O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кекса ёзувчи Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод этилди

Кекса ёзувчи Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод этилди
123 views
20 April 2013 - 10:35

130420065859_uzbek_writer_mamadali_mahmudov_makhmudov_freed_512x288_humanrightswatch1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб қамалган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов озодликка чиқарилган.

Бу ҳақда қароргоҳи Парижда бўлган “Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси” раҳбари Надежда Атаева хабар қилган.

Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича, 73 ёшли адиб кечки соат 8 ларда кутилмаганда Тошкентдаги хонадонига кириб келган.

“Бир пасда Мамадали аканинг уйи одамга тўлиб кетди. Ўзлари озиб кетганлар, саломатликлари яхши эмаслиги кўриниб турипти”, дейди Дилором Исҳоқова.

Кекса адиб Тошкентдаги “Тоштурма” номи билан таниқли қамоқхонадан озодликка чиқарилган.

Кўпчилик Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати узайтирилиши ҳақидаги маҳкама қароридан кейин унинг яна жазони ижро этиш муассасасига қайтарилишини кутаётган эди, бироқ у озод этилган.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилги 16 февралдаги Тошкент портлашларига алоқадорлик билан портлашлардан 10 кун ўтиб ҳибсга олинган эди.

Уни Ўзбек маҳкамаси ўша йили мамлакат контитуцион тузумига тажовуз қилиш, ноқонуний жамоат ташкилоти ва диний ташкилот тузиш, жиноий уюшма ташкил этишда айбдор деб топган, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Мамадали Маҳмудов қамоқхонадан мактуб чиқарган, бу мактубда 1999 йил февралида юзига ниқоб таққан кишилар қандай қилиб қўлга олишгани, Тошкент ташқарисига олиб чиқиб, икки ой давомида қандай қийноқларга солишгани ва “иқрорлик видеоси”ни қандай қилиб тасвирга туширганлари ҳақида батафсил ёзган.

Шу йил февралида Мамадали Маҳмудовга тайинланган 14 йиллик қамоқ жазоси тугаган эди.

Бироқ шу йил 8 апрелида Тошкент вилояти Ғазалкент туман маҳкамаси ёзувчини қамоқхона тартибини бузишда айблаб унинг қамоқ муддатини яна уч йилга узайтириш ҳақида қарор қабул қилган.

bbc.co.uk/uzbek