O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Касалхонами ёки фермер хўжалигими?

Касалхонами ёки фермер хўжалигими?
141 views
02 September 2013 - 8:21

(Ёхуд Саматик касалликлар шифохонасидаги сўм йиғимлар ҳақида)

 Тошкент вилояти Ихтисослашган саматик касалликлар шифохонасида (вилоятнинг собиқ Марказий шифохонасида) тиббиёт ходимларидан текин ишчи кучи сифатида фойдаланиш авжига чиқиб, ходимларни нотиббий ишларга жалб қилиш ва бундай ишларни бажаришни истамаганлардан турли йиғимлар ундириш урфга кирган, – дея хабар беради Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ахборот бўлими.

Kasalxon

Ушбу шифохона ходимлари асосан пахта чопиғи ва терими каби қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинади. Бироқ гоҳида бечора врач ва ҳамширалар бундан ҳам оғирроқ меҳнат, масалан, қурилиш ва ободонлаштириш ишларига ҳам сафарбар қилинади.

Шуни айтиш керакки, шифохона раҳбарияти “отанг бозор, онанг бозор” каби ўзбек миллий нақлларига ва “бозор демократияси” каби Ғарб тамоилларига асосланиб, нотиббий ишларга чиқишдан бош тортувчилар учун ўзига хос альтернатив танлов имкониятини яратиб қўйган: бу тоифа “исёнчи”лар белгиланган миқорда нақд пул тўлаб, пахта терими ёки чопиғидан озод бўлишлари мумкин. Яъни, бу: “Далада ишлашни истамайсанми?! Марҳамат қилиб пулини тўла!” – дегани.

Шифохонада бу борада немисча “аниқлик” ва темир “интизом” йўлга қўйилган: ҳар бир иш турининг ўз “нарҳи” бор. Масалан, пахта чопиғидан бир кун озод бўлиш учун – 8 минг сўм, коллеж ёки қишлоқ коттежлари қурилишига бир кун бормаслик учун – 10 минг сўм тўлаш керак ва ҳоказо.

Шифохона ходимлари учун энг катта тўлов энди яқинлашмоқда:  20 кун пахта теримига чиқмаслик учун 400 минг сўм тўлаш керак. Тўлай олмасанг – пахтага теримига чиқ! Кимдир ёш фарзанд онаси, кимдир янги келинчак, яна кимдир балоғатга етган қиз – бу билан хеч кимнинг иши йўқ.

Шуни айтиш керакки, бу йилги пахта эксплуатацияси ва қуллиги илгариги йилларга қарагандан анча кучли. Чунки авваллари пахта термимга чиқмаганлик учун пул тўлаганлар 20 кун уйида дам оларилар. Бу йил эса теримга чиқмаслик учун пул тўлаганлар касалхонага ишга чиқишлари шарт. Касалхона раҳариятининг айтишича: “Беморалрага ҳам кимдир қараши керак” эмиш. Қаранг: аввалги теримларда  эсдан чиққан беморлар бу йилги теримда эсга тушиб қолибди.

Баъзида шифохона раҳбарияти “форс-мажор”, яъни кутилмаган ҳолатлар учун ҳам пул ундириб туради. Мисол учун, шу йил июнь ойида касалхона канализация тизими тиқилиб қолиб, қувурларни аҳлатдан тозалаш учун врач ва ҳамшиларлардан 3 минг сўмдан пул йиғиб олинди.

Ходимлардан август ойида йиғиб олинган пуллар эса, шифохона раҳбариятининг айтишича, Тошкент вилояти ҳокимининг Бўстонлиқ туманида қуриб бошланган дала ҳовлисининг қандайдир харажатлари учун ундирилган. Лекин қандай харажатлари учунлигини раҳбарият очиқ ва аниқ айтмаган.

Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида санаб ўтилган ноқонуний йиғимлар ва кўрсатмаларнинг бажарувчиси Тошкент вилояти Ихтисослашган саматик касалликлар шифохонаси раҳбарияти бўлса ҳам, ташаббускори вилоят ҳокимиятининг ўзидир. Чунки касалхона раҳбарияти ҳам, оддий ходимлари ҳам қишлоқ хўжаликлари ишларига ўз ихтиёрлари билан эмас, ҳокимиятнинг буйруғи билан  чиқишмоқда.

Ҳокимият эса тегишли буйруқни кимдан ва қаердан – мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевдан – олаётгани маълум. Шундай экан пахта ғалвасининг оёқлари Вазирлар Маҳкамасидан ўсиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Кеча, 31 август куни, Тошкентда ўтказилган Мустақиллик байрамида расмий нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов: “Бугунга келиб Ўзбекистон бозор иқтисодиётига тўла ўтиб бўлди” – деди. Аммо шифокор, ўқитувчи ва ўқувчилар хукумат томонидан ҳанузгача қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинаётгани мамлакат ҳали ҳам комунистик маъмурий-режа иқтисодиётидан чиқа олмаётганидан далолат беради.

Агар Ўзбекистон иқтисодиёти, президент Каримов оғиз кўпиртириб айтганидек, бозор мунособатларига ўтиб бўлганида, пахтани шифокор, ўқитувчи ёки ўқувчилар эмас, пахтани эккан фермерларнинг ўзи терган бўларди. Лекин ўзбек фермерларининг пахта теримига қизиқиши йўқ, чунки пахта тергандан уларга фойда йўқ. Юзага келган вазиятда мамлакат ҳукумати бундай ишларга бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимларини ва ўқувчиларни жалб қилишга мажбур.

Шундай экан, Ўзбекистонда шифокорлар, ўқитувчилар ва ўқувчилар деҳқонлар қилиши керак бўлган ишларни, касалхона, мактаб, коллеж ва лицейлар эса фермер хўжаликлари ўташи лозим бўлган вазифаларни бажаришга мажбурлар.

ЎХҲ ахборот бўлими