O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

БМТга, Оврупо парламентига, АҚШ конгрессига, Туркия Буюк миллат мажлисига мурожаат

БМТга, Оврупо парламентига, АҚШ конгрессига, Туркия Буюк миллат мажлисига мурожаат
193 views
04 April 2017 - 6:00

Биз сўнгги кунларда Ўзбекистонда рўй берган террористик актларни ўзбек мухолифати ўлароқ кескин қораладик. Айни пайтда биз дунё жамоатчилигининг диққатини муҳим бир жиҳатга тортмоқчимиз: Ўзбекистондаги авторитар режим 1999 йил феврал портлашларини мухолифат ва мўътадил диндорларни эзиш учун қўлланди. Бугунга келиб, бу портлашларни ўзбек ҳукуматининг ўзи уюштиргани ҳақида аниқ далиллар пайдо бўлганига қарамай, ўша портлашлар баҳонасида бошланган репрессия давом этмоқда, мингларча бегуноҳ инсонлар қамоқларда қийнаб ўлдирилмоқдаки, бутун дунёда бу даҳшатга «тўхта» дейдиган кимса йўқ.

Ўзбекистондаги террорнинг томирларини ташқаридан эмас, сиёсий режимнинг тоталитар табиатидан ахтармоқ лозим. Афсуски, Ўзбекистонни террорга қарши курашда муттафиқ сифатида таниган ўлкаларнинг бу зулмга кўз юмиши мутажовуз режимни янги жиноятларга рағбатлантирмоқда.

Биз ўзбек мухолифати сифатида, ўз халқларининг вакиллари бўлган Сизларга мурожаат қилиб шуни илтимос қилмоқчимиз:

2004 йил март ойида Ўзбекистонда юз берган қонли воқеалар сабабларини ўрганиш ва тафтиш қилиш учун Оврупо давлатлари, АҚШ ва Туркия тамсилчиларидан ташкил топган бир бетараф комиссия тузилсин. Бу комиссия воқеаларнинг ўзбек ҳукумати уйдирган «сабаб»лари эмас, уларнинг туб моҳияти очиб ташланмагунча, Тошкентда ўз ишини давом эттирмоғи лозим. Акс ҳолда, худди 1999 йилда бўлгани каби демократик мухолифат ва мўътадил диндорларга қарши янги репрессиялар бошланажак, ўлкадаги шундай ҳам таранг ижтимоий вазият янада таранглашажак ва истиқрор (барқарорлик) янада каттароқ таҳлика остига киражакдир. Ўзбекистондаги истиқрор эса, маълумингиз, бутун Марказий Осиёдаги истиқрорнинг тамалидир.

Тасаввур қилинг, 1999 йил портлашларида халқ (ҳукумат пропагандаси билан бўлса-да) террористларни қоралаган эди, аммо бугун халқ ҳукуматни қоралаяпти! Кўчада йўловчилардан олинган интервьюларда инсонлар бу террористларнинг халққа эмас, зўравонлиги билан танилган ўзбек милициясига қарши эканлигини очиқ айтмоқдалар!

Янада даҳшатлиси – 31 март ва бугун 1 апрелда олинган хабарларга кўра – ҳукумат кучлари Тошкент ва Бухорода қўлга олинган террористларни ҳибсга олмай, судсиз ва сўроқсиз, ўша жойнинг ўзида ўлдиришга бошлаган. Кейин «террористлар ўзларини портлатиб юборишди», дея рапорт беришаётгани ва бундан даҳшатга тушган минглаб одамлар Тошкентни тарк этаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда. Бу жуда таҳликали ишорат.

Марказий Осиё истиқроридан сўзда эмас, амалда манфаатдор бўлган ҳар бир жамият, ҳар бир давлат ва инсон ҳуқуқларини қадрлаган ҳар бир шахс учун Ўзбекистондаги воқеалар устидан туман пардасини кўтаришни талаб қилиш – демократиянинг вожибидир. Бу йўлда илк одим сифатида таклиф этилган байналминал комиссия тузилиб, Тошкентда иш бошласа, халқда ўлка келажагига ишонч пайдо бўлган бўларди. Айни пайтда, бу тадбир «ташқи душман» иддаоларини дунё жамоатчилиги ҳузурида исбот қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам бир қулай фурсатдир.

Ҳурмат билан, Ўзбекистон «ЭРК» Демократик Партияси номидан унинг лидери:

Муҳаммад Солиҳ
1 апрел, 2004 йил

(101)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (304-305-саҳифалар.)

(давоми бор)