O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов ва вилоятлар

Каримов ва вилоятлар
124 views
28 September 2014 - 8:26

imagesМустақиллик йилларида Каримов хоразмликларнинг бошига чексиз мусибатлар, бало ва офатлар ёғдирди.

Воҳада иқтисоднинг ривожланмаслиги учун қўлидан нима ҳунар келса, у барчасини ишга солди. Янги ишлаб чиқариш корхоналарини оёққа қўйдирмаслик ва қишлоқ хўжалигида ислоҳатлар ўтказмаслик учун жон-жаҳди билан тараққиётга қарши турди. Борларини йўқотиш учун туну кун бош қотирди. Халқни чалғитиш ва шу баҳонада давлат бюджетни ўмариш учун турли-туман унверсиядалар ва кўнгилочар бачкана тадбирларга кенг йўл очиб, қизининг қўли билан кирими йўқ халқнинг чўнтагини қуритишга зўр берди.

Кўҳна иморатларни таъмирлаш ва йўлларни қайта қуриш баҳонасида, ўзининг жойлардаги мулозимларини бойитиш учун давлат хазинасидан чексиз маблағлар ажратиб, шундай ҳам инқирозга ботган мамлакатни буткул хонавайрон бир ҳолатга олиб келди. Чала таъмирланган иморатлар ва номига бутланган йўлларнинг аҳволи аввалгиларидан ҳам баттар бўлди.

Бутун Хоразм чиқиндихонага айланиб, минг йиллик захкаш ва зовурлар кўмилиб битди. Воҳани зах босиб, экологик аҳвол энг қуйи нуқтага тушди. Оқибатда, бутун ҳайвоноту набодат турли-туман ирсий ўзгаришларга учраб, аҳоли ўртасида сон-саноқсиз кўз кўриб-қулоқ эшитмаган касалликлар урчиди. Совет йилларида эришилган бир тутам мувафаққиятлар ҳам унинг ташаббуси билан йўққа чиқарилди.

Ишлаб турган завод-фабриклар таг-туги билан бузулиб, олтин баҳосида турадиган асбоб-ускуналар маҳаллий раҳбарлар томонидан чет эллик бизнесменларга кепак баҳосида сотилди. Халқнинг машаққатли меҳнатлари эвазига қурилган қанчадан-қанча жамоатга тегишли бинолар зўровон ҳукумат ҳомийлиги остида, ҳаромдан бойлик орттирганлар ўртасида, талон-тарож этилди.

Асносида, у Хоразм аҳли ичидан етишиб чиққаётган ақлли-ҳушли кадрлар бор-ки, уларнинг униб-ўсишига очиқдан-очиқ монелик кўрсатди. Ҳукумат тизимда мамлакат ва миллат рўшнолиги учун тер тўкиб меҳнат қилаётган хоразмлик бўлса, оёғидан чалди. Ҳали бошини кўтармасдан, тайинли бир каромат кўрсатмасдан уларга ақл бовар қилмас туҳматлар уюштириб ёмон отлиқ қилди, урди, сурди, қамади, ва ҳаказо…

Уларни олий тоифали мутахассислар, давлатнинг ривожи учун муҳим стратегик унсурлар экан, деб аяб ўтирмади. Кимки, Муҳаммад Солиҳни ғийбат қилиб, ўзини кўкка кўтарса, уни ёнига тортди. Бағрига босиб, пешонасидан ўпди. Бу каби хоразмликлар ҳам керагича топилди. Аммо, вақти-соати келгач, у барчаларининг оналарини Учқўрғондан кўрсатди. Ўтган 25 йиллик ҳукмронлиги даврида, у ўзи учун дўст билан душманнинг фарқи йўқлигини ҳар нафасида исботлаб келди. Энг яқин дўсти ва ҳамкори деб кўрилган кимсаларни ҳам, зарурат туғулганда мушук боласини егандек ейишини ҳар қадамида намойиш этди.

Ҳатто, уюшган жиноятчилик масаласида ҳам у хоразмликларга бераҳмларча шафқатсиз муносабатда бўлди. У жиноят оламининг машҳурлари бой ва граф билан оғиз-бурун ўпиша турган даврларда, Хоразмда уларга алоқаси йўқ, деб кўрилганларни бола-чақаси, қариндош-уруғи ва бутун уйи-жойи билан вайрон қилди. На айби борларни, на айбсизларни у аямади. Кўзида олови, ичида ғайрати бўлса, Хораздан эканлиги уларга айбнома тамғаси бўлди. Уларнинг ҳақ-ҳуқулари поймол этилиб, қонун уларга қонунларга зид равишда, йиллаб ҳукмлар ўқиди.

