O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Зўраки эҳсон”

“Зўраки эҳсон”
267 views
05 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(29-қисм)

Еттинчи шох: Кўнгил ҳақ-ҳуқуқ истар, мазлумга нажот борму?..
ёки
“Буюк” қурилишлар қандай уюштирилади?

Гап қурилиш ҳақида кетди, пойтахтдан бир-иккита мисол. Мунча қурилишга осилиб олдингиз, дейишингиз мумкин. Чунки қурилишлар орқасида гап кўп.

Биринчи мисол. Тошкентда замонавий, улкан истадион қуриладиган бўлди. Уни ўша пайтлари йирик қурилишларга бош-қош бўлиб донғи чиққан Одилбой исмли йигит қурадиган бўлди. У Опачага қарашли “Ўзбек – Швейсария” қўшма корхонасининг ижрочи директори эди. “Опачанинг пултопармон ўнг қўли” деб таништиришарди одамлар.

Бундан олдин “Ҳазрати Имом” мажмуаси, сўнгра Амир Темур хиёбонидаги Анжуманлар саройи каби бир неча улкан қурилишни эплаб, одамларнинг оғзига тушган. Битта истадион қурилиши нима бўпти?! Бунинг устига, истадион “Бунёдкор” жамоаси учун мўлжалланган, “Бунёдкор” эса, ўша паллалар шу Одилбой бошлиқ ташкилот (кечирасизлар, Опача) ҳомийлигида тўп сурарди!

Енглар шимарилди, белбоғлар сириб боғланди – ишга киришилди: эски истадион бузилди, “Улуғбек” метро бекатидан то “Чилонзор” метро бекатигача ясланиб ётган ташландиқ ерлар бирпасда улкан қурилиш майдонига айланди…

Ҳаммаси яхши кетаётувди, орада нимадир бўлдию Одилбой билан ҳукумат орасидан оламушук ўтиб қолди. Натижада Одилбой салтанати бирдан қулади. Бир қавлда “ичкарига олинди”, бошқа бир қавлда “ташқарига чиқиб кетди”! Қай бири тўғри бўлса ҳам, Одилбой ҳамма ишдан четлатилди, эски Одилбойлиги қолмади. Шу кунгача қилган ва Коттага чапак олиб берган ишлари ҳам “унутилди”. Кечагача нуқул олчи турган ошиғи бугун чикка бўлди.

Одилбой “кетиб”, истадион ишлари ҳам тақа-тақ тўхтади. Чала ҳолича анчагача ётди. Халқ индамай туролмайди. Дарров: “Ана, Одилсиз булар бир иш қилолмайди”, дея бошлади. Одилбой билан чаплашган ҳукуматнинг орияти келди шекилли, истадион қурилишини ўз бўйнига олди. Ҳар қандай иш, табиий, чиқимсиз бўлмайди. Чиқимни топиш – бош масала. Демак, ишни қурилишга пул ахтаришдан бошлади. Бировдан қолган чала ишни бўйнига олди дегани чиқимини ҳам бўйнига олди дегани эмас, албатта. Бутун бошли “аср қурилиши” чиқимини ҳукумат би-ир ўзи кўтарармиди? Унда ҳукуматлиги қоладими? Ҳукумат – ҳукумат, дарров бой ташкилотлар қулоғига азон чақирди. “Олиҳиммат ташкилот”лар ҳам “лаббай” деб етиб келишди.

Одамлар айтишича, чеклардан биттаси Ўзбекистон Давлат автоназорати (ДАН – ГАИ)га тушди. Бахт қуши бошига қўнди, деяверинг. Лекин… йўл қоидаси бузилиши ҳисобига амал-тақал кун кўриб келаётган бу ташкилот ўзидан орттириб бунақа катта қурилиш қила олармикан? Чорасиз қолганда мия ҳам ишлаб кетаркан. Ё ўзи тез чора топди, ёки унга чора топиб берилди: йўл қоидалари бузилишига қўйиладиган жарималар миқдори бирданига ўн бараварига ошди! Олий Мажлис ўйлаб ўтирмай қарсиллатиб тасдиқлаб берди янги ўзгаришларни! Бунда аҳолининг чўнтак имкониятига ҳам, республикада белгиланган энг кам ишҳақи миқдорига ҳам қаралмади, қурилиш эҳтиёжларидан келиб чиқилди! Аҳолиси фаровон яшайдиган мамлакатларда бу қадар катта жарима оила бужетига балки билинмас-сезилмас, аммо ойлик ишҳақлари камтаргина бўлган Ўзбекистон учун бу миқдорлар ҳар қандай чегарадан ошиб кетгани аниқ эди.

