O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Атамбаев Ўзбекистонга қарам бўлмай Ўшни газ билан таъминлай олишини иддао қилди

Атамбаев Ўзбекистонга қарам бўлмай Ўшни газ билан таъминлай олишини иддао қилди
125 views
20 June 2014 - 9:23

gazsiz o`sh19 июнь куни Ўшга борган Қирғизистон президенти Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ таъминотини яна узоқ муддат қайта тикламаслиги мумкинлигига ишора қилди. Атамбаевнинг айтишича, қирғиз ҳукумати Ўзбекистонга қарам бўлмай, Ўшни газ билан таъминлашга қодир.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 19 июнь куни Ўш шаҳрига қилган сафарида маҳаллий аҳоли билан учрашиб, Ўзбекистон газ бермаётгани муносабати билан ўшликларга суюлтирилган газ балонлари давлат ҳисобидан тарқатилишини айтди:

– Мен сизларни эртагаёқ газ бўлади деб суюнтира олмайман. Барчангиз газ нима учун берилмайтганини билиб турибсиз. Баъзида мустақиллик учун чидаш керак. Мен Бишкекда “Газпром” вакиллари билан гаплашганман. Худо хоҳласа, Ўшда яшовчи халқимизга, масалан хусусий уйларда яшаганларнинг ҳар бирига редуктор ва балонларни давлат ҳисобидан олиб берамиз. Кўп қаватли уйда яшаганлар учун, афсуски, иккинчи қаватдан юқорига балон қўёлмас эканмиз. Бунга рухсат йўқ. Уларга иложсиз, электорплита олиб берамиз, давлат ҳисобидан, – деди Алмазбек Атамбаев.

“ҚирғизГазПром” ширкатига аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди. Ҳозир мутахассислар Ўшдаги истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлларини изламоқда. Бироқ “ҚирғизГазПром” ширкатининг “ЎшГаз” бошқармаси раҳбари Маматқалиқ Аматов ўшликларга газ балонлари етказиб бериш учун зарур бўлган маблағ масаласи ҳали ҳал этилмаганини билдирди:

– Суюлтирилган газ билан Ўшни тўла таъминлаш имкони борми ёки йўқми деган масалани ўрганаяпмиз. Бугунги кунда бош директоримиз Кулмурзаев Москвага кетган. Москвадан олиб келинадиган суюлтирилган газ миқдорда ва нархиэкани ҳозирча бизга маълум эмас,– деди Маматқалиқ Аматов.

Ўзбекистон 14 апрелда Ўшга газ беришни тўхтатганидан бери шаҳардаги умумий овқатланиш шаҳобчаларининг аксарияти газ балонларидан фойдаланиб келмоқда. Бироқ бу тадбиркорлар учун қимматга тушмоқда. Масалан, кафе-ресторанлар бунгача табий газ учун бир ойда тахминан 150 доллар ҳақ тўлаган бўлса, газ балон учун қарийб 250 долларгача сарфламоқда. Ўшда 20 литрлик газ балон 600 қирғиз сўми, яъни 12 доллардан сотилмоқда.

– Газ балон кечга бориб тугаб қолади. Кейин қаердан тўлдиришни билмай, ўчоққа ўт ёқамиз. Келган хўррандаларга ҳам газ бўлмагани учун буюртмалар кечроқ тайёрланаяпти, – деди Ўшдаги “Қут ўрдў” кафеси маъмури Муҳиддин Зокиров.

Иқтисодчи тахлилчиларга кўра, бир мавзени газ балон билан таъминлаш ва редукторларни ўрнатиш учун 7 миллион қирғиз сўми, яъни тақрибан 134 минг 615 доллар миқдорида маблағ сарфланади. Суюлтирилган газ транспорт билан ташиб келингани боис, чиқим ҳам ортади.

– Газга бўлган талаб кескин юқорилагани боис, суюқлантирилган газнинг баҳоси ҳам кўтарилади. Буни давлат органлари, монополияга қарши департамент сўзсиз назоратга олиши керак. Акс ҳолда суюлтирилган газга бўлган нархни биз изга сололмай қоламиз, – дейди иқтисодий таҳлилчи Эрлан Камалов.

Ўзбекистон 66 кундан бери Ўшга газ бермаяпти. Қирғизистон ҳукумати Тошкент расмийлари билан ўшга газ таъминотини қайта тиклаш масаласида музокаралар олиб бориш уруниши самарасиз якунланаётганини иддао қилмоқда.

Манба: ozodlik.org