O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг, “ўқитувчи”!

Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг, “ўқитувчи”!
277 views
13 May 2014 - 11:59

uzbning vatanparvarlari12 май куни Дунё ўзбеклари сайтида ўзини Зафар Туйчиев деб таништирган Гулистон 2-академик лицейи ўқитувчисининг “Озодлик радиоси бу – иғво ва бўҳтоннинг қутиси ёхуд тинчлигимизни кўролмайдиган ватанфурушларнинг яна бир макри…” номли мақоласи эълон қилинди.

Муаллиф “Озодлик” радиосини ва қолаверса, ҳорижда юриб Ўзбекистондаги режимга қарши фикр билдирадиган барчани халқимиз фаровонлигини ҳамда ривожланишимизни кўролмаётган қора кучлар сифатида айблайди. Бу ҳам етмагандай, режим танқидчиларини қўштирноқ ичидаги юртдошлар деб атаб Ўзбекистонда ҳукм сураётган “тинчлик”нинг ва фаровонликнинг қадрига етишга даъват қилади.

Шуларни ўқиб, муаллиф назаридаги қўштирноқ ичидаги юртдош ва режим танқидчиси сифатида мақолада келтирилган ҳар бир фикрга нисбатан ўз муносабатимни билдиришни лозим деб топдим.

Муаллиф мақоласини қуйидаги сатрлар билан бошлайди:

– Йироқлардан дўндирасиз ёлғонни,
Учирасиз, қўндирасиз бўҳтонни.
Эй, тўнини чаппа кийган жаноблар,
Аввал келинг, кўринг, Ўзбекистонни.

Очиқ кўзингиз кўрмаса биз айбдорми?
Пахтага, хашарга чиқишингиз бўхтонми?
Эй, ўзини ўқитувчи билган, гумроҳ
Ҳақиқат сўйламоққа сизда виждон борми?

– Аввало, шу заминда вояга етаётган эканмиз, шу азиз тупроқ, шу муқаддас Ватан тақдири учун жавобгарлик она юртимизнинг энг тараққий этган мамлакатлар сафига олиб чиқиш масъулияти ҳадемай сиз-у бизнинг зиммамизга ўтади.

Минг бор узр сураб муаллифдан мана шу баландпарвоз жумлаларини изоҳлаб беришини, яъни ким билан маъсулятни ўз зиммаларига олмоқчи эканлигини сўрамоқчи эдим. Муаллиф ўзи яшаётган замин, ўзи ёзаётган Ватан такдирига жавобгар бўлган 8.000.000 маъсулятга эга бўлганлар Россия ва бошқа давлатларда мардикорликда эканини инкор этармикин ёки тан олармикан?

– Ахир ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказаётган Ватанимиз учун сидқидилдан хизмат қилишимиз керак эмасми?!

Мен учун мана шу жумла жуда ҳам қизиқ туйилди. Баъзи бир қишлоқларда инсонлар гўштни таъмини ҳаттоки унитиб юборишшганини наҳотки бу ўқитувчимиз билмасалар? Эй ғофил банда бир кўзингиз очиб орқа олдингизга қараб кўрингчи нимани кўрасиз? Ҳеч кимдан кам қилмай жумласида нималарни назарда тутганингизни тушунтириб бера оласизми? Ён атрофингиздаги қашоқлик ва муҳтожликнинг сабаби ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ёзган фикрларингиздан буларни англашга лаёқатингиз йўқлиги ва бераётган илмингиз эса ҳеч нимага ярамаслиги аён бўлмоқда.

– Ўйлаб кўрайлик. Мамлакатимиз эришаётган барча ютуқларнинг замирида, пойдеворида нима турибди, шубҳасиз, тинчлик.

Айтингчи Ўзбекситон нимага эришган бугунги кунда? Хотин-қизларини бутун дунёга фоҳишалик билан танилганини ютуқ демоқчимисиз? Ёки энг колоқ давлатлар қаторида ҳар доим фахрли жой эгаллаб келаётганини ютуқлар деб ҳисоблаёсизми?

– Мамлакатимизда барча соҳалар жадал тараққий этаётгани эвазига ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бормаяптими, ана шу оддий мантиқнинг ўзиёқ миллий ғоямиз юрт тинчлиги, ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги деган тамойиллар асосида қурилаётганлиги бежиз эмаслигини таъкидлаб турибди.

Ёзингчи бир билайликчи Ўзбекистонда қайси соҳадаги ишлаб чиқаришлар йулга қўйилган ёки ўқитувчи ва шифокорнинг ижтимоий кафолати қанақа? Умр бўйи меҳнат қилиб қарилик нафақасига чиққан қариянинг нафақа пули нимага етади??Ёзинг бир билайликчи қишлоқ аҳолиси бу йил қишдан қандай чиқди? Сиз ёзаётган милий ғоя нима ўзи? Ёки миллий ғоя деганда ўз ер ости ва усти бойлигини сотиб Президент оиласига бахшида қилиб ўзи газ урнига тезак ёқишини тушунасизми?