Сўзимни жарималарнинг кечаги билан бугунги миқдорини солиштириб исботламоқчи эдим. Фикримдан қайтдим. Ҳаммасини санаб, вақт ва қоғоз кетказишга ҳожат йўқ, биттаси солиштирилса бўлди, деб ўйладим. Мас., жарима нархлари ошмасидан бурун, қанақа йўл қоидаси бузилмасин, ДАН нозири қўлига бир-икки минг сўм берилса, қўйиб юборарди, нархлар ошганидан кейин улар ҳам чойчақаларини тиккалайига ошириб юборишди. Ҳозир нақд йигирма-ўттиз минг билан зўрға қутуласиз. Бўлмаса, камида эллик минг талаб қилиб туриб олишади! Жарима миқдори эскисидан янгиси қанча нисбатда ошганини шу мисолдан билиб олса бўлади!

“Инсон ҳақлари оёқости қилиняпти”, деб бир кимса сас чиқармади. Бунақа хурмача қилиқларга Ўзбекистонда аллақачон ўрганиб қолинган. Тўғрироғи – ўргатиб қўйилган. Ўргатиб қўйилгани, ўрганиб қолингани учун одамлар бу гал ҳам ғиринг демади. Ғиринг демади-ю, жарима миқдори қанақадир қурилиш чиқимларини қоплаш учун оширилгани оғир ботди. Куппа-кундузги қароқчиликка ўхшаб кетди бу иш. Рост-да, бировнинг чўнтагидаги пулни зўрлаб тортиб олишни ҳалол қиладиган модда бўлмаса керак биронта Қонунда?!

Бунинг устига, ўроқда йўқ, машоқда йўқ қандайдир учинчи томон бирдан хирмонда ҳозир бўлиб, бутун мақтовларни илиб кетса – бу ёғига нима дейсиз?! Яъни, чўнтак бировники, қурилиш иккинчи бировники, олқиш ва мақтовлар учинчи Бировга йўлланса…

“Президентимизга раҳмат, истадион қуриб бердилар! Бунақаси дунёда йўқ!”

Бўладими шунақаси?

Бўлади! Фақат Ўзбекистонда бўлади!

Бу хил жарима турини оддий халқ дарров “Зўраки эҳсон” деб атади. Бир қарасангиз, қонунийга ўхшаб туюлади – йўл қоидасини буздингизми, тўлашга мажбурсиз. Бошқа томондан қарасангиз, ҳақсизлик устига ҳақсизлик юз бераётгани ҳам бор гап: жарима миқдори қоидабузарликнинг даражасига қараб эмас, ҳукумат бошлаб қўйган қурилишнинг миқёсига қараб белгиланиши бир ҳақсизлик бўлса, жаримага деб берган пулингизни сиздан сўрамасдан бутунлай бошқа нарсага – ҳукуматнинг бўйнидаги ишга сарфланиши иккинчи ҳақсизликдир. Ҳеч бўлмаганда, “Буюк қурилишимизда сиз азиз ҳайдовчиларнинг ҳам ҳиссангиз бор, рози бўласизлар энди”, деб ҳаром ишларини ҳалоллаб қўйса ҳам майли эди. Аксинча бўлди: қоидабузар ҳайдовчиларнинг ҳаққи бўлган бутун мақтов ва шон-шарафлар бирдан “муҳтарам президентимиз”га йўллаб юборилди… – буниси энди очиқ учинчи ҳақсизлик эди!

Ҳар қанча кучанмасин, ҳомийларнинг маблағи барибир озлик қилди. Бунинг устига, ҳукумат бошлаган ишда одатда бўладиган ҳол истадион қурилишида ҳам юз берди – олиб келинган хомашёлардан бир қисми айланма йўл билан бозорга чиқариб юборилди.

Бу иш нима дейилади?

Ўғрилик, ўмариш!

Қурилиш ўрталарига борганда ҳукумат “ўғрилик”ни баҳона қилди-да, янги бир чора қўллади. Сурни бир чалди, қошида махсус десантчилар саф тортди. Уларни тиш-тирноғигача қуроллантирди-да, бетига йиртиқ пайпоқ тортиб, “Ол! Ғус!” дея бозорларга йўллаб юборди. Бир неча марта шундай қилди.

