ ўлғайму эди, ул телба расво бўлмаса.

 

Гар бошингни кессалар ишқида эй Бобур сенинг

Ёрдин кўнглинг керакким, ўзга қатъо бўлмаса.

 

*    *    *

            Хатинг била юзунгу кокулинг сенда эй хон

Бири бинафша, бири ёсуман, бири райҳон.

 

Такаллум айларида тилию тишию лаби

Бири ақиқу бири инжую бири маржон.

 

Кўнгулни зору мени хору танни тор этган

Бири жафоу бири ғурбату бири ҳижрон.

 

Тану кўнгул била кўз васлу нозу ҳусничун

Бири харобу бири волау бири ҳайрон.

 

Тамом умрида Бобурга уч сўз айтубдур:

Бири сўкинчу бири қаттиғу бири ялғон.

 

*    *    *

(18 с.) Шоир ФАРОҒИЙ

Бу кишининг номи Махдумқули бўлиб Давлатмуҳаммад шоир Озодийнинг ўғлидур. Туркман миллатидан чиққан буюк шоирдур. Айрим Vдевони бор бўлиб, русчага ҳам таржима қилингандур.

Чоржўй вилоятинда унча шуҳратли бўлмаган бир шаҳарчада туғилди. Отасининг 3 та ўғли бор эди. 1738нчи йилда туғилди. Вафот этган вақт 60 ёшларинда эди, ё 59 ёшинда деб гумон билан кўрсатилади. 1782нчи йилга тўғри келади. Ҳоирнинг қайда вафот этгани маълум эмас. Абдулла номида бир акаси, Залилий номида бир шоир жияни бор экани кўрсатилади. (Гумонимизча бу Залилий бошқа бўлиб Қорахонийлар даврида ўтган Залилий бўлмаса керак).

*    *    *

(113 с.) Шоир ЗАЛИЛИЙ I[1]

Бу шоир Қорахонийларнинг Шарқий Туркистондан то Бухорога истило қилган ва ривожланган давридаги Шоирларидан машҳур Султон Сатуқ Буғрохоннинг даврида унинг шоири ўтганлиги шеърларидан баъзи шеърларидан билиниб туради.

Услуб томонидан тили жуда содда, киноя ва ўхшатиш, сифатлашлари билан форсий шоирлардан намуна олганлиги кўринади. Шеърлари хушоҳангдир. Эски турк-чиғатой луғатларини ишлатади. Услубнинг равонлиги билан Ўрта Осиёдаги Шоирларнинг ўзидан кейин бўлган феодализм даври ҳам мустамлака даврида бўлган шоирлар бунга эргашиб кўп ғазалларини мухаммас қилганликлари маълумдур.

Қачон ва қайда туғилиб, қайда вафот топганлиги тҳўғрисида кўп ҳаракат қилсакда бу нарсага эга бўла олмади. Замонамизнинг машҳур адибларидан сўраш билан ҳам бир жавобга эга бўла олмадик ва куллиёт, девонига ҳам кўзимиз тушади.

Кўп қўлёзма ва баёзларда бу Шоирнинг шеърларидан интихоб қилиб ёзилган, кўтарилган парчаларга учраймиз. Ниҳоят эски вақтда ёзилган бир авроқи паришон қўлимизга тушди. Бунда фақат Залилий девонининг мўъжаз бўлаги бўлиб 5-6 шеърлар ҳаммаси … бир радифли ғазаллардир. Бундан англашиладики, Фарғона вилоятининг кўп ҳолларда, хусусан Хўқандий Залилийнинг девона бўлганлиги исбот этилади.

Хониш қилиб шеър ўқувчи ҳофизлар оғзидан ва ҳатто шайхлар хонақоҳида зикрда талқин этилиб бунинг шеърлари айтилади. Бу шеър Навоийдан олдин ўтган бўлсада, «Мажолис-ун-нафоис»да, «Туҳфат-ул-асҳоб» ва бошқа шуларга ўхшаган мажмуаларда ҳам бу киши тўғрисида бир нарса кўролмадик. Қўлимизда бўлган озгина шеър парчалардан шуни кўрсатаоламизки, бу киши Ўрта Осиё шаҳарларидан бирида ўтганлиги, Султон Сутуқ Буғрохонга ҳамаср бўлиб, унинг билан (112 с.) бирга Шарқда Туркистонда бўлганлиги, ундаги мозорларни зиёрат этгани Чин ҳудудигача боргани тўғрисида Шоир шундай дейди:

Келди Залилий телба тавф этгани имомин

Сарҳадли Чин-Мочин доруломон эмасму

деб ўз султонининг одил киши эканини махтаб фахрланади. Хутан саҳросидан нарида бўлган имомлар яъни пайғамбар авлодларидан бўлган кишиларнинг мозорини зиёрат этганлигининг билдиради.

