O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдулҳамид Исмоил ҳақида

Абдулҳамид Исмоил ҳақида
220 views
22 March 2017 - 10:00

(қисқа сўз)

70-йилларда Совет Адабиётида «Двуязичия» деган термин бор эди. Бу термин гўё икки тилда ёзган ёзувчиларни ифодалаши керак эди. Масалан, миллати рус бўлмаган, аммо рус тилида ижод қилган ёзувчиларни шу «икки тилли» ёзувчилар тоифасига киритишарди. Аммо рус тилида ёзган ёзувчиларнинг ҳеч бири бошқа тилда ёзмас эди. На Айтматов, на Ўлжас Сулаймон ва на-да Фозил Искандар – ҳеч бири рус тилидан бошқа бир тилда ёзмаган, аммо «икки тилли» адабиёт вакили сифатида тилга олинганлар.

Лекин 80-йиллар бошида икки тилда ёзадиганлар пайдо бўлди. Ўзбек ёзувчиси ва шоири АбдулҲамид Исмоил икки тилда ёза оладиган балки илк қалам соҳиби. Яна унинг учун «биринчи тил» ёки «иккинчи тил» каби мезонлар йўқ эди.

У ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам мукаммал ёза оларди. (Аслида инсон зотининг ҳофизаси – шуур ости билги сандиғига – туғилишдан бутун тиллар жойлаштирилган, деган гипотезага мен ишонаман. Шу нуқтаи назардан, «она тил» ва «иккинчи тил» тушунчалари бор-йўғи миллиятчи мафкура воситалари сифатида бизга қадрли бўлган. Бугун ҳам Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўз мавқеини муҳофаза қилиши тарафдориман, лекин бу ўзбек тилининг бошқа тиллардан устун бўлгани учун эмас, балки ўзбек тилининг Ўзбекистонда давлат тили бўлиши адолатдан бўлганлиги учун).

АбдулҲамид Исмоилнинг «Постфаустум» асари шу маънода ўрнак бир асардир. У ердаги ҳар бир шеър ёки мансура инсон тилининг нималарга қодир эканини кўрсатадиган манзара ҳосил қилади. Бу саҳифаларни жуда қаттиқ мақташ мумкин, жуда қаттиқ танқид ҳам қилиш мумкин. Бундай танқидга ҳам, мақтовга ҳам соғлом асос бор матнда. Бошқа таҳлил йўқ.

Агар АбдулҲамид Исмоил бугун ҳам бу асарини маъқул кўраётган бўлса албатта, бу ёзувни ёзиш ноқулай, лекин ўйлайманки, у бу асаридан етарли даражада узоқлашган ва шунинг учун ҳам унинг таҳлилига рози бўлган. АбдулҲамиднинг бугунги ёзганлари бу Қайта Қуриш Декадаси маҳсули бўлган «Постфаустум» дан албатта фарқ қилади. Биз унинг сўнгги китобларида (ўзбекчасида ҳам, русчасида ҳам), ўзбекона ва айни пайтда жуда янги бир киноя технологияси билан ишланган услубини кашф қилдик. Битта китобини интернет саҳифасига ҳам қўйдик.

АбдулҲамид характер ўлароқ модерн ўзбек интеллектуали, ўзининг ёзаётганларига шафқат ва айни пайтда киноя билан қарай оладиган, тарбияли бир мунаввар. Ортиқча иддаоли эмас, чунки ҳар қандай иддао у айтишга уринган фикрни хиралаштириши мумкинлигини сезади. Каминага қусур бўлиб кўринган бир хусус АбдулҲамид Исмоилнинг ғарб адабиётида қўлланиладиган «реалистик услуб»ни қўллашга мойиллиги. Масалан, … яхшиси мисол келтирмайин.

Уят нарсалар чунки. Аслида, АбдулҲамид Исмоил бу услубга асло муҳтож эмас, унинг кучли тарафи қарама-қарши тарафда, ўзбекона – бу терминни яхши кўрмасам ҳам қўлладим, ҳозирча бошқасини тополмаяпман – тасвирда. Сўнгги китоби бўлмиш «Ҳай ибн Яқзон» номли китобидаги илк манзара ҳақиқатан классик бир парча! Китоб қаҳрамони болани боғда ари чақиб олгани ва унинг кўзининг «шишиш жараёни»… Бу тасвир ўзбек тилида (насрда) яратилган балки энг бадиий илк ТАСВИР.

АбдулҲамид Исмоил бундан 3 йил аввал бир роман чоп қилган эди. Ўз қишлоғига оид воқеалар тасвири ва жуда ичкин, ниҳоятда сертуйғу бир китоб эди. Фақат яна ўша «реалистик манзаралар» бирдан ўртага чиқиб, кайфиятни ўзгартиргани эсимда.

Агар бир пайтлардаги каби Жойсни «улуғ ёзувчи» деб билганимда эди, АбдулҲамидни кўкка кўтарган бўлардим, аммо бугун ўқувчи сифатида жуда орқада қолдим, Жойсни ортиқ «улуғ» ҳисобламайман, ҳатто нега унинг 70-йилларда бизга бу қадар улуғ кўринганига ҳайрон бўламан. Ва АбдулҲамиднинг ўша романини ўқиб «бу Жойсдан ҳам баттар», десам, укалардан бири бу танқидга бир оз ҳайрон бўлганди.

АбдулҲамид Исмоил ўзбек адабиётида ҳанузгача лойиқ бўлган савияда танилмаган, аммо мутлақо бу адабиётда у лойиқ бўлган ЎРНИ бор ҳақиқий ёзувчи, шоир ва таржимондир. Унинг бирорта асари бугунга қадар таҳлил қилинмади, афсус.

Адабиётчилар нима билан шуғулланаётибди, буни ҳам билмаймиз. Балки ҳақиқий адабиёт билан шуғулланиш таҳликали бўлгани учун бу ишга қўл урмаётгандирлар.

Бунда ҳам мантиқ бор.

(31.12.2001, Осло)

(88)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (256-258-саҳифалар.)

(давоми бор)