Бирпасда қурилиш бозоридан мошин-мошин қурилиш моли, кийим бозоридан вагўн-вагўн кийим-кечак, темир бозоридан тўнна-тўнна темир-терсак тўпланди. Ўғримолга қўшиб, ҳалолига ҳам чанг солинди – бир бошдан ташиб кетилди, бозор шип-шийдам қилиб қўйилди! Шаҳарда миш-миш тарқалди. Ҳатто чет элнинг бузғунчи радиолари ҳам гапирди:

“Нима бўпти?”

“Истадион қурилишига арматур керак бўпқопти…”

Энг қизиғи – куппа-кундузи қилинган бу талон-торожга ҳеч ким ажабланмади. Одамлар “тўғри” тушунди: ҳукумат чўнтаги тешик бўлганидан кейин бошқа нима қилсин?! Нимадир қилиши керак-ку, ахир. Йўлини топибди – қандини урсин!

Янаям қизиғи – қароққа учраганларнинг ўзи ҳам миқ этмади! “Мол, жон дахлсизлиги ҳақида Конститутсия берган ҳуқуқ”ни талаб қилиш бировининг эсига келмади! Нимага?

“Ҳаммасининг ишида ишкал бор, – деб тушунтирди айрим давлат одамлари оғизаки суҳбатларда. – Божхонадан расман бир тўнна метал олиб ўтади-да, қолган тўқсон тўққиз тўннасини айланма кўчалардан олиб киради. Ҳужжати йўқ. Ўғриликми? Ўғрилик! Тортиб олсак ҳам индаёлмаётгани шундан. Нима дея оларди?!”

“Мушук текинга қуёшга чиқмайди – ҳаммасини вақтида рози қилганмиз, – дейди металбозордагилар елка қисиб, – молимизни ўтказиб олгунимизча юзларини бир четга буриб туришган эди… Билмадик, нима жин урди…”

Ҳар куни, ҳар соатда, ҳар онда давлат чегараларида нима ишлар бўлаётганидан хабарсиз чеккадаги сиз билан биз икки томоннинг бу икки хил тушунтиришидан ҳайрон бўламиз: молини тортиб олса тадбиркор ғинг дея олмаслигини билишидан, демак, кўп моллар давлат божини четлаб ўтишини давлатнинг ўзи жуда яхши билади! “Билади”гина эмас, вақтида тадбиркорнинг “ҳадя”сини олиб ҳожатини чиқариб юборган ҳам шу давлатнинг ўзидир! Демак, пул керак бўлганида пулини олган эди, темир керак бўлиб қолганида энди темирини олди! Бор гап шу!

Тортиб олинган кийим-кечак қаёққа олиб кетилганини билмадиг-у, металбозордан юкланган арматурлар тўппа-тўғри олиб келиниб, “улкан қурилиш майдони”га тўкилгани ҳақида ишончли манбалардан хабаримиз бор. Балки кийим-кечак ҳам, эски тажрибага таянган ҳолда, қайтадан эга-эгаларига сал арзонроқ нархда “сотиб” юборилиб, пули қурилишга киритилгандир? Билмадик. Билмаган нарсамизни билмадик деймиз.

Албатта, ҳеч бир бозорчи: “Конститутсия берган ҳуқуқимиз қаёқда қолди?” деб бир оғиз сўрамади. Сўрай олмайди ҳам! Сўрай олмайди…-ю, лекин, мабодо кутилмаганда юрагида жасорат туғилиб, барибир сўраб қолса, тепадагилар индамай кулиб тураверишарди…

Шундай экан, эй тадбиркор, бекорга қонун сўқишмай, тек юринг! Бозордаги молингизни, оғзингиздаги ошингизни тортиб олибди, жонингизни олмабди-ку ҳозирча! Шукр қилинг! Шуниси тинч. Келгусингизга ҳам шуниси яхши. Эртага яна мол олиб киришингиз бор…

Бу хил ишлар Ўзбекистонда ғиж-ғиж. Пойдевори ҳақсизлик билан қуйилса, девори ҳақсизлик билан тикланса, томи ҳақсизлик билан ёпилса, бундай қурилишнинг оти нима бўлади? Мен тополмадим. Сиз топарсиз?..

Айтганча, “Бунёдкор” истадиони битди. Бир-икки марта тўп сурилди ҳам. Лекин кўпчиликни норози қилиб, молини тортиб олиб қурилгани учунми, қарғиш теккан бу истадион ҳеч кимга буюрмади: тўп тепса, тўпча келадиган чими ҳам қўшилиб учадиган бўлиб қолди. Ўшандан бери кўнгли чиқиб биронта ўйин ўйналмади.