Охир-оқибат, ўзбек кўҳна тамаддунининг катта бир ирмоғи бўлган Хоразм тарқоқ ва биқиқ бир ўлкага айлантирилди. Дунё тамаддуни гултожларидаги гавҳарлардан бўлмиш Берунийларнинг ва Хоразмийларнинг буюк ватани Мустақиллик йилларида бузулган ва вайронага айлантирилган ўлкадаги энг ташландиқ, энг чекка бир жой бўлиб қолди. Уларнинг бу каби чексиз-чегарасиз камситишларга тутинишлари ва йиллар бўйи азоб-уқубатлар гирдобида қолишлари учун биргина айблари бор эди. У ҳам бўлса, ўзбекнинг тўғрисўз ва имон-эътиқодида собид ва мустаҳкам ўғли Муҳаммад Солиҳнинг Хоразм тупроғида таваллуд топгани эди.

Хоразмликларнинг айби миллатини, ватанини ва мамлакатини жони-дилидан севган Муҳаммад Солиҳни президентлик сайловларида бир овоздан қўллаб-қувватлаганларида эди. Улар разолат ва қабоҳатга хизмат қилишдан бош тортганлари учун ҳам умри-жонлари ва моли-дунёлари эвазидан тавон тўладилар. Адолат ва эзгулик истаганлари учун ҳам бошларига балолар орттирдилар, Каримов мустақиллиги йилларида, дунё дунё бўлиб кўз кўриб-қулоқ эшитмаган сансалорликларга, адоқсиз мусибатларга учрадилар. Ишсизликдан, имконсизликдан уй-рўзғор, бола-чақа ғамида юр юзига сочилиб кетдилар. Буни кимдир билди, кимдир билмади. Иймон-эътиқод учун очиқ кураш майдонига кирган водийликларнинг дарёдек оқаётган қони олдида, бу кабилар кичик бир ирмоқ бўлгани учун ҳам баъзида пайқасалар, баъзида пайқамай қолдилар. Чунки, Каримов водийликларнинг бошига солган бало-қазолар кўлами, шунчалар улкан эдики, унинг ёнида тоғлар ҳам кичик бир тош бўлиб кўринарди.

Аслида, у ҳеч кимни ҳам аямаганди. Қашқадарё ва Сурхондарёда чорак асрдан буён ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизларнинг турли баҳоналар билан сиқув ва мунтазам кузатув остида яшаётганлари ҳам тасодиф эмасди.

Уларнинг Ошкоралик ва Мустақилликнинг илк йилларидаги сиёсий фаоллиги туфайли Каримовнинг бошига келган муаммолар, Муҳаммад Солиҳнинг миллат ва мамлакат олдидаги хизматларидан ошса-ошарди, оз эмасди. Бир замонлар “Бирлик” ва “Эрк”ни қўллаб-қуватлаб, пойтахт кўчаларини тўлдирган йигит-қизларнинг ҳам кўпчиликлари қашқадарёликлар ва сурхондарёликлар эдилар.

Муҳаммад Солиҳ мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган кунга қадар унинг орқасида, Темурнинг енгилмас аскарлари сингари собит турганларнинг ҳам аксарияти қашқадарёликлар ва сурхондарёликлар эдилар. Бир умр юрагини ёввойи бир ўчнинг пайкони билан заҳарлаб яшайдиган Каримовнинг бўлиб ўтган бу ишларни ўла қолса, ёдидан чиқармаслигини, кутмаганда уларнинг яна бош кўтариб қолиши мумкинлигини билишини, ким билмайди?

У шунинг учун ҳам уларни диний экстримистик ташкилотга аъзо ёхуд уюшган жиноятчилик каби асоссиз жиноятларда айблаб, сохта иддаолар билан сурункали равишда қайчилаб турди. Майиб-мажруҳ қилди, дом-дараксиз йўқотиб юборди, ўлдирди куйдирди. Қанчадан-қанча Қашқадарё ва Сурхондарёдан миллатига ҳурлик ва озодлик истаб отилиб чиққан оташ қалбли аёлларни куракда турмайдиган жиноятлар билан айблаб, қамаб юборди. Уларни қилмаган ишлари учун эл орасида бадном қилиб қийноқларга солгани етмаганидек, аёлик шаънини булғаб, номусини қора тупроққа қорди.

Каримов қашқадарёлик ва сурхондаёликларнинг феълидаги шижоат ва жасурликни, қонидаги жангарилик ва ҳарбий ишга мойилликни сезгани учун ҳам, уларни чорак аср давомида бир дақиқа ҳам хаёлидан соқит қилмади. Улар мамлакатнинг ёхуд ер юзининг қаерида юрмасинлар, орқаларидан таъқиб қилди, паспорт режими ёки бошқа бир баҳона топиб, миршаблар қўли билан урди, сўкди, хорлади, қамади.., дарахтни бутаган каби шикаст етказиб, уларни тинмай руҳан синдириб турди…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон