O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Етти устун…

Етти устун…
170 views
25 January 2015 - 12:34

1Ислом – ҳаққоният ва инсонийлик динидир. У поклик, хушхулқлик, ҳаё, инсоф, шижоат, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик каби инсоний фазилатларга чақиради. Ислом оқкўнгил, тоза виждонли ҳақиқий инсонни яратишда тарбиянинг икки воситасини қўллайди; илмга асосланган эътиқод ва ибодат.

Илм Аллоҳни танитади. Киши Аллоҳни билиши илмига яраша бўлади. Шунинг учун табиат сирларини кашф этган, аниқ фанлардан тўла маълумотга эга бўлган инсофли табиатшунос олимлар Яратувчининг нақадар буюк ақл ва қудрат эгаси эканлигини бошқалардан яхшироқ тушунадилар. Ибн Сино: “Одам аъзолари илмини ўрганмай туриб киши комил иймонли бўла олмайди”, деган эди. Ислом биносининг беш рукни (асоси, устуни) бор: 1. Иймон (Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ), 2. Намоз, 3. Рўза, 4. Закот, 5. Ҳаж.

Иймон. Етти нарсага шубҳасиз ишониш билан киши ислом сафига киради.

Булар: Аллоҳга, фаришталарга, пайғамбарларга, самовий китобларга, қайта тирилишга, охират ҳаётига, тақдирга ишонишдир.

1. Етук ҳикмат ва ўзгармас қонуният асосида қурилган олам ва унинг ичида ҳар бири алоҳида олам бўлган инсонни яратган азалий ва абадий зот – Аллоҳга ишониш. Бу гўзал мутаносиб табиат шундай қонунли ва ҳикматли бўлиб, ўз-ўзидан тасодифан мавжуд бўлиб қолиши ақлга сиғмайдиган афсона. Дарвоқе, “табиат” деган сўз ўзи “яралмиш” демакдир. Ер юзидаги барча тирик мавжудот кисларод ютиб, карбанад ангидрид чиқаради. Бундан ташқари, ёнувчи двигателли техникалар, заводлар – ҳаммаси ёниш учун кисларод сарфлайди. Бир одам бир кеча-кундузда 1,6 кг кисларод ютади. Ер атмасферасида эса ҳаммаси бўлиб фақат 15. 000. 000. 000. 000. 000 тонна кисларод бор. Бу тақдирда, олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, 300–400 минг йил ичида кисларод охирги қатрасигача қолмай тугаши керак эди. Лекин табиатни яратган, унда жонли мавжудотлар яшашини ирода қилган доно Зот кисларод етказиб бериши учун ўсимликлар дунёсини яратди. Ўсимликлар табиатни булғовчи корбанат ангидрид газини ютиб, бир йилда 18 миллиард тонна тоза кисларод ишлаб чиқаради. Бу эса тирик мавжудот ва техника сарф қиладиган кислароддан бир неча баробар ортиқ. Ё Аллоҳ! Наҳотки ўсимликлар ўзларича тасодиф билан кисларод чиқарса, улар ҳам кисларод ютадиган бўлишлари мумкин эди-ку? Наҳотки, истеъмолчилар талабидан ортиқчаси билан ишлаб чиқариши ҳам тасодиф бўлса, ҳисоб-китобдан хабарсиз ўсимликлар олами озроқ кисларод чиқариб қўйиши ҳам мумкин эди-ку? Шунинг учун Шайх Саъдий бундай деган экан,

Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар
Оқилга Худони танитур дафтар.

Нарса кўзга кўринмас бўлганидан унинг йўқлиги тушунилмайди, масалан, симда электр қуввати борлигини чироқни ёритганидан биламиз. Кўринмас ҳавонинг борлигини ҳаводан нафас олаётган жондор ҳеч бир инкор этолмайди. Шунингдек, инсон кўзи идрок этолмайдиган, фақат ақл ва илм билангина билинадиган зарурий Аллоҳнинг мавжудлигини унинг асари бўлган мўъжиза табиатдан ва ажойиботларда борлик табиатдан устун турадиган одамзоднинг борлигидан биламиз. Файласуф шоир Мирзо Бедил айтади:

Худонинг борлиги исбот этиш номусидан покдир.
Чироқ ё шам билан излаб топилур нарсамас офтоб.

Табииёт фанларидан маълумотга эга бўлган баъзи фикри саёзроқ кишилар табиатдаги қонуният ва сабаб-оқибатликни кўриб, уни ташқаридан идора этувчи кучга ҳожатини сеза олмай қоладилар. Ер ўзи ўқи атрофида айланишидан кун ва тун алманишинишини, қуёшнинг атрофини айланиб чиқишидан фасллар ўзгаришини билиб олиши билан шошилиб, уни шу тартибда ясаган ва унга айланиш қувватини бераётган Яратувчини инкор эта бошлайди. Мустақил, ўз ақли билан олам қандай қилиб мана шу қадар интизом ва тадбир билан қурилиб қолгани ва ишлаётганини фикр қилиб кўрмайди. Тўғри, автомабил маълум қонунларга кўра, яъни иссиқлик қуввати поршенларни ҳаракатлантириши ва улар узатгич орқали ғилдиракларни айлантириши қонунига асосланиб юраверади, ёқилғи ва иссиқлик, поршен, узатгич ва ғилдиракларни ана шу қонундан фойдалана оладиган тартибда жойлаштириш ва ясаш учун қанча-қанча конструктирлар бош қотиради, тинимсиз меҳнат қилган, яна ҳаракатга келиши ва давомли ишлаши учун уни ҳайдовчи идора этиши лозим. Бепоён коинот механизмини, мўъжиза одамни айтмай қўя қолайлик, балки энг майда чумоли ҳам ҳозирги энг зўр техникадан минг бор мураккаброқ ва ҳайратланарлироқ эмасми?! Наҳотки борлиқ ўз-ўзидан, тасодифан ёки аста-секин ривожланиб шундай бўлиб қолган деган сафсатани ақлингиз кўтарса?!

2. Олам жумласидан бўлган кўзга кўринмас, илоҳий мавжудот – фаришталар борлигига ишониш. Улар Аллоҳнинг ҳукмини бузмайдиган, итоатли, ибодатли ва ўзларига белгиланган вазифаларни сўзсиз бажарувчи мавжудотлардир.

Билиш керакки, мусулмон, албатта, “Ла илаҳа иллаллоҳи Муҳаммадур росулуллоҳ”ни тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган ва Қуръони каримни Аллоҳнинг китоби деб тан олган кишидир. Қуръони каримни Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳис-саломга Жаброил олиб келган.

Жаброил малакдир. Малоикалар нурдан яратилган махлуқлардир. Инсонга ўхшамайдилар, улар емайдилар ва ичмайдилар, уйланмайдилар ва туғилмайдилар. Улар доимо Аллоҳга ибодат қиладилар, Аллоҳ буюрган ишларни бажаришда Аллоҳга итоатсизлик қилмайдилар.

Улар ер ва осмондалар, лекин биз уларни кўрмаймиз.

Малоикалар чиройли суратда шакллана олиш хусусиятига эгалар. Ўша суратларда уларни кўриш мумкин. Жаноб Расулуллоҳга Жаброил алайҳис-салом бир киши суратида келар эдилар. Гоҳо бошқа суратда ҳам келар эдилар. Кишиларнинг яхши ва ёмонлигини ёзиб борувчи кузатиш фаришталари ҳам бор. Яхшиликларни ёзувчи фариштанинг номи Роқиб ва ёмонликларни ёзиб борувчисининг исми эса Отид. Улардан бошқа фаришталар ҳам кўп. Аллоҳнинг ҳузурида даражаси катта бўлган тўрт малоика бордир: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил.

