O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ватаний вазифа ҳақида ëки бизни қутқарадиган айлана борми?

Ватаний вазифа ҳақида ëки бизни қутқарадиган айлана борми?
104 views
20 November 2014 - 20:13

7Сурияда жангарилик қилиб юрган ўзбеклардан бири ўз ваъзида ватаний мақсади йўқлигини писанда қилди.

Салафийлар глобализми нуқтаи назаридан қаралса ватан тушунчаси йўқ бир нарса. Шу боис бугун ватанпарварлик ҳақида ëзгим келди. Сталин чизиб берган ҳарита ичини ватан дея улуғлаш орзуим йўқ.

Турфондан бошланиб ëйиқ дарëсигача ястанган ерлар менинг ватанимдир. Кекса Ҳеродот қадим деб атаган Хоразм менинг туғилган юртимдир. Тажан¸ Исмомут қирлари Пирнавҳос ва Гандимиëн боғлари менинг Фирдавсул иқболимдир.

Ватанпарварлик ўрнагини менга ота бобо бўлган икки улуғ олимда кўрдим. Улардан бири Паҳлавон Маҳмуд. Тасаввуф оламида танилган шоир¸ файласуф. Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистон шохига харбий кўмак бериб унинг марҳаматига нойил бўлди.

Тила тилагингни ботир деди¸ шоҳ. Тилагим Ҳиндистонда қул бўлиб юрган хоразмликларни озод қилиш деди Паҳлавон Маҳмуд. Майли бир ҳўкизнинг терисига қанча қул сиғса шунчасини олиб кетавер деди шоҳ. Паҳлавон Маҳмуд пўстиндўз эди. У бир ҳўкизнинг терисидан пичоғи билан қирқиб узун бир камар ясади. Бир ҳўкиз терисидан ясалган камарни катта бир майдонга айлана қилиб ëйди.

Бу айлана ичига Ҳиндистондаги минглаб хоразмлик қуллар сиғди. Паҳлавон Маҳмуд уларни озод қилди ва орқасидан эргаштириб Хоразмга олиб келди. Озод бўлиб ўз ватанига келган қуллар миннатдорлик сифатида Хива ўртасидан оқадиган катта канални қазиб беришди. Полвон ëп деб аталадиган бу канал бугун ҳам сувга тўла.

Ўз ҳамюртларини зулмдан озод қилиш Паҳлавон Маҳмуд учун ватаний вазифа эди.

Озод инсонларнинг ўз юртини обод қилиб канал қазиши ҳам ватаний вазифа эди.

Ўтган ҳафта Туркия президенти Туркманистон турмасидан бир муаллимни қутқариб ўз учоғида иззат қилиб мамлакатига қайтарганида ҳам оддий ватаний вазифани адо этган эди.
Кўп ҳолларда сўфий нақшбандийларини ўз ичига қамалган маҳдуд кишилар дейишади. Аммо бу тасниф Кубро учун эмас. Темучин Хоразмга бостириб келганида улуғ устоз Нажмиддин Куброга истисно ўлароқ омонлик ҳадя этди. Нажмиддин Кубро босқинчининг ҳадясини олмади. Ҳазар қилди. Боз устига Кубро ўз ватани Хоразмни қўлида қилич билан ҳимоя қилди ва жанг майдонида ўлди. Ўларкан икки қўли билан мўғул байроғини ғижимлаб ерга отди. Шу тариқа тасаввуф гиганти Кубро ватаний вазифани адо этди.

Навоий “кўк юзига осилган қандил” деб тарифлаган Ғаззолийдан иқтибос:

“Аниқ билдимки, сўфийлар Худой таоло йўлининг ошиқу соликлари экан ва уларнинг сийратлари сийратларнинг энг яхшиси ва уларнинг йўли энг тўғри йўл ва ахлоқлари энг покиза ахлоқдир.”
Ватанпарвар оталарим ҳақида Ғаззолийдан ҳатлаб бир нарса дея олмайман.

Байт будур:

Эй фарзанд, амалда беамал бўлма. Сўфийлар зикридан бесамар бўлма!

Шуҳрат Бобожон

“Озодлик радиоси” ходими

2014 йил 20 ноябр. Прага шаҳри.