O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Иноятов кетди – қолган чекистларчи?

Иноятов кетди – қолган чекистларчи?
967 views
17 November 2021 - 17:15

15 ноябр куни 76 ёшли Рустам Иноятов ҳукуматдаги лавозимидан бўшатилди. Собиқ МХХ (ҳозирги ДХХ) раиси бўлган Иноятов Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб келаётган эди.  Эндиликда унинг ўрнига Бахтиёр Исломов тайинланди. Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда Иноятовнинг нимага ишдан олингани айтилмаган. Иноятов бу лавозимга МХХ раислигидан бўшатилганидан бир неча ой ўтиб 2018 йилнинг августида тайинланган эди.

СССР даврида собиқ КГБ зобити бўлган Иноятов, Ўзбекистондаги энг қудратли бу маҳфий идорага мустақилликдан сўнг 1995 йилдан то 2018 йилга қадар қарийб 23 йил раислик қилган эди.

Иноятов ишлаган, аввал номи НКВД, кейин КГБ, МХХ, 2018 йилга келиб ДХХ – Давлат ҳавфсизлик хизмати дея ўзгартирилган идора рахбарлари даврлар ўтиши билан тез-тез алмашганига қарамай, бу идоранинг моҳияти бугунгача ўзгармаган, ҳанузгача бу идора маҳфий ва қудратли тузилма ҳисобланади.

Лекин айни пайтда Иноятов совет разведкачисининг ватанпарвар, ҳалол ва пок инсон бўлиши ҳақидаги ўзбекларнинг тасаввурларини мутлақо ўзгартирган шахс ҳамдир. Иноятовнинг МХХдаги истеъфоси ортидан бирин кетин, президент Мирзиёев таъбири билан тизилманинг “ғўдайган” порахўр чекистлари бирин кетаркан Ўзбекистоннинг сўнгги тарихида бу идора  коррупцияга ва бегуноҳ инсонлар қонига энг чуқур ботган тизилма экани яққол кўринди.

Лекин Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви Иноятов тақдирига деярли таъсир кўрсатмади, у юқорида айтганимиздек президентнинг ҳуқуқ ва назорат бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолиятини давом эттирди.

Рустам Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида, Сурхондарёда туғилган. Отаси Расул Иноятов КГБ полковниги бўлган.

Афғонистон нисбатан тинч, иқтисоди анча барқарор ва толибон сингари диний гуруҳлар томонидан ҳали ишғол қилинмаган 1976 йилдан то 1981 йилга қадар КГБ контрразведкаси зобити бўлган Иноятов дипломатик ниқоб остида Афғонистон элчихонасида ишлаган. Эътибор беринг, 80-йиллар бошида Афғонистон раҳбари Аминнинг ағдарилиши ва 1982 йилнинг ноябрига келиб совет қўшинларининг киритилиши мамлакат сиёсати ва иқтисодини ҳалокат ёқасига келтирган эди. Бу талотўплардаги Иноятовнинг иштироки ҳақида бошқа ҳеч нарса билмаймиз. Аммо очиқ манбаларда ёзилишича 1981 йилга келиб Иноятов КГБ зобити ўлароқ Ўзбекистонда қайтади. Мустақилликдан кейин, 1995 йилнинг 27 июнида МХХ раислигига тайинланади.

Бундан илгари – 1991 йилнинг 2 ноябрида Вазирлар Маҳкамасининг 278-қарори билан Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати(МХХ)га айлантирилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг раиси Ислом Каримов имзолаган қарорда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги фармонлари асосида ташкил этилгани айтилган.

Қизиғи шундаки, мазкур қудратли идорани бир қўлга топширилишини англатувчи низом ҳақидаги фармонни ҳам, низомни тасдиқловчи бош вазир қарорини ҳам битта одам – Ислом Каримов имзолаган эди.

МХХнинг ўша куни тасдиқланган низомида Ўзбекистоннинг бу энг қудратли назорат идораси «Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши» таъкидланган.

Шунингдек, ўша йили тақдирнинг тақозоси билан президент Ислом Каримов бир вақтнинг ўзида бош вазир ҳам эди. Бир вақтнинг ўзида иккита алоҳида ҳокимият органи устидан ҳукмронлик тизгинини қўлга киритган Каримов арқонни узунроқ ташлаш ва чуқурроқ илдиз отишни кўзлаган эди.

Иноятов айни Каримов қўли остидаги МХХга раислик қилган даврда, Ўзбекистондаги демократик мухолифат йўқ қилинди. Айниқса, 1992 йилнги талабалар намойишининг бостирилиши ва 1999 йилги Тошкент портлашлари ортидан мухолифат вакилларига таъқиблар бошланди.  Минглаб диний ва дунёвий мухолифат вакиллари қамоқларга ташланди.

Бу таъқиблар 2005 йилнинг май ойида Андижонда рўй берган қўзғолоннинг қонли бостирилиши ортидан янада кучайди. Айни қирғин боис ўзбек генерали, МХХ раиси Иноятов номи Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилди. Норасмий манбаларга кўра, Андижонда 2005 йилнинг 13 майида намойишга чиққан  мингдан зиёд одам БТРдан отилган ўқлар ёмғири остида ҳалок бўлишган. Ўзбекистон Европа Кенгаши санкциялари остида қолган. Иноятов Европа ҳудудида исталмаган шахслардан бирига айланган.

Айни қора рўйхатга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби 8 нафар ўзбек расмийлари киритилган эди.

Аммо, халқаро журналистлар томонидан кейинги очилган айрим фактлар бу исталмаган шахснинг Европада ҳам, дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўли узун бўлганини кўрсатди.  Улар Иноятовни йирик миқдорда коррупцияда ҳам айблаб чиқишди.

«Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations) журналистлари 2018 йили Иноятов бизнес салтанатининг Австрия, Россия ва Бирлашган Араб амирликлари бўйлаб ёйилгани ҳақида тадқиқотлар сериясини тақдим қилишган эди.

2018 йилнинг февралида Элтуз «Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations) журналистларидан иқтибос келтириб Иноятовлар оиласининг Дубайдаги қурилишларга 12 миллион доллар сарфлагани ҳақида хабар берган эди.

Журналистлар суриштирувига кўра, Иноятовларга тегишли Венадаги 2,5 миллион евро турадиган Benif Handels қасри бор-йўғи бунга улар келтирган оддий битта мисолдир.

Жумладан, Очиқ манба тадқиқотлари журналистларига кўра, Рустам Иноятов оиласи Россиянинг Тула вилоятида $80 млн. долларлик парранда етиштирувчи саноатга эгалик қилади. Улар, шунингдек, ўша ҳудуддаги бир қатор йирик лойиҳалар, жумладан, $20 миллионлик омихта ем комбинатига ҳам сармоя ётқизишган.

«Рустам Иноятов ортиқ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари ҳисобланмайди. Бироқ унинг кенг миқёсдаги иттифоқчилари тармоғи ва сўнгги 23 йил давомида қурган бизнес империяси деярли тегилмасдан турибди» дея ёзган эди Open Source Investigations журналистлари 2018 йилнинг февралида.

Манба: Eltuz.com