Уларнинг исмлари ҳамда сифатлари Қуръони карим ва пайғамбаримиз ҳадисларида келган. Қуръонда келган ҳар бир нарсага ва пайғамбаримизнинг айтган сўзларига рост деб ишонишимиз шартдир. Фаришталар бор деб имон келтириш – ғойибга имон келтиришдир, чунки улар бизнинг кўзимиздан ғойибдирлар. Биз учун Аллоҳ ва унинг Расулидан эшитган нарсага ишониш фарздир.

3. Аллоҳ инсониятга ҳақиқат йўлини кўрсатиш учун қадим замонлардан бошлаб ўзлари ичидан бирини воситачиликка танлаб келган ва уларга фаришталар орқали илм ва маърифат илҳом қилган. Улар “расул” ёки “пайғамбар” деб аталадилар. Уларнинг энг охиргиси 570–632 йиллар мобайнида яшаб, Аллоҳ тарафидан топширилган шарафли вазифани мукаммал ўтаган Ҳазрати Муҳаммад (алайҳис-салом)дир.

Муҳаммад (алайҳис-салом) ақл ва ахлоқда баркамол, маънавий дунёси гўзал бир зот эди. У кишининг муборак сўзларидан намуналар:

“Инсонийлик ва маънавий гўзалликни камолга етказиш учун Аллоҳ мени инсониятга юборди. Ибодатларнинг энг афзали бир иймонли кишининг қалбига хурсандчилик солишдир”.
“Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрмагунингча мусулмон бўла олмайсан”.
“Тили ва қўлидан бировга зарари етмайдиган кишигина мусулмондир”.
“Илм ўрганиш ҳар бир эркак, аёл мусулмон устидаги вазифасидир”.
“Бешикдан қабргача илм изла”.

4. Аллоҳнинг фаришталар орқали ўз пайғамбарларига жўнатган китобларига ишониш, хусусан, бизнинг муаллим пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом)га нозил этилган Қуръони каримни – Аллоҳнинг муқаддас китоби деб ишониш. Қуръони каримда одам фарзандларига бу дунё ва охиратда зарур бўлган ўгитлар; аввал замондаги пайғамбарлар қиссалари, ҳар турли фойдали ваъзу насиҳатлар, дуо ва ибодат қилиш йўллари, дунёда қай тариқа умр ўтказмоқ низомлари ва турли шариат аҳкомлари келгандир. Қуръон қиссалари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бир бутун ибратлар занжиридир. Қуръоннинг асосий қисмини Яратувчини яралмишга танитувчи оятлар ташкил қилади. Қуръон ер, осмон, қуёш, тоғу тошлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар, хуллас, ташқаридан бир доно ақлли куч идора қилиб турганини кўрсатувчи гўзал ва бепоён табиатни ўрганишга, борлиқ ҳақида фикр юритишга чақиради.

5. Қайта тирилишга ишониш. Албатта бир томчи сувдан шу қадар мураккаб аъзоларга эга бўлган танани яратган Аллоҳга чириган, тупроққа айланган жасадни янгилаш, руҳини қайтариш ажабланарли иш эмас. Одамнинг энг олий аъзоси бўлган бурунни олиб кўрайлик. Бу бир оддий гўшт. Лекин у қандай қилиб ҳид сезади, буни фан ҳали аниқлай олгани йўқ, ҳолбуки, ҳид ўзи нима, деган савол ҳам ҳануз жавобсиз қолмоқда. Одамнинг асл хамиртуриши бўлган томчи сувда на гўшт, на суякдан асар бор эди. Ундан ҳар бир аъзоси минглаб академиклар, профессорларнинг бошини қотираётган мўъжиза – одамни яратган Зотга унинг чириган суяклари ва тўзиган тупроқларидан қайта ясаш ҳеч иш эмас.

