O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ишсизлик ёмон экан…

Ишсизлик ёмон экан…
130 views
19 May 2016 - 13:37

141103161207_uzbek_unemployment_bukhara_bukhoro_640x360_bbcuzbek.comБир куни олий маълумотли, пойтахтда ўн йилдан зиёд катта бир даргоҳда ишлаган танишим тақдир тақозоси билан вилоятнинг ўзи туғилиб ўсган туманига қайтиб келгач, иш топа олмаётгани ҳақида гапириб берганида, тўғриси, ишонмагандим.

Нега дейсизми, ахир пойтахтда унинг истеъдодига зорлар кўп эди-да. Мана, беш йилдан буён ўша танишим ишсиз. Ҳар сафар телефон орқали гаплашиб қолганимда “ишсизлик ёмон экан, ишсизлик ёмон экан…” дея шеър тўқиворади.

Тўғри, ҳар кимнинг ризқу насибасини Аллоҳ беради. Бизнинг кунларимизда ҳеч ким очликдан ёки бир бурда нонга зор бўлиб ўлиб кетмайди. Ишламаса ҳам куни ўтавериши мумкин. Худога шукр, дейди у бошида ота-онаси, қариндош-уруғи, жон-жигарлари ёрдам бериб турар.

Лекин…

Меҳнат қилиш керак-ку. Ахир бизнинг болалигимизданоқ “меҳнат инсонни улуғлайди” деб уқтириб келишган. Улуғланиш, иззат-икром кўриш кимга ёқмайди. Ишлаган тишлайди, ҳам дейилади-ку мақолда.

“Ўғил қозоққа, қиз-эрга…”

Бугун ҳукумат катталари Ўзбекистонда ишсизлик даражасини қанчалик пастга туширишга уринмасин, муаммо шунчалик кучайиб бормоқда. Айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ҳатто ота-она ҳам коллежни битираётган боласини ишга жойлаштиришни ҳукумат даражасида ўйламайди. “Ҳа, ўзлари қоғоз тўлдириб қўйишади, дейишади ота-оналар, – ўғлимни қозоққа ёки Россияга ишга жўнатаман, қизимни эрга бераман”.

Бу ёқда ҳукумат коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама шартнома имзолаб ётибдию , бир томонда ота-онанинг дарди фикри “ўғлини мардикорликка жўнатиш, қизини эрга бериш”.

Коллеж раҳбарлари бугун неча фоиз битирувчингни иш жойи тайин, десангиз сизга боши-адоғи йўқ даста-даста папкалар (уларнинг тилида йиғма жилд)ни кўрсатишади. “Биз битирувчиларнинг ишга жойлашиш масаласинни ижобий ҳал қилаяпмиз, мана тўрт томонлама шартнома тузилди” дейишади.

Аммо амалда…

Бандлик масаласини ўрганиш учун яқинда Тошкент вилоятидаги коллежлардан бирига бордим. Директор йўқ экан. Директорнинг касбий таълим бўйича ўринбосари “бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. 9 йўналишда 649 нафар ўқувчи битираяпти, кадрга бўлган талабдан ортиқча мутахассислар тайёрланаётганлиги учун битирувчиларимиз ишсиз қолаяпти” дея дардини дастурхон қилди. Коллежларда бугун битирувчиларнинг бандлик мониторингини юритиш штаби ташкил этилган. Ана шу штабда бўлиши талаб этиладиган ҳужжатлар йиғма жилдлари устидаги ёзувларни ўқисангиз, коллеж раҳбарлари нега ақлдан озиб қолмаяпти, деб ўйлашингиз аниқ.

Мана мисоллар: “Мутахассислиги бўйича диплом олгандан сўнг аниқ иш жойига жойлаштирилиб, унинг ишга жойлашганлигини тасдиқловчи маълумотлар МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) кесимидаги йиғма жилд”, “олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ўқувчилар билан қилинадиган ишлар йиғма жилди”, “Иши ноаниқ бўлган битирувчилар билан ишлаш йиғма жилди”, “Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчилар билан ишлаш бўйича йиғма жилд”.

Бу йиғма жилдлар ҳеч бўлмаганда, 10 нафар битирувчини ишга жойлаштиришга ёрдам берганда ҳам майлийди…

“Зато, тинчлик…”

Вилоят раҳбарларидан бири ишсизлик, айниқса, коллеж битирувчиларининг ишсизлигини камайтириш учун кўрилаётган чоралар ҳақида айтиб ўтаркан, ўзи ҳам аччиққина бир ҳақиқатни тилга кўчирди. “Мана, кеча биз заводда бўлдик. Унинг раҳбарлари шунча болани ишга ололмаймиз, янги иш ўринлари яратиш режамизда йўқ. Фақат бир ёки икки нафар ходимнинг пенсияга чиқиши муносабати билан иш ўрни бўлиб қолиши мумкин” деди, дея ишсизлик Ўзбекистонда катта муаммо эканлигини айтиб ўтди.

Бугун Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо гапирилмаслиги, тилга олинмаслиги керак. Кимдир муаммолардан гап очса, бир гап билан жавоб бериш одат тусига кирган: “Зато, тинчлик”.

“Мен ҳам зато тинчлик, дея беш йилдан буён ишсиз юрибман” деди танишим бир куни. Коллеж битирувчилари ҳам бахти чопгани, омади кулгани олий таълим муассасалари талабаси бўлар. Қолганлари “зато тинчлик, бизнинг юртдагидек “тиииииииинч” жой ҳеч қаерда йўқ, дея юраверади, тинчгина. Бахтига ота-онаси ҳали ҳаёт. Бир амаллаб боқволади…

Адолат Тошканбой қизи

Манба: bbc.com/uzbek