O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Бедараклар” лойиҳаси

“Бедараклар” лойиҳаси
137 views
10 April 2017 - 15:09

Агар эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида, исталган ташкилот-идора, оддий бекат-шоҳбекатларда, ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги ва чегара, божхона постларида ҳам “бедарак кетган”, “қочган” дея қидирилаётганларнинг узундан-узун суратлари-рўйхатига беихтиёр кўзингиз тушади.

Уларнинг деярли барчасига асосан бир хил айб, у ҳам бўлса, “диний экстремист”, “террорист” тамғаси босилган. Мабодо, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатдан хабари бўлмаган одам бўлса, “Бутун бир юртни террористлар босиб кетган экан-да, уларнинг сони шу қадар кўпайиб кетибди-да?…” деган ўйга бориши мумкин. Аслида бундан кўзланган мақсад ҳам кишиларда шундай тасаввурни уйғотиш, шакллантиришдир…

Ажабланарлиси шундаки, узоқ хориж юртларини қўя турайлик, ён-атрофимиздаги жон қўшни бўлган давлатларда ҳам бу қадар минглаб сондаги фуқароларга нисбатан қидирув эълон қилинганлигини ёки уларнинг бедарак йўқолганликлари ҳақидаги хабарларни кўрмайсиз. Бу фарқли ҳолдан ҳайрон қолиб, баъзи ҳолларда “Бу экстремист дейдиганлари бу диёрда тоза ин қуриб олган экан-ку”, деб юборишингиз ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги “дараксиз”лар сони-салмоғининг осмон қадар “сапчиган”лиги масаласига диққат ва синчковлик билан боққан кишида ушбу ҳолга нисбатан жиддий шубҳа уйғонса бундай ҳолдан ҳайрон бўлмаслик керак.

Бундан ташқари, худди ўша турнақатор бўлиб осилиб турган суратларга чуқурроқ назар ташласангиз, унда акс этган инсонларнинг расми аксарияти ниҳоятда эскириб-сарғайиб кетган. Расмларга боқиб туриб, уларнинг шу тарзда осилиб турганлигининг ўзига қанчадан-қанча йиллар ўтиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз. Агарда шу шакл-ҳажми жиҳатидан анча катта ва кенг плакатларда қаторлаштирилиб тизиб қўйилган қиёфаларга теранроқ разм солсангиз ҳам уларнинг асл юзи аниқ-тиниқ таниб оладиган даражада ёрқин акс этмаганлигини биласиз. Юзлаган, минглаган чеҳралар ўз ифодасини топган қоғоз-деворий плакатлар қуёш қиздириши натижасида ўчиб, ёмғирда ивиб, латтаси чиқиб кетган.

Ундан бирон нарсани англаш мушкул эканлигини кўриб, “Ахир, ростдан ҳам улар қидирилаётган эканми ёки бунинг замирида бошқа бир гап борми? Қаторлаштирилиб қўйилган шунча шахслар ўзи чиндан ҳам бедарак кетганмикин, ана шундай бўлар-бўлмас йўлларга адашиб кириб кетганлиги бор гапми ёки бундайин ташвиқу-тарғиботдан бошқа бир мақсадлар ҳам кўзланганми?” деган ўй-фикр хаёлингиздан ўтмай қолмайди, албатта.

Ўша расмларнинг ажи-бужилигидан шахснинг юзидаги белгиларни, умуман, кимлигини аниқ таниб-билиб бўлмас экан, унда ушбу суратлар мажмуасини шунча жойларга осиб қўйишнинг қандай муҳим жиҳати ва аҳамияти бўлиши мумкин? Бунчалик ваҳиманинг нима кераги бор? Бу каби тарғиботга зўр берилишидан кимлар кўпроқ манфаатдор?…

Айтилаётган мақсад билан амалиёт бир-бирига мос келмаслиги, ҳаттоки, бир-бирини инкор этаётганлиги ва ундаги палапартиш-чалкашлик, пойинтар-сойинтарликнинг сабаби не? Худди шу ҳолатнинг ўзи бу турдаги тарғиботнинг асл мақсадини фош этиб бўлган, аслида. Лекин унинг ошкор бўлиб қолган томонларидан ҳамма ҳам хабардор, хусусан, оддий халқ ҳам билади, эътибор беради, дейиш қийин.