Яна бир ғазалида ул:

Йиқилди деб Залилийнинг едув шод ўлмагил ҳаргиз

Мададкорим мени Султон Сутуқи Буғрахоним бор

деб Буғрохонга қаттиқ ифтихор билан таянади.

Туркистон Чинида, яъни олти шаҳрда бир юз йиллардан ортиқ давом этган Қорахонийлар ҳукумати вақтида халқ тинч ва осойишта яшаган ва исломият шул томонлардан тараққий этган. Илму адабиёт анчагина кучайган эди. Ўғуз турклари авлодидан бқлган Қорахоннинг қариндоши Султон Сутун Буғро (Асли Буғро бўлиб теванинг боласи демакдир). (Ўзбекларда Норбута деган номалра бўлади).

Унинг ҳукумати ғарбга қараб Бухорога қадар кенгайтирилган эди. Ўзи Шоирлар ва адиблар дўсти бўлган. Ниҳоят ҳижрий билан 389 нчи йилда (998-999) хитойлар билан бўлган урушда шаҳид бўлган. Бунинг авлодларидан набиралари вақтинда ҳам мамлакат яхши ҳолда борган вақт 51 йиллик муддат бўлиб 440нчи ҳижрий/ мелодий 1049-1049 йилда Самарқанд ҳокими Умодуд давлатининг қўлига ўтди.

Шоир Залилий мана шу даврнинг фарзанди эди…

 

ЗАЛИЛИЙНИНГ ғазалларидан намуналар

            Вужудим хирманидин хосили парвонадур пайдо

Вале ул доядин оламда юз афсоналардур пайдо.

 

Чироғи манзили озодаларни бисмил этманглар

Ба вақти субҳи содиқ мотами парвонадур пайдо.

 

Бугун хурони жаннат ҳужжатига илтифотим йўқ.

Бади жоним ичинда жилваи монандур пайдо.

 

Вале ислом аҳлининг ноласи авжига етмайдур,

Бараҳман бош кўтарди куфридин бутхонадур пайдо.

 

(111 с.)           Қади шамшоди узра ғамларни ул паризоди

Ки андин турраи сузни ёзарга шонадур пайдо.

 

Менинг овора кўнглум заҳмини доғин жунун дерлар,

Бу саҳронин юзинда лоладин паймонадур пайдо.

 

Не ҳожат нолаи най ё рубоби барбути қонун

Суруди арғувондин сузиши девонадур пайдо.

 

Жаҳон майхонасининг майфуруши бодани нетсун

Залилий мисраидин нашъаи мастонадур пайдо.

 

*    *    *

                        Кўнгулни қон этар чун лола доғ оҳиста-оҳиста

На равшан айлагай уйни чироғ оҳиста-оҳиста.

 

Гаҳи гулгун, гаҳи зангор, соҳинам сабза пуш айлар

Баҳор айёми гулни оре боғ оҳиста-оҳиста.

 

Саҳар маҳрам саройи дилбаримга ёширин бордим

Киши қивғайми деб қўйдим қадам оҳиста-оҳиста.

Қаро юзли рақибнинг тошидин болу парим синди

Йироғдин қичқирарди мисли зоғ оҳиста-оҳиста.

 

Димоғ ошифталикдин сайри саҳро келтурар бўлғай

Залилий телба, яъни бедумоғ оҳиста-оҳиста.

 

*    *    *

                        Дуо етку сабо, ёримга  сан албатта-албатта

Саҳар сайр айласам суйи чаман оҳиста-оҳиста.

 

Шаҳиди Карбалойи ишқддурман доғ эллингдин

Чу лола япроғидин қатли кафан оҳиста-оҳиста.

 

Кўзим ёши гоҳи гулгун бўлиб гаҳ қирмизи бўлмиш

Тамошо айласун ул сиймтан албатта-албатта.