6. Инсоннинг ҳаёти иккига бўлинади: ишлаш ва имтиҳон дунёсидаги қисқа ҳаёти ҳамда жазо ва мукофот уйидаги абадий ҳаёти. Жаннат – ҳаётини Яратувчининг розилигини истаб, унинг фармонига итоаткорлик билан ўтказган софдил, хайрихоҳ кишиларнинг яшайдиган ҳақиқий ватанидир. Дўзах – бебаҳо умрини нафсига қулчиликда ўтказган, ҳаёт ҳақиқатини тушунмаган жоҳилларнинг абадий жазоланадиган жойи. Инсон туғилганидан бошлаб ўтган ҳар дақиқа – унинг умр биносини бир чеккасидан бузишга бошлайди ва тугаш тарафига яқинлаштиради. Умр муҳлати тугагач, ўтган ҳар қанча узун ҳаёти унга бир нафасда ўтгандек ёки ялт этиб чақмоқ чақнаб ўтгандек туюлади. Бу умр муддати инсон ихтиёрига вақтинча берилган катта сармоядир. Ақлли кишилар шошилиб, тадбиркорлик билан бу умр сармоясидан фойда ундириб қоладилар. Улар умрларини Яратувчининг маърифати ва муҳаббатига, эзгулик ва хайрихоҳликка, ўзини комил инсон қилишга сарфлайдилар. Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилинган ҳар бир эзгулик зое кетмайди. Улар синов муддатини ўтаб боришлари билан, ўзларидан илгари бориб турган амаллари савобига жаннат саройларидан сотиб оладилар. Нодонлар умр сармоясини туганмас деб ўйлашади; улар бу умр сармоясини беъмани маишатга, нафс-ҳавога сарфлашади, фойда чиқариш у ёқда турсин, сармоя эгаси олдига қуруқ қўл билан боради ва қандай жазога ҳукм қилишини кутишдан бошқа чора тополмай туради. Жаннат Аллоҳнинг ясатилган зиёфатхонаси, унга ўзини разолатдан тозалаган покиза кишиларгина киритилади. Ҳаёт ҳаммомидан ўзини шайтоний нафс ва кибрдан, худбинлик ва худпарастлик кирлигидан тозаламай чиққан кишиларга бу зиёфатхонага киришга йўл йўқ! Шу маънода Навоий:

Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмагай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмоқ, биайниҳ,
Эрур ҳаммомдан нопок чиқмоқ,
дейди.

7. Тақдирга ишониш. Тақдир ўлчов маъносидадир. Аллоҳ бутун борлиқни муайян ўлчов ва қонуният асосида яратган. Оламдаги барча ўзгаришлар, ҳодисалар Яратувчи асос солган қонунга, ўлчовга мувофиқ бўлади. Жарроҳ беморнинг қорнини ёраётганини кўрган жоҳил одам уни жаллод деб ўйлайди. Бу заҳматнинг остидаги ҳикматни тушунмайди. Шунга ўхшаш, инсоннинг бошига тушган мусибатлар: ўлим, касаллик, очлик, муҳтожлик – барчаси остида биз билмаган ҳикматлар яширингандир. Агар касаллик бўлмаганда эди, киши соғлиқ, хотиржамлик қадрини билмаган бўларди. Аллоҳ ақл ва ихтиёр бериб ёмонликни яхшилик билан қайтаришга, очликни овқатланиш билан, касални даволаниш, камбағалликни ишлаш билан даф қилишга буюрган. Барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ асос солган қонуният ўлчовидан ташқари эмас деб ишониш иймоннинг ажралмас бир қисмидир. Тақдирга ишонган киши мусибатларда ўзини йўқотмайди. Аллоҳдан савоб умид қилиб, нажот йўлини излайди, ютуқлар олдида эсанкираб қолмайди. Тақдирга ишонч мўминга сабот, олға интилиш, қўрқмаслик ва қалбига бошқа йўл билан етиб бўлмайдиган лаззатли ором бағишлайди. Оламда ҳеч иш пала-партиш эмас экан, демак, ифлос, разилона ҳаракатлари оқибатидан яна яхшилик кутиш ёки қилган яхши амалларнинг зое кетишидан умидсизланиш тақдир эътиқодига бутунлай хилофлиги ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак!