Одамлар орасига чуқурроқ кириб борсангиз, аҳолида бу борада кўпроқ умумий тасаввур устунроқ ривожланганлигига амин бўласиз. Сабаби оддий: яъни қаерга қараманг, ким билан гаплашманг, худдиким дунёни бугунги кунда ана шундай террорист-экстремистлар босиб кетган-у, шу боис бутун бир инсоният уларга қарши кураш олиб бораётир деган жўн тушунча бор одамларда. Айни сабабдан ҳам худди шу борадаги ташвиқотга мамлакат ичкарисида керагидан ортиқча тус бериб юборилгани бежиз эмас.

Кенг кўламли кампаниявозликка айлантирилган хабарларни матбуот, интернет, оммавий ахборот воситалари орқали кўравериши ортидан ҳам юқорида айтилган жўн фикрга келиб қолган кишилар ҳам талайгина. Аксинча, аҳоли ўзи истиқомат қиладиган маҳалла ёки масжидларда нуқул худди шу мавзудаги маърузаларни тинглайвериб, сийқаси чиққан ваъзлардан безганлариям йўқ эмас. Шунданми, кўпчиликнинг бу каби тарғиботлар замирида нималар ётганлиги билан иши ҳам, муҳокама қилишга вақти ҳам йўқ. Чуқурроқ мулоҳаза юритиб, тагига етай деса, кўп нарсалардан ҳафсаласи ҳам пир бўлган. Кўпчилик қорин ғами билан овора, тирикчилик билан банд. Ўша расмлар осилган плакатларни кўрдими тамом, “Демак, маъруза-нутқларда айтилганидек, уларнинг барчаси ёмон йўлга кириб кетганлар тоифасидандир”, деган тушунча-умумий тасаввур, бир хил дунёқараш шаклланган айримларда. У расмдаги одам кимлиги, юз-кўзи қандайлиги ёки қаерданлиги, ёши, келиб-чиқиши, аслида нима сабаб бўлганлиги оддий инсонларни унчалик ҳам қизиқтирмайди. Аслида эса йиллар давомида атайлабдан миллат ана шундай ишсиз, маошсиз, маърифатсиз, ўз тақдирига ўта ҳафсаласизлик билан боқиш ҳолатига келтирилган. Худди шу сиёсий ғўрлик ва ҳафсаласизлик ҳолатидан фойдаланган хоинлар кейинги вақтларда турли спектакльсифат томошалар уюштираяптилар. Бу усул билан кишилар қалбига қўрқув ҳиссини сингдириш мавжуд режимнинг хос иши, асосий мақсадидир.

Агар чет эллик бирон бир сайёҳ келиб худди шу расмларга разм соладиган бўлса, уларда ҳам ғалати ва нотўғи бир тасаввур пайдо бўлиши турган гап. Аслида ҳам мавжуд ҳолат шундай тасаввурни берадими? Вазият шунчаликка бориб етганмикин? Йўқ албатта.

Ҳақиқий манзара эса бутунлай бошқача. Расм-плакатлар фақат бир сирли кўриниш касб этишга хизмат этмоқда. Бу борадаги муаммони имкон қадар бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Кўзда тутилган бирдан бир мақсад – худди шундай усул билан қўрқув муҳити яратиш ва халқни доимий қўрқувда ушлаб туришни таъминловчи машина ҳаракатининг мунтазамлилигини таъминлашдан иборат. Энг муҳими, бу мавжуд режимнинг, хусусан, миллий хавфсизлик хизматининг манфур ва қабиҳ ниятли амалиётлари фош бўлиб қолишининг олдини олиш борасидаги жиддий бир уринишдир.

Аммо, “Суратдаги шахслар диний-экстремистик фаолияти учун қочиб кетган, шунинг учун қидирув эълон қилинган, уларнинг кўпчилиги бедарак кетган…”лиги билан бевосита боғлиқ сохта ва ёлғон маъумотларни тарқатиш-ёйиш ва уни одамлар онгига сингдириш ниқоби остидаги ҳаракатга қанчалик зўр берилмасин, бу қабиҳ ният остидаги мақсад барибир бир кун рўёбга чиқади. Чунки, касалингни яширганинг билан иситмаси барибир ошкор қилиб қўяверади. Ёлғон-алдовлар орқали халқни, миллатни чалғитишга уриниш билан узоққа бориб бўлмайди. Бу узоқ ва яқин тарихда кўп бор исботланган ҳақиқат.