Қурилиш битди, лекин қурилишга бағишлаб кўтарилган йўлжарималар нимагадир бир сўмга ҳам пасаймади. Ёки Ўзбекистон ҳукумати яна биронта “аср қурилиши” мўлжаллаяптимикан?.. Унисини билмаймиз. Биладиганлар бўлса, айтсин.

Фақат, тушунмовчиликданми, кўнглимизда битта кичкинагина саволча туғилиб қолди, шу саволча жавобсиз қолиб кетмасин:

– Агар “кетиб” қолмаганида Одилбой ҳам истадионни худди шунақа усулда – қароқчилик билан қурармиди?

– …
bunyodkor stadium
Иккинчи мисол. Тошкентдаги Алишер Навоий кўчасида эскида Ҳадрадан бошланиб то Абай кўчасигача чўзилган савдо қаторлари бўларди. Совет пайти “раста” дейиларди. Изласа, ҳамма нарса топиларди у растадан. Ора-орада китоб дўконлари ҳам бўларди. Чойхонаю ошхоналари билан.

Хуллас, жуда файзли эди.

Сўнгра “мустақиллик” келди. Сотсиалистик растани бузиб ўрнига капиталистик бозор қургилари кепқолди. Қурилди ҳам. Бузилган раста эгалари қандай рози қилинганини билмаймиз, аммо янги раста янги бойваччаларга отасининг баҳосида пулланди.

Ёмони ‒ орасида битта ҳам китоб дўкони қолдирилмади! Баҳонада одамлар сотсиализм билан капитализмнинг фарқини билиб олди ‒ китоб синф сифатида тугатилди, пул ишлашга халақит қилармиш. Янги савдо қаторидан одамларнинг оёғи сал узилди-ю, йўқ, ҳартугул аста-секин ўрганиб қайтадан гавжумлашди.

Сўнгра…

Орадан бир неча йил ўтиб янги фармон келди: бу расталар ҳам бузила бошлади. Дўкон эгалари қандай рози қилинганини бу гал ҳам билмай… қолар эдиг-у, Аҳмаджон ака исмли кекса бир саудиялик ватандошимизнинг “Ўзбекистонда қонун йўқ экан, растадаги дўконимиз бузилиб, нақд 400000 (тўрт юз минг!) дўлларга куйиб қолавердик, кимса ҳол сўрамади”, деган дардини (ўз қулоғим билан!) туйиб, масаланинг тагига сал-пал етгандай бўлдик.

“Хўжалик маҳкамаси (суди)га арз қилмадингизми? Ҳарҳолда, ундириб олишингизга бир имкон-да буям”, деган даккимизга жавобан асли бухоролик Аҳмаджон ака:

“Биз советнинг жабрини тортиб Ватандан айрилган ва бир умр унинг озодлигини кутиб яшаган одамлармиз, энди мустақил бўлганимизда ўз Ватанимизни маҳкамага берсак ярашмас…” деди хомуш.

Одатдагидек, ўзимизга хос, ўзимизга мос йўл тутилган чоғи! Бузди-бузалоқдан кейин очилган катта майдон текисланиб, ниманингдир ҳаракатига тушилди. Одамлар оғзида: “Боғ бўлармиш, кўли билан…” деган гап юриб қолди.

Сўнгра янги гап чиқди: кўпқаватли уйлар қурилармиш, икки қават таги қатор дўкон бўлармиш. Айтишларича, ташаббусчиси Бош вазир эмиш… Ташаббусчиси ҳукуматми, демак, бу гал ҳам ишлар “истадиончасига” бўлса керак…

Айтганимиздек, қурилиш майдонини ўраган ясама деворлар сиртида тезда ҳомийларнинг номлари битилган реклам ёзувлари пайдо бўлди. “Ўзнефтегаз” ва яна қанақадир бой ташкилотлар. Балки Ўзбекистон Давлат автоназорати ҳам бу “бахтлилар” қаторига тағин қўшилгандир.

Шаҳарликлар айтишича, “бой ташкилотлар” гиламга чақирилган-да, тиз чўктирилиб: “Чиқим сенларнинг бўйнингга! Пулини қандай ва қаердан топасан – ишимиз йўқ!” дейилган.