 

(109 с.)           Хитой саҳросидин сунбулни ҳаргиз бирга келтурманг

Юборгил оҳуйи мушки Хутан албатта-албатта.

 

Паришон кўнгул ўлдим кокили торидин айрилгач

Димоғ ошифта бқлди беватан албатта-албатта.

 

Баҳори оразин топди тароват эмди хат чиқсун

Ба ранги арғувони ёсуман албатта-албатта.

 

Залилийга шафоат айлагай деб кўп умидим бор

Кулоҳи ҳирқаи Вайсул Қаран албатта-албатта

 

*     *     *

            “Бўл” радифли бу мухаммас 2нчи Залилийдан экани англашилади. Бу иккинчи Залилий туркман Шоири Маҳдумқулининг жияни бўлуб, Хоразм томонларида ўтгандур. 1844нчи йилда вафот этган.

 

Хоҳ дайр ичра ҳамиша соҳиби зиннор бўл

Хоҳ масжидда имому воизи гуфтор бўл

Ҳар на бўлсанг бўл валекин марди беозор бўл

Эй кўнгул дунёни тарк айлаб гадои ёр бўл

Кий кулоҳи хушачини қаландарвор бўл.

 

Ишқдин топди баҳори боғ жони ошиқон

Водийи жўши бало бўлди макони ошиқон

Гар муяссар бўлса бу давлат гарони ошиқон

Панди Румийга амал қил нуқрадин беозор бўл

Оламу одам зуҳур этгаймуди сан бўлмасанг.

Гавҳари ганжи маонийларга маҳзан бўлмасанг

Қўй қадам, мардона бўл водийга раҳзан бўлмасанг

Воқифи аҳвол, ҳолу қол чилтон бўлмасанг

Ҳаммайида ҳойу ҳуй гуноази даввор бўл.

 

(108 с.)        Маҳрам эрмишдур нигорим суҳбатингга жону тан

Сад ҳазор одам кийибдурлар бу даъводин кафен

Гар мусофирсан муғул иқлимида ё беватан

Тавф қилғандин кейин қабри шаҳидони хутан

Эътиқод айлаб ғуломи жаъфари тайёр бўл.

 

Беҳабарсен кийрдор айёми, эй аҳли жунун

Печатоби зулфиёр айёми, эй аҳли жунун

Бодаи ихсога хуммор айёми,          эй аҳли жунун

Қирмизи лаблик санамнинг ёдида гуфтор бўл.

 

Тутмагил доим бу оламни ўзингчун хор танг

Сулҳ қилғил, қилмақил ҳафтоду ду миллатга жанг

То гулистони кўнгулдин андаги ойқолса занг

Кишти Сирдарё ичинда сабр қил мисли наҳанг

Учраса тоғи баланд бас кабки хушрафтор бўл.

 

Умрлар ошифтаи ул зулфи сунбул бўлғуча

Ё таноби тори кокил бўйнига гул бўлғуча

Беҳуда боғи чаман саҳнида булбул  бўлғуча

Қумрийи шоҳи дарахти гулшани гул бўлғуча

Меҳнату дарду аламнинг аҳлига сардор бўл.

 

Сайри саҳро айлагил доим қулоҳи истасанг

Чун фатила сочлари туғдир гувоҳи истасанг

Бурё устида ўлтур тахти шоҳи истасанг

Эй Залилий партавий нури шифоҳи истасанг

Хонадони Хазрати шоҳ Қосими Анвор бўл.

 

(107 с.)                         Залилий мухаммаслари

Тубандаги шеърлар Қорахонийлар даврининг шоири 1нчи Залилийдандур.

Гоҳ Арабдин фитнаи шуҳи Ажам келтурмишам

Ҳар тарафдин соғари дарду алам келтурмишам

Сар тиёзи матлаъи туғрои ғам келтурмишам

То муҳити ишқдин бир қатра нам келтурмишам

Ҳавзи кавсар ёдини кўнглимга кам келтурмишам.

 

Суврати жисмониятни сумиъот айлай бугун

Тиғи буърақ сори лот у манот айлай бугун

Нафси кофур бут эрур топсам ғарот айлай бугун

Дурдвори садри бадри коинот айлай бугун

Аждаҳойи ўтлуғ оҳимдин алам келтурмишам.