Бориб-бориб фош этилиши муқаррар бўлган нопок амалларни бир ҳовуч мансабпарастларнинг манфаатига хизмат қилдириш орқали узоқ вақт ўз ҳукмронлигимни сақлаб қоламан ва давом эттираман деб ўйлаш ўта кетган калтабинликдир. Афсуски, миллий хавфсизлик тизими ана шундай жўн ва жуда қўпол, хато йўлдан боришни ўзига эп кўрди. Бу ғаламислик-хоинликни бирон бир киши билмайди, дея хомтама бўлиш ҳам аслида айрим мххчиларнинг хомхаёллиги белгисидир. Атайлаб, онгли равишда қилинаётган “хато”лар ортида қанчадан-қанча мутлақ гуноҳсиз инсонларнинг тақдири чил-чил бўлиб синиб кетаётганлигига доир маълумотлар фош бўлмасдан сирлигича қолиб кетади, деб ўйлаётган бўлсалар, улар қаттиқ адашишади.

Бизга билдирган манбага кўра, “қочиб кетган”, “бедарак йўқолган” дея ичкарида ва ташқарида қидирув эълон қилинганларнинг аксарияти, деярли тўқсон фоизи қип-қизил ёлғон, кўзбўямачилик, чалғитишдан бошқа нарса эмас. Унинг маълум қилишича, айнан шу борадаги йирик бир “ДАСТУР-ЛОЙИҲА”ни ўйлаб топган ҳам унинг асосчиси-муаллифи ҳам Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовдир.

“Дастур” доирасида олиб борилаётган ҳар бир ҳаракат қаттиқ назорат қилинади ва сир сақланади. Барча босқичдаги ишлар шахсан Иноятовнинг ўзига тўғридан-тўғри бўйсунадиган махсус ва махфий гуруҳ томонидан амалга оширилади. Бу гуруҳдагилар мхх тизимидаги бирор бир бошқарма ёки бўлим таркибига ҳам киритилмаган. Улар билан МХХ асосий биносидан бутунлай бошқа бир ерда учрашилади ва ўша жойнинг ўзида тегишли топшириқлар берилади.

Ўта яширин тарзда ҳаракатланадиган ушбу гуруҳ фаолиятидан хабар топган ҳар қандай инсон даҳшатга тушмасдан қолмайди. Чунки, ғирт ёлғон хабар тарқатилиб, “қочиб кетган”, “бедарак йўқолган”, дея қидирилаётганларнинг жуда кўпчилиги мамлакат ичкарисида. Яъни уларнинг кўпчилиги ҳеч бир ёққа қочмаган ҳам, бедарак ҳам кетмаган. Фақат номига жамоатчиликнинг диққат-эътиборини чалғитиш учун махсус расмли кўргазмали қурол-воситалари орқали хабар тарқатиб қўйилади, холос. Токи, аҳоли ушбу тарғибот-ташвиқотдан ўзига тегишли хулосалар ясаб олсинлар дея.

Аслида эса қидирувга берилиб эълон қилинганларнинг кўпчилик қисми МХХнинг махсус қамоқхоналарида сақланади.

Ички ишлар вазирлиги тизимидан ҳам бирор бир кимса у жойларга яқинлаштирилмайди. Негаки, у ердаги айбсиз айбдорларнинг қаерларга олиб кетилаётганлиги, улар асосан қандай ишларга жалб қилинаётганлиги фош бўлиб қоладиган бўлса, ичкаридан ва ташқаридан реакция-босим қаттиқ бўлиб қолиши мумкинлигидан жуда ҳам чўчишади.

