O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

АҚШнинг дунёдаги таъсири зайифлашмоқда (“Nikkei”, Япония)

АҚШнинг дунёдаги таъсири зайифлашмоқда (“Nikkei”, Япония)
154 views
02 January 2015 - 14:30

1

Совуқ уруш тугаганига 25 йил тўлган 2014 йилда дунё тартиботига катта путур етказилди. Россия Украина ҳудуди бўлган Қиримни тортиб олди, Яқин Шарқда эса “Ислом давлати” тузилгани эълон қилинди. Уруш давом этмоқда. АҚШ таъсирининг зайифлашиб бориши ортидан кучлар ҳисобига чегаралар ҳам ўзгариб бормоқда. Суверенитет ва ҳудудий яхлитлик қоидалари таҳдид остида қолди.

“Рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилиш”

Президент Путин айнан мана шу байроқ остида Украина ишларига ҳарбий аралашувни амалга оширди. Февраль ойида руспараст ҳукуматнинг ағдарилиши ортидан рус қўшинлари зудлик билан Қиримга кириб олишди. Натижада “референдум” уюштирилди ва Қирим Россия таркибига қўшиб олинди.

Совуқ урушдан сўнг ҳам давлат чегаралари ўзгарганди. Масалан, Косова Сербиядан ажралиб чиққанди. Бироқ, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг суверен давлат ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олиш илк маротаба кузатилди. Қирим – бу Косова эмас. Қирим билан боғлиқ ҳолат бизга 1938 йили Чехословакияда яшовчи немисларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида нацистлар Олмонияси томонидан Судет вилоятининг эгаллаб олинишини эсга солади.

Президент Путиннинг ҳаёллари фақат Қирим билан чегараланиб қолмаяпти. У Украина Шарқидаги айирмачиларга ҳарбий кўмак бермоқда. Мазкур ҳудудда Малайзиянинг “Боинг” учоғи ҳам уриб туширилганди.

Россиянинг Украина ва бошқа собиқ совет иттифоқдош республикаларининг Ғарб билан яқинлашувига йўл қўймасликка қаратилган уринишлари йийрик давлатларнинг таъсир доираси ҳақидаги ғояга асослангандир.

Хитой ҳам бу борада жим қолаётгани йўқ. Сенкаку архипелаги ва Жанубий Хитой денгизидаги ўз манфаатларини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда у Филиппин ва Вьетнам билан ўзаро низоли бўлган ҳудудларда базалар ташкил қилиш орқали кескинликни янада оширди. Россия ва Хитойнинг ҳаракатлари 19 асрга ҳос бўлган “куч мантиғи”ни эсга солади.

ИШИД эса 1916 йилги Сайкс-Пико битими асосида ўрнатилган Ироқ ва Сурия ўртасидаги чегараларни ўчириб ташлашга ҳаракат қилмоқда.

Халифалик пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос қолган ерларни бирлаштиришини эълон қилди. Шу мақсадда ИШИД интернет орқали барча мусулмонларни муққаддас уруш – жиҳодга даъват қилмоқда. Буларнинг барчаси моҳиятига кўра уни шу вақтгача мавжуд бўлган барча террорчилик ташкилотларидан ажратиб туради.

Аъзолари сони 30 мингдан ортиқ бўлган “Ислом давлати” жангариларининг ярми қўшни давлатлар ёки бошқа осиё давлатларидан чиққан кўнгиллилардир. Канада парламентида отишма уюштирган террорчи ҳам исломни қабул қилди. ИШИД таҳдиди бутун дунё бўйлаб ёйилмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти парчаланган ҳолда. АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтирди, Оврўпа уни қўллаб-қувватлади. Бироқ энергетика жиҳатдан Россияга қарам бўлган Оврўпа давлатларида бирдамлик етишмайди. Хитой, Ҳиндистон ва Туркия Рооссия билан энергетика ҳамкорлигига алоҳида урғу берганликлари сабабли санкцияларга қўшилишмади.

ИШИДни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар ҳам ҳозирча самарасиздир. АҚШ бомбардимончилари маълум бир натижаларга эришган бўлишларига қарамасдан, қуруқликдаги амалиётларсиз кутилган натижага эришиш мушкулдир. Бундан ташқари, Асад маъмуриятига нисбатан Сурияга қўшни давлатларнинг ёндашуви ҳам турличадир; Саудия Арабистони ва Эрон душман кайфиятида қолмоқда.

АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда демократик партия мағлубиятга учради. Бунинг натижасида конгрессдаги қарама-қаршилик ҳам кучайди. Шу сабабли ҳам дунёда АҚШ таъсирининг кескин пасайиб кетиш хавфи бор.

“Ҳозирда Япония ва Оврўпа АҚШни қўллаб-қувватламоғи лозим”, – дейди оврўпалик дипломатлардан бири. Агар давлатлар асосий қоидалар ва тамойилларни унутган ҳолда фақат ўз манфаатларини ўйлашда давом этадиган бўлса дунё тартиботига янада кўпроқ путур етади.

Эйжи Фурукава (Eiji Furukawa)

Мақоланинг асл нашри – 特集――国境の変更、武力が迫る、米の抑止力低下