O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Заҳардан шифо, тикондин гул умиди…

Заҳардан шифо, тикондин гул умиди…
231 views
29 April 2016 - 6:00

702068_originalАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 34

(давоми)

Атрофидаги одамлар югурганларича келишиб қарасалар, ўлар жойига отиб, чала бўғизланган товуқдек, қонга бўялган ҳолда типирлаб ётибдур. Бу ҳодиса бўлгач, унга эргашиб юрган аскарлари туш тушга тарқалиб, қочишга бошламиш эдилар.

Лекин қаёқдандурки, Жанг Жун аскарларидан силинглари (офицерлари) бошлиқ бирмунча аскарлар келиб, булар билан бирлашган ҳолда Ғулжага қараб юриш қиладилар. Бу ерга келгач, қуролланган тунгоний аскарлар буларга қўшилиб, Шинг Дубан тарафдори Хитой хунхўзо аскарларига қарши оломон тўполон уруш бошлагани турдилар. Тунгон аскарлари бошлиғи хожулик қора ботирлардан Мади деган киши Турдиохун бой дарвозаси олдига оқ байроғини тикиб, уйларини аскарларга ётоқхона қилади.

Шунга ўхшаш қўзғолончиларнинг аскар бошлиқлари Ғулжа бойларининг рози бўлиши-бўлмасига қарамай, кўпларининг ортиқча уйларига кирмиш эдилар. У вақт шароитига кўра, бу қилмишлари улар учун зарурат бўлмиш эди. Ғулжа шаҳрига бошқа ёқдан келган, ёки ерлик бўлган кўзга қaршарлик бойлар ҳеч ерга сиғмай, бошпана бўлгудай бир жой топишолмай қолишди.

Сўнгра совет Русияси тузоқчилари буларни қўлга туширмоқ қасдида, халқпарварлик қилган бўлиб, гўё қўшнилик ҳурматини сақлаб: «Уларни ҳимоя қилишни совет ҳукумати ўзининг муқаддас вазифаси ҳисоблайди», деган сўзлар билан тузоқ ичига дон сепмиш эди. Заҳардан шифо, тикондин гул умиди билан Турдиохун бой бошлиқ атоқли бойлардан бир қанчалари келажакдаги тақдирларини ўз жаллодлари қўлига топширдилар. Ёширинча совет элчихонасига киришиб, улардан ёрдам сўраб: «Шаҳар эгасиз қолди, талон тарож, уруш талаш бу жойда кўпайгали турди, халқпарвар совет ҳукуматидан бутун халқ ёрдам беришини умид қилади», дедилар. Ўзлари кутиб турган бундай ёқимли сўзни англагач, қонуний равишда бўлсун учун, кўпчилик халқ тилидан талабнома суратида хат ёздириб, қўл қўйдириб олмиш эди.

Бечора халқ, айниқса, ватандан йироқда бўлган, мол мулки, жой жумидан ажраб, сиёсий масъулият орқали ноҳақ жазога тортилган, бу ёзувчи каби қочоқлар учун энг оғир кунлар туғилмиш эди. Ҳар қандай онгсиз бўлишига қарамай, кўпчилик халқ Қўрғос сойи у томонида оғиз очиб ётган қизил аждарҳога ютилишдан қўрқар эди. Хиёл ўтмай, шу қўрқинчлик кунлар бошимизга келиб, 1934 йили январ ойининг охирларида «қўшниларимизни сақлаймиз», деган баҳона билан чегарада кутиб ётган, тўлиқ қуролланган совет аскарлари кира бошлади. Йўл бўйича қаршилик кўрсатганларни отиб, янчиб оз фурсат ичида Ғулжа шаҳрига кириб, уч дарвоза атрофида жойлашдилар.