Музокара чоғи у гилам устида турмаганимиз учун янаям аниғини билавермаймиз. Бизнинг билганимиз – қурилиш ҳаййа-ҳаййа билан бошланиб, ҳаййа-ҳаййа билан битказилди. Кейин, одатдагидек, тағин эски қўшиқ янгради:

“Президентимизга раҳмат, уйлар қуриб бердилар! Бунақаси дунёда йўқ!”

navoiy-street-kvartiri

Учинчи мисол. Бировнинг ҳисобидан иш битириш усули Ўзбекистонда кеча бошланган эмас.

Бундан бир неча йил бурун ҳукумат йўлакларида юрадиган қайсидир бир ақллининг бошига мошинаси борлардан йилда бир олинадиган йўл солиғини бензин нархига қўшиб юбориш фикри келиб қолади. Таклиф Давлатга жўяли туюлади. Мамлакатни капиталистчасига бошқариш услубига ҳам айни мос.

Конститутсия кўздан пана қилиб турилади, тез янги йўл-йўриқ ишлаб чиқилади. Одатдагидек, Олий Мажлис қўл кўтаради. Қонун кучга киради. Бензин нархи йўл солиғи ҳисобига 20 (йигирма) сўмга ошади.

Ўша пайтгача бир йилда бир марта тўлаб келинган йўл солиғини энди ватандош ёнилғи шаҳобчасига ҳар кирганида тўлайдиган бўлди! Ҳар бир литр устига 20 (йигирма) сўмдан!

У кундан бу кунларгача бензин нархи неча марта, неча баробарга ошди. Устидаги солиқ қисми ҳозир қанча бўлганини бугун ҳеч ким билмайди. Биров айтмайди. Матбуот ёзмайди. Шопирлар ҳам қизиқмай қўйди.

Ҳар гал бензин нархига қўшиб қанчадир миқдорда йўл солиғи ҳам тўланаётгани бугун кўпларнинг эсидан-да чиқиб кетган бўлса керак. Жамият антиқа бу бидъатга (янгиликка) кўникди. Аслида парво қилса арзийдиган иш бу. Бир кунда, бир ойда, бир йилда Ўзбекистон бўйича неча литр бензин сотилади, шундан қанчаси йўл солиғига ажратилади ва тўпланган у тоғдай маблағ қаерга сарфланяпти –ўрганилса, жуда қизиқ гаплар чиқиб кетса керак.

Лекин Оммавий ахборот воситалари Оқсаройга қараб карнай-сурнай чалиш билан овора, шовқини оламни бузаман дейди, бунақа “майда-чуйда” масалаларга вақт қайда ‒ кўзи кўр, қулоғи кар. Ҳар литрга минган йўл солиғи миқдорини тўплам литрга, тўплам литрни кунга, сўнг ойга, йилга, ўн йилга кўпайтириб кўринг!

Ақлингиз бошингиздан учади! Йўл қурилиши ташкилотининг туваги олтиндан бўпкетганини кўрасиз! Мамлакат йўллари ойнадек текис бўлганида ҳам майли эди. “Ҳе, ҳалоли бўлсин-э!” деб юборардингиз. Қаёқда?! Тўқсон фоиз йўл ҳамон дабдала! Шўрлик ватандошнинг мошинаси ажалидан беш кун бурун тўкилиб қоляпти ‒ ғилдираклари пачақ, балонлари ёрилган, қалпоқлари учиб, мурватлари сочилиб кетган!

Кулгингиз келади: йўлга энг кўп чиқадиган шопирлар энг кўп бензин ишлатади, демак энг кўп солиқ тўлайди, лекин бу дабдала йўлларда энг кўп зарарни ҳам ўшалар кўряпти! Ана адолат!

Масаланинг ачинарли томони ҳам бор: чуқур-чаноқдан балони шишмак бўлиб қолган ёки йиртилиб кетган биронта шопир (жумладан камина ҳам!) ҳали Йўл қурилиши ташкилотини маҳкамага бериб, ҳақини талаб қилганини эшитмадик. Бу йўллардан ёппа халқ жабр кўриб турганида нима қиламан шу ишни, деса керак-да. Яна такрорлаймиз: йўллар теп-текис қилиб қўйилганида ҳам майли эди!

Сўраш қандайдир уят-у, лекин тушунмаганимиздан кейин сўрамай ҳам иложимиз йўқ:

Ўзи солиқ олишнинг шунақа усули Асосий Қонунимизга тўғри келадими? Бировнинг чўнтагидаги пулни эгасидан сўрамай, қанча олаётганини ҳам айтмай тортиб олиб қўйиш инсон ҳақларига терс эмасми?

Конститутсия маҳкамаси, агар у ҳалиям ишлаётган бўлса, нима дейди бу ҳақда?

uzgazoil

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com