Ёки халқ фаровонлиги деганингиз чет элларда кимдир мардикорлик қилиб кимдир фоҳишалик қилиб йилига камида Ўзбекистонга 6 миллиард доллар жўнатишими халқнинг фаровонлиги??

– Бугун том маънода Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчликни қадрига етмаётган “юртдошларимиз”нинг ҳолига фақатгина ачиниш мумкин.

Биласизми? мана шу сиз айтаётган тинчлик замонида ўзини мусулмонлик фарзини бажарганлиги учун минглаб ватандошларингиз қамоқларда азоб чекмоқдалар ва ҳар куни ёки кун ора уриб ўлдирилмоқдалар. Булар сиз ёзаётган тинчлик ҳукм сураётган замонми? Шу сўзларни ёзишга Оллохдан қўрқмайсизми? Эртами кечми ҳар бир ҳаракатимиз ва ёлғонимиз учун Олий ҳакам олдида жавобгармизку! Ёки буни сизга алоқаси йўқми?

– Ҳар бир ўзбек фарзанди бугун минг-минг шукроналар айтиб яшаётган пайтда шу замин фарзанди сифатида биз ҳам “Ватаним менга нима берди?” деб эмас, балки “Мен Ватанга нима бердим?” деб яшаш зарурлигини ўзиёқ олтиндан бебаҳо бўлган тинчлигимиз, фаровон ҳаётимиз тақозо этиб турганлигини ҳис қиламиз!!!

Куринишидан пахтазорда баҳордан кузгача юравериб пахта қўйишни ҳам қотириб қўядиган бўлиб қолибсиз. Сиз биласизми? Юз минглаб хотин қизлар оила ва боласини боқиш учун ўз танини сотишга мажбур бўлганда сиз айтаётган шукурлар ўрнига президентга минглаб лаънатлар айтади, ўзбек бўлиб туғилганига пушаймонлар қилади. Сиз ёзаётган олтиндан бебаҳо тинчлик келажак фарзандларга нима бермоқда? Буни ҳам бир ёзиб ўтсангиз ёмон бўлмасди. Ватан олдин ўз фарзандига илм ва баркамол ёшлик бериб, сўнг вояга етганида ундан жавоб тарзида хизмат олиши керак. Бу сиз каби гумроҳларга маълум бўлмасда сиздан бошқа барчага маълум.

– Шу ўринда юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини ҳамда ривожланишимизни кўролмаётган қора кучлар ҳар томонлама бўҳтон ва найрангларни ёғдиришга ҳаракат қилишмоқда.

Қани бир эшитайликчи ким бўҳтон ёки найранглар ёғдирибди? Ёлғон ва найрангни ўйлаб топишга бутун дунёни бир жойга тўпласнгиз ҳам уларнинг жами сиз пахта қўяётган давлат бошлиғига тенг келмайди. Бемаҳал ўлимдан ва ноҳак туҳматдан сақланиш сиз каби гумроҳ учун керак бўлмаса ҳам сиз тарбия бераётган ёш авлод учун керак.

– Хусусан, “Озодлик” радиосини 25 апрелда чиққан сохта ва асоссиз мақоласида Сирдарё ўқитувчиларининг 40 кундан буён дала ишларига мажбурланаётганликлари ёзилган.

Мен бу ерга жавоб ёзиб утирмасдан сизга бир ҳамкасбингизнинг ёзган мақоласини келтириб ўтмокчиман. Унинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги сизга ва виждонингизга ҳавола. Магарки сизда шу виждон жиғилдонга айланмаган бўлса ҳақиқатни ўзингиз тан оласиз.
“Ўқитувчи бўлганимга минг пушаймонман”

– Бу умуман сохта ва асоссиз бўҳтонлигини исботлаш учун биз Сирдарё вилояти ўқитувчилари 28 апрел куни соат 16.15 да “Озодлик” радиоси маъмуриятига қўнғироқ қилдик ва бу фикр сохта ва асоссиз бўҳтон эканлигини айтиб, бу маълумотни қаердан олганлигини, бундан ташқари, бу ҳолат юзасидан қўлида қандай далилий асослар борлигини сўрадик……..

Мен Озодлик радиоси билан бўлган ўзаро тортишувларингизга эса изоҳлар ёзишни ўринли деб ҳисобламайман.

– Шу боис биз жавобсиз ҳақиқатларимизни қоғозга муҳрладик.