Бу ёкда эса Гасилинг тарафдорлари бўлган тунгонлар ва Жинг Шурин, Жанг Жундан қолган, чириган, эски чериклар иккига бўлиниб, ярими Ҳарамбоғда қолган, кўпчилик тунгонлар эса Тўпадўнгда Шинг Дубанга қарши, Хитой хунхўзолари ва оқ рус аскарлари билан урушмоқда эдилар. Қурол томонидан ҳар қанча етишмасликлари бўла туриб, тунгон фидойиларининг жонбозликлари орқали вақтлик бўлса ҳам, ғалаба қозониш умиди туғилмиш эди.

Ҳаёт оламидаги ҳамма ишлар сабабга боғлиқ бўлгани учун кучлик, қуроллик, тартиб-интизомлик совет аскарлари кириши билан бутун ишлар ўзгара бошлади. Дастлабда бирлашган тунгон хитой аскарларининг маркази ҳисобланган Тўпадўнг устига тўхтовсиз совет тўпи отилғали турди. Бунга қарши ҳитойдан қолган эски қуроллари билан қайси куч чидаб тура олсин! Шунга кўра бутун ўриндаги тунгон аскарлари ва ҳам буларга тарафдорлар енгилиб, қочишга мажбур бўлдилар. Қизил аскарлар кириши билан хунхўзоларга ва бошқа ўз тарафдорларига етарлик микдорда қуроллар тарқатмишдур. Илгари тунгонлардан енгилиб, кўринмай қочиб ётган хунхўзолар ва ҳам ким бўлишига қарамай ҳокимият эгаси бўлса, шунинг юндисидан фойдаланган Дутов, Аненков қолдиқлари оқ руслар, қуролланган ҳолда кўчада йўлиққанларинигина эмас, уйдан уйга изғишиб юриб тунгонлардан топқонларини қўймай ўлдирдилар.

Сўздан сўз чиқар, ҳозирги тарихимиз 1969 йили бўлиб, бундан 48 йил илгари тунгон қишлоғи Қорақўнғиз масжидида турганимизда, тунгон оғайниларимиздан советга қарши қўзғалган Қораболта, Оқсув воқеаси сабаблик бир қанча кишилар қочиб келмиш эдилар. Худо сақлаб уларни зиён-заҳматсиз, эсон омон узатиб юборган эдим. Бўлган воқеа бу китобнинг бошида ёзилиб ўтилди. Бу икки воқеа орасида шу қадар узун йиллар ўтгандан сўнгра, биз билан бирга Ғулжага ўтган тунгон оғайниларимиз устида яна шу каби қўрқинчли кунлар бўлиб ўтмиш эди. Шундоқки, Ғулжада Тўрам маҳалласида ўлтирган қўрамиз ташқарисида ва маҳалла масжидида Сўқулуқ ва Пишпекли тунгон оғайниларимиздан оз деганда 20 кишини асрамиш эдим. Худо сақласа бало йўқ дегандек, йўқса, тунгон излашган хунхўзо ва оқ рус аскарлари эшик олдимизга неча йўл «давай»лашиб, баъзилари девордан ошиб тушмоқчи бўлиб турганларида ҳар хил баҳоналар бўлиб, уларни худо сақламиш эди.

Менинг қарамоғимда ёширинча буларнинг сақланаётганлигидан душманларимиз хабар топиб қолганлиги бизга маълум бўлгач, кўз олдимизда бирор турлик кўнгилсиз ёмон бир иш бўлиб қолмасин деб, бунинг чорасига қаттиқ киришдим. «Мўмин мўминга холис худо учун ёрдам беришига ният қилса, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлғай», деган пайғамбаримизнинг сўзларига ишониб, Аллоҳнинг ўзига таваккал қилдим. Қипқизил ўт ёниб, тунгонлар устида ўлим ўйнаб турган шундоқ қўрқинчлик чоғда, ажал ҳидини олиб ётқан жойларидан ўзимга қарашлик тунгонларни чиқариб, ўз қўрамизга йиғдим. Йўғон салла ўраган ҳолда «Аллоҳ» ёди билан бисмиллоҳ деб, булар олдида ўт оралаб йўл бошлаганимча, янги қурилган ҳукумат идорасига саломат етиб келдим. Бу ишга ҳамма ҳайронликда қолдилар. Айниқса, тунгон қонига ташна бўлиб қутирган хунхўзо хитойлар, кўзлари билан егудек ҳолда тикилиб турган бўлсалар ҳам, ҳеч қайсилари ёмонлиқ йўлига журъат қилолмадилар. Қисқаси, бу каби қўрқинчлик ўринларда неча мартаба бу ожиз қулини асраб ўргатган улуғ қутратли Эгам, бу йўли ҳам асрамиш эди.

