O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бизга ташқи душман керак эмас!

Ўзбекистон ЖКнинг 109-моддаси айни жиноятни жазодан кейин ҳам тағин содир этганларга қўлланилади. Аммо бу талаб на терговчини ва судни қизиқтиради.

Бизга ташқи душман керак эмас!
129 views
27 November 2012 - 12:42

27 ноябрь куни Қарши шаҳри кўпдан бери кутилаётган суд жараёнига старт берилди. Маълумки, Ўзбекистондаги коррупцион режимнинг Қаршидаги ҳамтовоқлари, Қораевлар оиласига тиш қайраган ва турли-туман иғвогарона ҳаракатлар билан уларни бирин-кетин айбдор қилмоқда. Қораевлар эса режимга нисбатан танқидий кўзқарашда бўлганлари учун ҳам бугун жавобгар қилинмоқда.

Маълумки, камина Тўлқин Қораев бу судланаётганларнинг акаси бўламан ва каримовчилар истибдодига қарши бош кўтариш ортидан, бугунги кунларда Швецияда сиёсий қочқин мақомида яшаб келаман. Синглим Гулшан эса Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раисидир ва у айниқса ўз ҳудудидаги оддий ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ёритиб бориши билан режимнинг қора рўйхатига тушди.

Қарангки, бу коррупционерлар мана шу оддий ижтимоий муаммоларнинг ёритилишига ҳам тоқатлари йўқ. Яъни, “бизда ҳамма нарса аъло, Ўзбекистон тараққий этаяпти ва халқимиз ҳукуматдан, доно раҳбар Президентимиздан мингдан-минг рози” қабилидаги хабарлар тарқалишига розилар, холос. Лекин ранг кўр, ҳол сўр деганларидек, мамлакатдаги иқтисодий инқироз асл аҳволни кўрсатиб турибди. Ўзбек ўғлонлари ва қизларининг йирик бир қисми Россияда мардикор бўлса, тағин қанча фуқаролар турли хориж мамлакатларида қочқин. Кўпчилик Ўзбекистонни тарк этишни истайди, аммо 30 миллионга яқинлашиб қолган бу оломонни қайси мамлакат ўз бағрига оларкин?

Қарши шаҳар жиноят ишлари суди Қораевларга нисбатан очилган жиноят ишларини уч босқичда кўриб чиқишга қарор қилган. Биринчи босқичда, яъни бугун 26 ноябрь кунида милициянинг талаби билан жанжал чиқарган Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоевалар иши маъмурий тартибда кўриб чиқилди ва суд Барно Адамбоевага энг кам ойлик иш ҳаққининг икки миқдоридаги жарима билан жазо берди. Бу кўпи билан 50 АҚШ доллари демакдир!

Энди эса Санжар Қораев ва унинг аёли Зилола Пўлатовалар Ўзбекистон ЖКнинг 109 моддасига кўра судда жавоб беришлари керак. Мазкур моддага ва унинг талабига бир назар ташлайлик.

109 модда – қасддан баданга шикаст етказиш. “Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади”.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон ЖК нинг 109 моддаси айни жиноятни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин тағин содир этганларга нисбатан қўлланилади. Аммо кодекснинг бу талаби на терговчини ва судни қизиқтиради. Улар туҳматона тайёрлаган жиноят ишлари қонунга хилоф келганидан ҳам мутлоқ ховтирламаяптилар. Бу эса Ўзбекистонда қонун устиворлиги эмас, балки қонунларнинг пайдар пай ишлатилишини кўрсатаяпти.

Маълумки, на Санжар Қораев ва на унинг оиласи Зилола Пўлатова маъмурий жазога тортилмаган. Нега терговчи ва судялар қонун девори устидан ҳатлаб ўтишди экан? Албатта бу саволга жавоб йўқ! “Биз ўзимиз билганимизнинг қиламиз”, – дейишади Ўзбекистондаги қонун посбонлари. Ҳар неки, буни жамоатчиликга ошкора айтмасаларда, ҳар қалай саслари чиқармай шуни таъкидлашади.

Гулшан Қораевани нима кутаяпди? Унга нисбатан ҳам Ўзбекистон ЖК нинг 139 ва 140 моддаларида кўрсатилинган жиноятни содир этганлиги бўйича жиноят иши очилган. Яъни, илгариги хабарларимиздан маълумки, у айнан ўша тескари қаҳрамонлар, Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоеваларни интернет нашрлари орқалик “фоҳиша” деб атаган. Бунга далил борми? Йўқ, аммо далилга ҳожат ҳам йўқ. Милиция  истаса ҳамма нарса далил бўла олади. Масалан,  Гулшаннинг Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлдари Жамияти веб саҳифасида энлон қилган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишаркин” деб номланган мақоласидаги баъзи жумлалар терговчининг фойдасига ўзгартирилган. Мақолани қуйидаги йўлланма билан ўқиш мумкин:  http://uz.hrsu.org/archives/4102.

“Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир”, – дея айтилган сўз – “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчи фоҳишалардир”, – дея ўзгартирилган. Хўш, нега? Чунки топшириқ шундай! Изла, ўйла, топ ва жазола! Юқоридан буйруқ келдими, терговчиларимиз қонун-понун деб ўтиришмайди.

Гулшан қандай жазо олишини яқин кунлар кўрсатади. Аммо Ўзбекистонимиз нафақат зиммасига олган  халқаро мажбуриятларини, балки ўзининг ички қонунларини ҳам оёқ ости қилиб келаяпти. Ахир Қоравларга нисбатан очилган жиноят ишлари ЖК талабларига ҳам мос келмаяптику. Нега бу иш тўхтатилмайди? Сўнги маълумотларга кўра, терговчи Илҳом Шералиев қандайдир веб саҳифадан ўз сўзининг исботини “топган ҳам”. Фақат у қанақа исбот, қайси интернеит саҳифасидан олинганлиги ҳозирча бизга номаълум.

Қизиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ИИВ, МХХ, Республика Олий Суди каби нуфузлик идоралар қаёққа қарашаяпди экан? Ахир берилаётган ҳар бир қурбон учун, ҳар бир тўқима айбномалар ва жазолар учун, қамоқхоналарда ўлаётган ҳар бир маҳбус учун мамлакатнинг обрўси тушиб бораяптику. Бу уларни ташвишга солмайдими? Ҳа, ташвишга солмайди! Чунки бу порахўрлар мамлакатнинг ҳам, халқнинг ҳам душманидир! Ўзбекистонни баробод қилиш учун ташқи душманга ҳожат йўқ, ичкаридаги мана шу душманларнинг ўзи уни йўқ қилади!

Тўлқин Қораев
Швеция