 

Эй кўнгул, умр ўтди бир ёреға сен ёр ўлмадинг

Ҳалқаи занжири зулфига гирифтор ўлмадинг

Ғунчалар очилди, гуллар кулди бедор ўлмадинг

Ўтди бир пайваста обру сан хабардор ўлмадинг

Мисраи шухийни гуёким баҳам келтурмишам.

 

*      *      *

                        Андалиби чорбоғи иулки Туркистон жудо

Қумрийи шоҳи жинону ар ари бўстон жудо

Кабк мисли чўғздек айлаб дили вайрон жудо

Марҳабо Султон Сутуҳи Бўғрохоним марҳабо

Машҳадингни Маккаи мулки Ажам дерлар раво.

 

Суннати пайғамбара охирзамон аълом этиб

Кофири саҳронишинлар кундузини шом этиб

Тиғи оламгир ила олам элини ром этиб

Қошғарни сайқали бинаи ислом этиб

Ҳайбатингдин Чину Мочин ҳаддига солдинг нидо

 

(106 с.)        Фатҳ  қилдинг лашкари бисёр ила, эй Буғрохон

Дулдулингни симнидин дарёдек оқди анда қон

Авлиёларни қаторида сени айлай баён

Бораколлоҳ тийраи куффорни дафъ айлабон

Дину маҳзабнинг чироғига берибдурсан зиё.

 

Ўтлуғ оҳимдин чиқарған сийнаи офкордин

Гул жафосидин чиқиб гулшан ичинда ҳордин

Собити сайёра янглиғ кўзларим бедордин

Поймоли ғам бўлиб қолғон Залилий хордин

Садҳазорон бандлик еткур агар эссанг сабо.

 

Юзунгни кўрмагач, эй гул узорим юз фиғоним сор

Жаҳон боғида истарман сени то танда жоним бор

Жунун мактубининг мазмунидин тақрир эталмайман

Эшитган халқ кўрган шуълаи тиғи забоним бор

Жунун шаҳри саройи оқибат вайрона бўлмасму.

 

Кўзим ёши чу дарё ҳар тараф оби равоним бор

Кўнгулни пойи тахти шоҳ дермен айб қилманглар

Вужудим шаҳрида лашкаркаши соҳибқироним бор

Йиқилди деб Залилийни адув шод улмагил ҳаргиз

Мададкорим менинг Султон Сутуқи Буғрохоним бор.

 

*       *       *

                        Менинг жоним олиб ул дилрабо жонона бўлғайму

Кўзим ёши ғамингни қушлариға дона бўлғайму.

 

Саломат сарҳадидин кучай ошиқға бермаслар,

Хатар кўп десаларда тоқати девона бўлғайму.

 

Шароби арғувони шишаи гулгунга тулдирмиш

Мени шодом этарга соқийи мастона бўлғайму

 

Саҳар базм ичра ҳуснинг шамъ янглиғ партав офшондур

Кўнгул парвоз этай дер шухийи парвона бўлғайму.

 

Таним ҳамвор ўлуб дилбар қуйининг тупроғи бўлди,

Бошим фарши ҳарамда хуми ҳар майхона бўлғайму.

 

Жавоҳирхонаи ганли маоний топмадим оҳ

Кўзум туфони бирда хотирим вайрона бўлғайму.

 

*        *        *

                        Кирди карашма бирла мажлис ичига ёре

Рухсори хирмани гул гуёки навбаҳори.

 

Яйик тарик айлаб қилгач назар Сулаймон

Қушлар ичинда ҳудҳуд гуёки тождори.

 

Ғафлат шаробига сиз зинҳор ғарқ  бўлманг

Бундоғ насихат этди бир мард хушёри.

Чин аҳлидин буродар, оби таровот истар

Мочинда ким кўрубдур покиза рўзгори.

 

Гоҳки абаҳ тавори этарман гоҳи шаробхона

Илгимдадур хуморим йўқ менда ихтиёри.

 

Гаҳ нечаи ғазални эл мағзсўз билурлар,

Мўминга сўз кўринур кофирга зулфиқори.

Соқий, Залилий келди бир коса тўлдуруб бер

Майхонанинг тополмай ул эртадим хумори.

 

***

                        Агарчи булбулам ҳартомонда боғим бор

Ғамингда лола сифатлик юракда доғим бор.

