O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Германиялик ҳарбийлар Ўзбекистонга контрабанда ташимоқда

Германиялик ҳарбийлар Ўзбекистонга контрабанда ташимоқда
125 views
09 May 2013 - 8:45

Германиянинг  Ўзбекистон ҳудудидаги ҳарбий-транспорт базаси “контрабанда йўлаги” вазифасини ҳам ўтамоқда.

german-camp“Олмонлар 2001 йилдан бери ўзбекларнинг ноҳарбий аэропортидан Афғонистонга ўтиш учун фойдаланиб келадилар. Бу ерда бир неча юз нафар ҳарбийлар ўрнашиб олган, улар вақти-вақти билан алмашиб, юк ва жонли кучлар юкланган самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш билан шуғулланиб келадилар.

ГФР ҳукумати базадан фойдаланаётгани учун Ўзбекистонга қанча пул тўлаши тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Бошқа тарафдан, ушбу база Германияни нафақат катта харажатларга қўймоқда. Жорий йил бошидан бери бу база Афғонистон йўлида тўхтаб ўтаётган немис солдат ва офицерлари учун қўшимча даромад манбаига айланди”, дея хабар қилади “Фарғона.ру”.

Манбага кўра, президент Каримов жорий йил бошида “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб кирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганидан сўнг немис ҳарбийларига “яшил чироқ” ёқилган. Зотан мазкур қарор қонуний кучга кириши билан хориждан импорт қилинаётган маиший техника, қурилиш материаллари ва бошқа ҳаётан зарур маҳсулотлар тақчиллашди.

“Мазкур аэродромда ўрнашган ГФР Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда юзага келган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга қарор қилдилар. Шундай қилиб, олмон ҳарбий хизматчилари божхона ва чегара кўригидан ўтишдан озод қилинган ҳарбий самолётларда Германияда сотиб олинган маиший техникани Ўзбекистонга олиб кираяптилар. Олмон ҳарбийларининг кўпи маҳаллий аҳоли вакиллари билан дўстона алоқа ўрнатиб олган, шунинг учун немис товарларини маҳаллий аҳоли ёрдамида сотиш муваффақиятли кечмоқда”, дея хабар қилади бу манба.

Айни пайтда оддий ўзбекистонликлар олмон ҳарбийлари билан “ҳамкорлик”дан мамнун ва бахтиёр экани гапирилади.

Термизликларнинг айтишича, Ўзбекистонга асосан Германияда ишлаб чиқарилган замонавий телевизор панеллари, кондиционерлар каби зарур уй-рўзғор буюмлари олиб кирилмоқда. Германия маҳсулотига иштиёқманд ўзбекистонликлар навбатдаги юк самолёт қачон келишини олдиндан билган ҳолда буюртма ҳам бериши айтилади.

Аммо, маълум бўлишича, Германиядан олиб кирилаётган бозори чаққон бу товарларнинг ҳажми ҳеч қандай статистик ҳисоботларга киритилмайди.

“Термиз расмийлари ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ноқонуний савдо ҳақида яхши билади. Аммо олмон ҳарбий хизматчиларига қарши расмийлар ва милиция ҳеч қандай чора кўрмай, бу каби фактларга кўз юмиб келади”, дея хулоса қилади Фарғона хабар агентлиги.

ЎҲХ хабар маркази