O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гулнора Каримованинг шахсий блоги ғойиб бўлди

Гулнора Каримованинг шахсий блоги ғойиб бўлди
120 views
14 October 2013 - 12:53

gk-blogГулнора Каримова gkarimova.wordpress.com манзилли шахсий блогини ёпди. Бир неча ой аввал очилиб, ҳали раскрутка бўлиб ҳам улгурмаган ушбу блогда бор-йўғи учтагина матн ёзилган эди, уларнинг мазмунан саёзлиги ҳамда имловий ва грамматик хатоларга бойлиги анчагина кулгига сабаб ҳам бўлганди.

Масалан, биринчи матнда муаллиф бир қатор давлат мулозимларини порахўрликда айблаган. Аммо бирортасининг на исми, на кимнинг боласи экани ҳақида лом-мим дейилмаган.
Иккинчи матнда тушуниш қийин бўлган қандайдир бошқарув услублари ҳақида ёзилган. Ғарб муаллифларининг асарларидан илҳомланиб, битилгани сезилиб турадиган бу машқлардан муаллифнинг муддаоси нима? деган саволга жавоб олиш мушкул.

“Саёҳатнома” лақабини олган ва энг кўп муҳокама этилган учинчи ва сўнгги матнида эса Президент қизининг Қўқонга сафар қилгани, ва йўлда бирортаям ҳожатхона тополмагани ҳақида ёзган. Муаллифнинг ўзи блогнинг ёпилиши ҳақида ҳануз бирор изоҳ билдирмади. Афтидан, чаласавод хизматкорлар ёзиб берган матнлар кўнгилдаги самарани бермади шекилли, чунки порахўр мулозимлар ҳалиям ўз курсиларида эмин-эркин ўтирибди, Қўқон йўлларида эса ҳануз бирор ҳожатхона пайдо бўлгани йўқ.

Агар Г.Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги айтиб келинган бўлса, энди унинг аккаунтлари бирин-кетин йўқ бўлаётир. Яқинда унинг Твиттердаги аккаунти қаергадир ғойиб бўлган эди. Энди эса, мана, бечора блог. Kейингиси-чи?..

Сирожиддин Султонов