Мен хам сизга ўз жавобсиз саволларимни ва билганларимни сизга йўлламоқдаман.

Истаган пайтингизда мулоқотга чиқиб сизнинг ҳар қандай саволингизга ўринли ва далиллар билан жабоб бераман.

– Айтинг-чи, “Озодлик” радиоси мухбирлари (яъни сохта ватандошлар, чунончи, ватанфурушлар) бизни жаннатмакон диёримиз, ҳур ўлкамизга бундай туҳмат ва бўҳтонларни ёғдиришдан қачон тўхтайсизлар?

Шу ўринда мен ҳам сизга бир нечта савол бермокчиман:

Айтингчи качонгача халқини алдаб ҳақини туя қилаётганларни қўллаб-қувватлаб ҳаммани алдаб ўқитувчилик касбига доғ тушириб яшайсиз?

Қачон очиқ кўзингиз замонавий иқтисодий ва сиёсий орқада эканлигимизни кўради ва қалбингиз тан олади?

Бугунги кунда бутун дунё бўйича энг меҳнатсевар ўзбек халқи дунёнинг ҳамма жойида меҳнат муҳожири. Сиз бу аччиқ ҳақиқатни қачон тан оласиз?

Қачонгача ўз гази, олтини, нефти, урани ва пахтаси бўлган Ўзбекистон энг камбағал ва қашшоқ давлатлар қаторида бўлади?

– Жамиятимизда юз бераётган, ҳаттоки, бошқа мамлакатлар тан олиб ўрганаётган иқтисодий, сиёсий, маданий ютуқларимизни қачон тан оласизлар?

Мана шу жумлани ёзаётганингизда виждонингиз заррача ҳам қийналмадими? (агар бор бўлса албатта) Ҳеч бўлмаса озгина бўлса ҳам ҳижолат ҳам бўлмадингизми? Балки биратўласи Оврўпа бизнинг иқтисодиётимиздан ўрнак олмоқда деб ёзсангиз бўлармиди?

Қанақа сиёсий ютуқлар ҳақида гапираяпсиз ўзи? Мамлакатнинг ҳар тарафини миналаштириб қўни-қўшнилар давлатларнинг аҳил яшашларига тўсиқ бўлиб келаётган сиёсат ҳақида гапираяпсизми?

– Ахир сизларнинг ҳам ота-боболарингиз ва аждодларингиз қони тўкилган бу Ҳур ўлкада сизлар ҳам қачон юқорида бизлар айтгандек, “Ватан менга эмас, Мен Ватанга нима бердим” деб яшайсизлар қани айтинглар-чи, қачон!?

Бугун биз Ватанга тинчлик бердик. Сиз пахта қўяётган ҳукумат билан курашмасдан четга чиқиб кетдик ва сиз айтаётган қабиристон тинчлиги таъминланди. Мана биз нима бердик Ватанга. Аммо сиз халққа мен нима бераяпман деб ўзингизга ўзингиз бир савол бериб менинг ёзганларим устида ҳам бир ўйлаб кўринг.

– Инсон борки туғилиб ўсган Ватанини гуллатиш, яшнатиш ишқи билан яшайди.

Бу каби сафсата билан халқни алдаш вақти ўтган. Дискингизни алмаштириб олинг. Сиз тарбия қилаётган маниқуртлар бир кун ҳақиқатни англаб қолсалар нима бўлишини, оқибатини ўйланг.

– Айтинг “Озодлик” радиоси мухбирлари, бундай халқни сафида бўлмаслик, нонкўрлик қилиб арзимаган баҳоналар билан ғанимнинг томонига ўтиб олиш соғлом одамнинг ишими?

Нонкўрлик деб сизнинг қилаётган ҳаракатингизни айтса бўлади аслида. Оқни оқ қорани қора деб айтиш бу “арзимаган баҳона” эмас. Элнинг дарди, халқнинг келажагини ўйлаган соғлом инсон замона билан бирга бўлади.

– Жаҳоннинг қайсидир бир бурчагида содир бўлган воқеани уни бизга алоқаси йўқ, Биз бундан узоқдамиз деган кимса қаттиқ адашади. Ўша жойларда қўлланилган сценарийларни бизни диёримизда ҳам қўллашга чунонан уринаётганлари сир эмас.

Ана холос! Мана шу ерда бир оз адашибсизку!!! Асл мақсадингиз мана шу жумлаларда жойланганлиги кўриниб турибди. Тўғри айтасиз, халқ ўз ҳақини эртами кечими қайси сценария билан бўлмасин талаб қилади. Сизни ва ўша пахта қўяётган ҳукуматингизнинг қўркинчи ҳам шундаки халқ албатта ўз ҳақини талаб қилади.