«Бандам мени қандай ўйласа, унга ўзи ўйлагандай иш қилурман», деган Аллоҳ сўзининг ҳақлигини шу куни ўз кўзим билан кўрмиш эдим. Бахтимизга яраша, ўша кунларда ўз Тўқмоқлиғимиз Турдиохун вақтлик бўлса ҳам сиёсат талабича ҳукумат олдида обрўси анча кўтарилмиш эди. Бўлган воқеани баён қилиб, ўз яқинларидан бир кишини киргизиб эдим, мен олиб борган йигирма одамнинг ҳаммасига омонлик хати ёздириб чиқарди. Уларни олиб борган кишиларимизнинг кўкракларига қадатиб қўйдим. Шунинг билан барилари бу қўрқинчдан қутулиб, мендан рози бўлганларича, ўз жойларига тарқалиб кетдилар. Бироқ атрофда қочиб юрган, уй уйида ёшириниб ётқан, биз таниган танимаган тунгон оғайнилардан ноҳақ зулмга учраб, тунгон бўлгани учун ўлдирилган кишилар оз эмас эди.

Шунга ўхшаш, 1920 йили Оқсув руслари бошлиқ 18 қишлоқ халқи большевикларга қарши қўзғолон чиқармиш эдилар. Сўқулуқ, Пишпек тунгонлари ҳам шулар ичида бўлғонликдан бутун фожиа бошқаларга кўра кўпроқ шуларга бўлмиш эди. Мана шу кунлари Сўқулуқ тунгонларидан Месизбулис ва ҳам Пишпек бойларидан Юсуфҳожи, Ёркент уйғурларидан Ахтамбой Ғулжага қочиб кетаётганларида ГПУ жаллодларининг қўлига тушиб, бир қанча вақт турмада ётган эканлар. Сўнгра буларни ўз хизматларига солмоқчи бўлиб, минг турли ҳийла найранг, ёлғон яшиқ ваъдалар билан ўзига боғлаб олади. Булар ҳам жон қутқариш учун, улар нима деса маъқул деб, топшириқларини бажаришга сўз берган бўлсалар ҳам, бу ёққа ўтгач, ўзларини унинг таҳтидидан қутилган ҳисоблашиб, совет элчихонасига йўламай қўядилар. Шунинг учун бу қонхўр золимлар 34 йили юқоридаги Шинг Дубан воқеаси орқалик Ғулжага ўтганларида ўша 20 йили ўтган ишни эслаб, буларнинг қастига тушмишдур.

Бечора Месизбулис ўзидан ҳадиксираб кўздан йироқроқ туриш учун, Ғулжадан от юришида уч кунлик нарида бўлган Тўққизтарага қочган экан, ортидан у жаллодлар излаб бориб қўлга туширгач, 18-20 ёшлик икки ўғли билан уни найзалаб ўлдириб, халқ сув ичиб турган қудуққа ташлаб кетмиш эдилар. Бир нафас бўлса ҳам отасига доғ солиш учун, унинг кўзи олдида икки ўғли найзаланиб, сўнгра ўзи ўлдирилмиш эди. Бундай фожиалик ишларни бажаришга динсиз худосиз ваҳшийлардан бошқа инсонлар кўнгли қандай чидаб туролсин!

(давоми бор)