“Бедарак”лар орасида шунчаки қидирув эълон қилинганлари ва аксинча, қидирувга берилмаганлари ҳам бор. Бошқа мамлакатларда ишлашга боришни истаганлар орасидан одам танлаб, юрт ташқарисидаги фуқароларни кузатиш, таъқиб этиш учун махсус жосуслар гуруҳи ташкил этиш, айниқса, ёш қизларни “Хориж мамлакатларида иш топиб берамиз” дея алдаб, уларни манфур мақсад сари йўналтирилиш, шу орқали қадим-қадимдан ҳаёси, закоси билан довруғ таратган миллат қизлари-аёлларини бутун дунёга шармандаи шармисор қилиб кўрсатишдек хоинона “лойиҳалар”га хам шахсан Иноятов раҳбарлик қилаётганлигини-ку гапирмай қўя қолайлик ҳозирча.

Чунки, бугунги кунда “бедарак йўқолган” ва ёки “қочиб кетган” деган ёлғон хабар ниқоби остида ҳам қанчадан-қанча одамлар-миллат ёшларининг умрига зомин бўлишаётганлигининг ўзиёқ ҳар қандай одамнинг ақлини шоширади.

Боиси, аслида “бедарак”лар бор: йўқолмаган, бедарак кетмаган, қочмаган. Уларнинг аксарияти мамлакат ичида, асосан Р.Иноятов ва Б. Парпиевнинг ўта махфий ер ости ё ер устида жойлашган яширин, ҳеч қанақа давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган цехларида ишлатилаётганлигини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Энг ёмони ва даҳшатли томони шундаки, замонавий қулликнинг махфий кўринишида сақланаётган, халқдан, ҳатто ўз ўта-оналаридан яширинча ишлатилаётган бу “ишчи”-фуқаролардан террорист ясашга уринилаётганлигидир. Буни энди қандай тушуниш мумкин? Баъзи ҳолларда уларнинг қўл телефонларидан ўз ота-онаси, оиласига “аллақачон турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетган”лигига доир смс маълумотлар юбориш ёки бундай смслар ёзишга йигитларнинг ўзларини мажбурлаш Иноятов раҳнамолигидаги миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг оддий амалиётига айланиб қолган.

МХХчиларининг айнан шу борадаги кирдикорлари бир неча бор фош бўлиб қолганлиги боис фуқароларни қўл телефонидан ўзлари ёлғон смсларни жўнатишга мажбур этган бўлса-да, “Сенларнинг дастингдан шарманда бўлдик”, дея яна уларга нисбатан бошқа бир айблов билан жиноят иши қўзғатиш асносида қаматиб юборилаётганлигига ҳам мисоллар етарли. Хусусан, жиззахлик тадбиркор Арамис Авакян ва унинг шериклари тақдири қандай якунланганлиги билан боғлиқ воқеа фикримизга аниқ далил бўла олади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида бирор қишлоқ-маҳалла, посёлка, туман, шаҳар қолдимики, унда “йўқолмаган”, бедарак кетмаган ёки қочиб кетмаган одам йўқ бўлса? Энг кам деганда икки-учтадан бор. Агар мамлакат бўйлаб неча юзлаб қишлоқ-маҳаллалар борлигини назарда тутадиган бўлсак, “бедараклар” ёки “қочоқ”лар сони неча мингларни ташкил қилишини тасаввур этаверинг.

МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва унинг қудаси – солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг рўйхатдан ўтмаган, қонундан ташқарида бўлган корхоналарида ана шу “бедараклар”нинг кўпчилиги ҳеч бир ҳақсиз-ҳуқуқсиз ва маошсиз эрта-ю кеч қулларча ишлатилади. Лозим бўлса, баъзи тили узунроқларидан сохта “қўлбола бомбалар тайёрловчи, қўпорувчи-террорист” ясалади. Дунёнинг ҳар еридаги рўй бераётган бузғунчиликлар фонида ўзбек миллатини ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш, террорни исломга, хусусан, ўзбек миллатига боғлаш ҳам тажрибада кўп кўзга ташланаётганлиги бор гап. Иноятов раҳнамолигидаги МХХ миллатга эга чиқиш, миллатнинг обрўсини кўтариш, юрт фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари, шаънини ҳимоя қилиш ўрнига бунинг мутлақо акси бўлган фаолиятлар билан шуғулланишаяпти десак, асло муболаға бўлмайди. Айрим “бедарак”ларнинг овозини мутлақо “ўчириш” мақсадида МХХ босси ва солиқчилар боссига тегишли бошқа мамлакатлардаги қўшма корхоналарга олиб кетилади. Агарда ўша узоқ манзиллардаги ишхоналарида ҳам яна “тилларига эрк беришса”, яъни ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошлашса, дарҳол уни “террорист”га айлантириш чорасини кўришади. Зудлик билан ё “ишид”чи ёки “ҳизб”чи ёхуд бошқа бир турдаги “қўпорувчи”га айлантириб қўйишади. Қулларча ишлатишгани етмагандай, миллат болаларидан бошқа бир турдаги “жиноятчи” ясашга ўтилишининг ўзи Иноятов тўдасининг нечоғлик тубанликка ботганлигини яққол кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, “бедарак”ларнинг баъзи бирларидан Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги МХХга қарашли қамоқхонада ҳам турли мақсадларда фойдаланиш йўлга қўйилган. Илгарироқ ўлим жазосига ҳукм этилганлардан ва ўлим жазоси бекор қилингач, бугунги кунда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлардан ҳам ана шундай қабиҳ ва шахсий манфаатлари йўлида махфий равишда фойдаланишмоқда. Иноятов тўдаси ишининг яна бир даҳшатли ва энг қабиҳ томони шундаки, оғир жиноят содир этганлардан жуда катта миқдордаги порасини олиб, асл қотил бир четда қолдириб, озодликка қўйиб юборишиб, унинг ўрнига худди ўша “бедарак”лардан бирини гўё “топилган, ушланган” қилиб кўрсатиб, айбни ўша бечоранинг бўйнига илиб юборишади.

Бу ёқда эса “дараксиз”ларнинг ота-онаси, оиласи, бола-чақаси, қариндош-уруғи зор қақшаб қидириб юраверишади. Фарзандларини қидира-қидира, дарагини тополмай, умиди буткул узилгач, дунёдан армон билан ўтиб кетганлари қанча. Ичкаридаги ота-оналар ўз фарзандларининг “бехосдан” йўқолиб қолганлигига оид хабар ҳақида маҳаллий матбуот, ОАВларига лом-лим дейиша олишмайди. Дейишса ҳам “тили қирқилган” ахборот воситалари бу ҳақдаги маълумотни эълон қилмайди, эълон қила олмайди. Негаки…

Шу нарсани алоҳида таъкидлаш ва эслатиб ўтиш жоизки, Иноятовнинг “БЕДАРАКЛАР” лойиҳаси эндигина иш бошлаган пайтларда хўжакўрсинга ва одамларни чалғитиш (эҳтимолки, миллат ота-оналарини ўз фарзандларининг ногоҳон “йўқолиб” қолиши мумкинлигига руҳан тайёрлаш ва кўниктириш) мақсадида ташкил этилиб ТВда эфирга узатилган, Россия ТВсининг “Жди, меня!”сига айнан ўхшаш ва ўзлаштирилган биргина телекўрсатув ҳам “бедараклар”ни йўқловчилар ва уларнинг топилишига умид билан қараётганлар кўпайиши ортидан шартта тўхтатиб қўйилди. Чунки, “Мени кутгил ва мен қайтарман…” дея яқинларини умидвор термултириш учун ишлаб чиқилмаган эди-да асли Иноятовнинг “Бедараклар” лойиҳаси…

Шундай қилиб, матбуот МХХнинг мутлақ назорати остида. Фақатгина ташқарига чиқиб кетган ота-оналаргина ўз фарзандлари, яқинларининг дараксиз кетганлиги ва уларнинг ҳаёт эканлигига умид билан қараётганликлари ҳақида ОАВ, интернет ижтимоий тармоқларида бонг ура оладилар, холос.

МХХ раҳбари Рустам Иноятовнинг “Бедараклар” махсус дастури айни пайтда ҳам амалда қолмоқда. Иноятов ва тўдасининг бу қадар қабиҳ “Лойиҳа”лари амалда қолар экан, халқнинг шўрига шўрва қайнаб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бундан-да даҳшатли ҳодисаларнинг юзага қалқиб чиқмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ…

Абдуворис Салом