O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов ҳукумати телеканаллар ишғол қилинишига қарши тайёргарликни амалда синовдан ўтказмоқда

Каримов ҳукумати телеканаллар ишғол қилинишига қарши тайёргарликни амалда синовдан ўтказмоқда
209 views
16 June 2014 - 13:42

3Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан ҳозирда тўлалигича давлат назоратида бўлган телеканаллар Каримов режими душманлари қўлига ўтиб қолгудек бўлса, бу кенг кўламли халқ ғалаёнларини келтириб чиқариш учун ўта муҳим воситага айланиши мумкин.

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 14 апрель куни қабул қилган қарори билан телерадиодастурларда изнсиз чиқиш ва давлатга қарши чақириқларнинг олдини олиш чоралари кучайтирди. Tелерадиоузатиш тизимларини ҳукуматга қарши кучлар тарафидан ишғол қилиниб, тузумга қарши тарғибот воситаси сифатида фойдаланмаслиги учун амалга ошириладиган хавфсизлик чоралари вазирлар маҳкамаси қарори билан фавқулодда кучайтирилди.

Эндиликда, ҳукумат табиий, техноген тусдаги фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ниқоби остида телеканалларнинг ҳукуматга қарши кучлар тарафидан ишғол қилинишига қарши тайёргарликни амалда синовдан ўтказишни бошлаб юборди. Хусусан, жорий йилнинг 11 июнида Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида ва Сирдарё вилояти эндокринология диспансерида «Табиий, техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда объект раҳбарияти, фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ФВДТ хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Ўқув машқлари уч босқичда ўтказилди:

«Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича объект раҳбарияти, ФМ тузилмалари ва ФВДТ хизматларининг куч, воситалари йиғини»;
«Телерадиокомпанияда юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф қилиш учун қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ташкил қилиш»;
«Шахсий таркибини шахсий ҳимоя воситалари ва замонавий асбоб-анжомлар билан тўлиқ таъминлаш, санитар сумкаларни тегишли тиббиёт воситалари билан жиҳозлаш».

Бироқ, ўқув машқи раҳбарияти (Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ФВБА ва ҲМҚБ ТХ ФВ бўлинмаси бошлиқлари) Самарқанд телерадиокомпанияси ҳамда эндокринология диспансери раҳбариятлари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибининг фавқулодда вазиятларга нисбатан тайёргарлигидан етарли қаноат ҳосил қилишмади.

Самарқанд телерадиокомпанияси ходимлари фавқулодда вазиятларга етарлича тайёр эмас деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 14 апрелдаги Қарори билан телестудиялар ва трансляция минораларининг эгаллаб олинмаслиги учун уларни ўз-ўзини вайрон қиладиган тарзда қайта жиҳозла (миналаштириш) ва канализациядан узиб қўйиш топширилганди.

ЎХҲ ахборот бўлими