 

Фироқ кечалари курги ўтлуғ оҳим бор

Саҳар ситорасидек бўл ажаб чироғим бор

 

Бошинг кетар демагил қурқитиб мени зоҳид

Муҳаббат аҳлларин излагум то аёғим бор.

 

Тажаллийи ишқ ҳақиқийси текса расвога

Чопарга лашкари шайтон бир япроғим бор.

 

Агарчи ишқи ҳақиқий дилимга жуш урса

Жунунни шуъласидин …      қароғим бор

 

Мусофирони хўтандин дуо тиларман

Алам йўлига йўландим на тевау улоғим бор.

 

Залилий ҳеч ҳазина назарга келмайдур

Жавоҳири йўқотибмен ани бўроғим бор

 

*          *          *

Мухаммаси Залилий

                        Сафои ботин айлаб ҳар нафасда тоза бўлғайсен

Маоний шоҳидига боиси ҳамеиза бўлғайсен

Гадои ошнои ҳар дарду дарвоза бўлғайсен

Вужуд иқлимидин ҳақ соҳиби овоза бўлғайсен

Садафдин чиқмағунча қадр о топмайдур гуҳар танҳо.

 

Юзунгни субҳ дерлар билмайин Машриқдаги ойдур

Зиёдин шабнами гулшан канбт оламга сочмайдур

На боисдур юзумга дилрабо ишбакни очмайдур

Залилийдин паризоди кабутар ҳайли қочмайдур

Ки ваҳший ром ўлубдур чеккач ул хуни жигар танҳо.

 

Мажозий шоҳлар дарвозасин ястонмағил зинҳор

Кириб ғори фанога етгилу уйғонмағил   зинҳор

Жафо етган билар марди худодин тонмағил зинҳор

Бало дашти агарчи пур хатардур ёнмағил зинҳор

Қадам мардона қўй бу водийға чу шери нар танҳо

 

Агарчи тифл тоши бошим узра сангсоримдур

Вале пинҳон олурға эл кўзидин куҳсоримдур

Саропо устихоним тахта банди чуби доимдур

Танимда доғлар ишқи жунундин лолазоримдур

Саводи чашми оҳу шуълалар тиғи забонимдур.

 

***

                        Тилайдурмен имомони Хўтандин рухсати доим

Тавофи ҳазрати Султон Сутуқи Буғрохон қилмоқ.

 

*       *        *

                        Кимки айрилди тириклик мавсимида ёридин,

Заъфарон ерга тўкилгай ҳар замон рухсоридин.

 

Бўфи зулфунгдин ба жуз девоналик хосил эмас

Келтуриб бўйнимга боғланглар жунун туморидин.

 

Қадр тоғи маърифат билмасмукунлар зуҳд эли

Хотири хушдур ва лекин жуббау дасторидин.

 

Боғ аро шафтолу узмоғлиқга кирдим, бўлмади

Боғбон мен нотовон кўргилки, ўлдум норидин.

 

Дарди сар берди Залилий телбага савдои ишқ

Сен вале хуш бўй келтургилки ишқ атторидин.

 

*       *        *

                        Гул очилур чаман-чаман боғ ичида баҳор ўтар

Уйқуни кўзга қил ҳаром айни саҳарда ёр ўтар.

 

Борди куйинг сори кўнгул ҳар нафасида беқарор

Энди юзин кўралмайин тобакай интизор ўтар.

 

Беадабики тан ила қилса агар сузумга рад

Тиғи забон агар кўрунг чун дами зулфиқор ўтар.

 

Дер ичга қўй қадам маст майи муғона бўл

Ҳизр суйини истама топгунча рўзгор ўтар.

 

Доғли юзинг қонатмағил телба Залилий сен бугун

Жоми жунун тўяр учун косаи лолавор ўтар

Пўлатжон ҚОЮМОВ


[1] Залилий шахсиятини аниқлашда муаллиф бу ўринда баъзи ноаниқликларга йўл қўйган. Бу ўринда ва кейинги келтирилган жаъми Залилий шеърлари аслида XVII асрга мансуб Шайх Залилий Кошғарийдир. Бу ҳақда ушбу сатрлар муаллифннинг махсус мақоласи мавжуд (қаранг: О. Жўрабоев. Залилий шеърлари ўзбек адабиётшунослари ва шоирлари нигоҳида// Адабиёт кўзгуси. №10. 2008. 53-64-бетлар.) – Масъул муҳаррир.