O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бошқа шаҳарликларга Тошкентда квартиралар сотиб олиш ва прописка олиш учун рухсат берилади

Бошқа шаҳарликларга Тошкентда квартиралар сотиб олиш ва прописка олиш учун рухсат берилади
167 views
13 April 2017 - 23:25

Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқа шаҳарлар ва мамлакатларда яшовчиларга янги қурилган биноларда турар-жой сотиб олиш йўли орқали Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага эга бўлиш имконини беришни кўзда тутувчи иккита норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди, деб ёзади «Газета.uz».

Norma изоҳ беришича, биринчи ҳужжатда Солиқ кодексининг 338-моддасидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли турар-жойлар, квартиралар, дачалар, гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, уй-жойларни бегоналаштириш шартномаларини тасдиқлаш учун давлат божи суммаси уларнинг турар жой ва умумий майдонидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳақидаги умумий қоидани олиб ташлаш таклиф этилмоқда. Бу бошқа шаҳарликлар ва чет элликлар томонидан олди-сотди қийматидан келиб чиқиб давлат божи тўланишининг янги механизмини киритиш учун керак.

Иккинчи лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши мумкин бўлган шахслар — Ўзбекистон фуқаролари категориялари рўйхати тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига қўшимчалар киритади.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятида янги қурилган биноларда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишни шунингдек пойтахтда доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахс  томонидан янги қурилган бинолардаги қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 баробаридан кам бўлмаган кўчмас мулк банк ҳисобварақалари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олинганида ҳам амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Ушбу сумма эвазига кўчмас мулкни Тошкент шаҳри ва вилоятига Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган ва ушбу ҳудудларда доимий пропискаси бўлган, фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки чет эл фуқаролари сотиб олиши мумкин.

Тошкент шаҳри ва вилоятига бошқа давлатлардан келган ва истиқомат учун гувоҳномага эга бўлган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар шу йўл билан пойтахт ҳудудида пропискага эга бўлиш учун янги қурилган бинолардан Марказий банкнинг банк ҳисобварақалари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан шартнома тузилган санадаги курси бўйича 100 минг доллардан кам бўлмаган қийматдаги кўчмас мулкни сотиб олиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидан янги қурилган кўчмас мулкни сотиб олаётгани учун резидентлар ва норезидентлар, кўчмас мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, 5—10 фоиз миқдорда давлат божи тўлаши ҳам керак бўлиши 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган.

Манба: daryo.uz