– “Озодлик” радиоси мухбирлари, сизларни хорижда дайдиб юрган сиёсий сафсатабозларнинг малайлари, дейиш мумкин. Бир нарсани яхшилаб тушуниб олайлик. Бизга ҳеч ким ташқаридан келиб беминнат ёрдам кўрсатиб, бирор нарсага эришишимизга хисса қўшгани йўқ. Ҳаммасига ўз меҳнатимиз билан эришаяпмиз…

Қизиқ, сиз ҳам президентингизга ўхшаб чет элда мардикорлик қилиб пешона тери билан топган пуллари орқали мамлакат иқтисодиётини кўтариб турганларни бир чеккага суриб ҳамма нарсага биз ўз меҳнатимиз туфайли эришмокдамиз демоқчимисиз?

Халқ эртами кечми ўз ҳақини талаб қилади. Сиз ва сизга ўхшаганлар майлайлик қилаётган ҳукумат эртами кечми жавоб берасизлар. ШУНИНГ УЧУН ҲАМ БИЗНИ ВА ОЗОДЛИКНИ АЙБЛАШИНГИЗНИ ҲЕЧ ҚАНДАЙ АҲАМИЯТИ ЙЎҚ.

– Осмонда иккита қуёш пайдо бўлибди-ку, деса “Озодлик” радиоси бу фикрни дарров илиб олади-да, хабар тарқатади. Мазмуни қуйидагича бўлиши аниқ: осмонда иккита қуёш пайдо бўлибди. Биринчисининг ранги сариқ. Ҳар доим чиқадиган қуёш. Иккинчисининг ранги эса қора. Сариқ қуёшнинг ўрнини яқинда қора қуёш эгаллаши мумкин. Бу ёлғон фикрни тингловчилар дастлаб ақлига сиғдиролмайдилар. Бироқ сариқ қуёшнинг ўрнини яқинда қора қуёш эгаллаши мумкин, деган фикрни эшитган тингловчилар қуёшнинг иккиталигига ишона бошлайдилар.

Ҳа гапларингизга шубҳа йўқ! ЎЗ ТВда ва радиода Жаннат яратишга устасизлар, бунга тан бермаслик мумкин эмас. Сиз ёзаётган икки қуёш ҳам биргина Президент атрофидагилар, яъни уюшган жиноятчилар ва дунё диктатор сифатида тан олган И.А.Каримовни олқишлаб пахта қўяётганларгагина нур таратади.

– Энди тасаввур қилинг. “Озодлик” радиоси ўз-ўзидан ёлғон хабарни мазмунини ўзгартириб, шунингдек, унга янада бўрттирувчи маълумотларни қўшиш орқали одамларнинг дунёқарашига таъсир этиш билан фаолиятини давом эттиради.

Ҳа Озодлик сизлар УЗ ТВда яратаётган жанатларингизнинг барчаси қалбаки эканлигини, яъни халққа бундан ҳеч қандай наф йўқлигини, буларнинг барчаси сароб эканлигини кўрсатиб бермоқда. Бу эса сиз ва сизга ўхшаган режим ялоқхўрларига ёқмайди албатта.

– Бу эса сарлавҳамизда қайд этганимиздек, ФИСҚУ ФАСОД, БЎҲТОНЛАР ҚОРА ҚУТИСИ – “ОЗОДЛИК” РАДИОСИДИР, деган фикримизни яна бир бор исботлайди.

Эй ватанфурушлар!

Афсуски сиз кабилар бугун халқимизнинг ҳамма вақт қора кунда яшашини истайсизлар. Ўзингизни ўқитувчи деб энг олий касблар номидан мактублар ёзасизлар. Халқнинг уйғонишидан қўрқасизлар. Шубха йўқки ким ҳақ, ким ноҳақ бу дунёда халқ кўриб турибди, у дунёда эса яратганнинг сўрови бор. Энг олий ҳакам бу Аллоҳ. Биз унинг ажридан умидвормиз, халқимиз ва милатимиз ҳамда динимиз эркинлиги учун курашамиз, ажрини эса Олий хакамдан сураймиз.

– Демак, “Озодлик” радиоси – адолат минбари эмас, оддийгина бўлар-бўлмасга ўкирадиган фитнакорлар, бузғунчиларнинг сафсата ва бўҳтонлардан иборат ҳайқириғи, деб тушунаман!

Биз фитнакор ёки бузғунчилар эмасмиз, аксинча Ватанимиз бойликларини ўғирлаб халқимиз мулкини талон-тарож қилиб фарзандларимиз келажагини абгор қилаётган диктатор ва унинг малайларига қарши курашувчилармиз.

Дўстназар Худойназар