Билмайман, фолбин ҳам билмайди асло,
Қазою қадар не ҳунар қилишин.
Лекин мен қўрқмасдан айта оламан,
Бир сўзни, бу сўзга имоним бутун.
Ким – эзгулик бўлса иши, мақсади,
Фалакдан эзгулик келиши тайин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “дин покликдир” дейдилар. Ислом – киши маънавий дунёсини инсонийликка номуносиб бўлган барча қабоҳат ва разолатлардан пок тутувчи беназир восита бўлиш билан бирга бадан соғлиги учун тозаликка ҳам катта аҳамият беради. Чунки бадан тозаланмагунча кўнгил равшан бўлмайди, хира кўнгил эзгулик ҳис-туйғуларидан маҳрумдир. Шундай экан, бизлар ҳар сонияда ҳам маънан, ҳам жисмонан покланиб туришга руҳиятимизни мосламасак, охират кунида бўладиган катта маъракага ҳақиқий тайёргарлик билан бора олмаймиз. Инсон ҳаёти ҳайқириб оқгувчи бир дарё бўлса, мана шу дарёнинг икки қирғоғининг бирида эзгулик соҳили, иккинчисида жоҳилият соҳили қўним топган. Умр дарёси одамизод яралган кундан буён ҳар икки соҳил орасида талош бўлиб келади. Эҳтиёж сувига айланган жоҳилият баъзида дарёнинг ўзанини оқаваларга тўлдириб, лойқалатиб оқса, баъзида маънавият гултожи бўлмиш маърифат чиркинликлар билан тўйинган лойқаларни ўз йўлидан супуриб ташлаб, жаннатнинг зилол сувидек зумратланиб оқишни бошлайди. Бир-бирларининг тирикликларини таъминлаб турувчи бу икки унсур инсонийлик жамияти тараққиёти учун ўта муҳим омил бўлиб, уларнинг бир-бирларига нисбатан чуқур зиддиятлари мусобақаси кимошди савдосидаги сингари авж олиб турмаганда, ақл ва идрок таназзулга учраб, одамийлик кўчаларини ёввойи ўтлар босган бўларди. Кўпгина жамиятларда узоқ йиллардан буён жоҳилият соҳилларини маърифатпарварлик соҳиллари ўз назорати остида сақлаб келаётган бўлса, бизнинг жамиятларда маърифатпарварлик соҳилларини жоҳилият соҳиллари ўз таъсирида ушлаб келади. Маърифатпарварлик хислатлари ҳукмронлик қиладиган жамиятларда халқ вакиллари – зиёлилар, раҳнамолар ва раҳбарларнинг кўз қарашлари нисбатан шаффоф, ўзлаштирган билимлари асосли ва ниятлари холис, ўзлари бир-бирлари билан яқин маслакдош, ҳамкор бўлганлари учун ҳам натижалар кўпроқ инсонпарварлик ҳосилларини бераётгани сингари, айтганларимизнинг акси бўлган жамиятларда халқ бошида турганларнинг халқнинг орзу-умидларига тескари ҳаракатланиши, албатта, асрлар асносида тескари натижалар бериб келмоқда. Бу икки ҳолат алоҳида-алоҳида халқларнинг хос ғалабалари ёки мағлубиятлари бўлмай, умуминсониятнинг биргаликдаги қўлга киритган ғалабалари ва муштарак мағлубиятлари эканлигини назаримиздан қочирмаслигимиз зарур…

Мақсуд Асрор тайёрлади