O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Лайса бил имкон аҳсана мимма кан”

“Лайса бил имкон аҳсана мимма кан”
135 views
21 April 2013 - 8:11

Яъни, бундан яхшиси йўқ, ҳозиргидан яхшиси имконсиз…Кимдан яхшиси йўқ экан? Башар Асаддан яхшиси йўқ. Ким айтган бу гапни? Имом Бутий (қаранг: habervaktim.com). Яна шундай золимона бир сўз: Ал Асад илал Абад, Асад билан абадиятга қадар…Бир золим диктаторнинг ва унга хизмат қилган “олим”нинг шиорлари булар. Бундай шиорларни Тошкентнинг эски шаҳарлари тарафидан, тўнига ўранган, салласига безанган “уламолардан” ҳам эшитаётгандайман: Каримовдан яхшиси йўқ, Каримов ўлмасин, абадиятга қадар бошимизда турсин…

SALLA1

Бу ҳам ўзбек “имом Бутийлар”нинг сўзларидир. Ҳолбуки, Асаддан, Каримовдан ҳам яхшилари бор. Масалан, Эрдўғон бор, Муҳаммад Мурсий бор…Умар (ра), Али (ра), Умар ибн Абдулазиз (Аллоҳ раҳмат қилсин), Салоҳиддин Аюбий, Умар Мухтор (Ливия қаҳрамони) бўлганлар. Булардан ҳам яхшиси, оламларга раҳмат сифатида юборилган Муҳаммад (сав) ва у буюк зотнинг суннатлари бор. Айтишлари мумкин, булар ҳаммаси мусулмон, диндор кишилар. Биз эса динсизларни, имонсизларни, атеистларни айтаяпмиз булардан яхшиси йўқ, деб. Тушунча шу, даража шу: динсизлигини, имонсизлигини билсангиз, нима қиласиз, шундан яхшиси йўқ, деб. Сиз ўзингиз имом либосига ўранган, имом салласини ўраган, дин номидан гапирадиган одамсизку: дин номидан бир динсизни, имонсизни шундан яхшиси йўқ, деганингиз учун охиратда нима, деб жавоб берасиз…

Яна айтишлари мумкин, сиз ўзингиз дунёнинг бир бурчагида, бошингиз қилич остида турмасдан бу сўзларни айтмоқдасиз…Аммо бизнинг бошимиз устида тўқмоқ ва қилич кўтарилган, шунинг учун ҳам Асаддан, Каримовдан яхшиси йўқ, демоқдамиз…Аммо сизнинг у “азиз” бошингизни бу золимларнинг қиличи остига олиб борган ким ўзи ёки нима ўзи? Мабодо, қутурган нафсингиз бўлмасин. Акс ҳолда бу золимларга “имомлик” қилгандан кўра, тижоратми, чўпонликми, дурадгорликми қилиб, кунингизни ўтказсангиз ҳам бўлардику! Ёки Аллоҳнинг ери шунчалик тор бўлдида, сиз учун золимнинг қиличи остида яна ўша золимни “ундан яхшиси йўқ, у абадиятга қадар бошимизда турсин”, дея оладигангиз бир сиқим тупроқдан бошқа ер қолмадими? Динингизни, имонингизни қўриб, Аллоҳ бу золимларнинг жонини олсин, дея ҳижрат қилсангиз, Аллоҳнинг ери сизга тор эдими?

Шундай, азалдан бери шундай, қаерда золим бўлса, унинг ёнида “яхши” фатволар берадиган муфтийлари, имомлари бўлган. Аммо Салоҳиддин Аюбийлар ҳам, Умар ибн Абдулазизлар ҳам, Умар Мухторлар ҳам бўлган..Яъни, уч тоифа доимо бор бўлган: Золим ҳукмдор, золимга хизмат қилган “олим” ва бу иккаласига қарши чиққан ҳақиқий илм ва имон соҳиблари…

Яъни, дунё золим ва унинг “олимига” қолган эмас ҳеч қачон, қолмайди ҳам. Бир пайтлар Фиръавн ҳам абадий ер юзида тураман деганди, “Мен сизнинг энг яхши Парвардигорингизман”, деганди. Ёнида Корун ва Ҳамани бор эди ва улар унга шундай дер эдилар: Сиздан яхшиси йўқ ва биз сиз билан абадиятга қадар биргамиз… Аллоҳнинг амри келди ва ҳаммалари йўқ бўлиб кетди. Абадият уларнинг устидан кулди, уларни масхара қилди, чунки улар ўзларини абадиятдан устун, деб билар эдилар. Аммо бугун таг томирлари билан чириб, йўқ бўлиб кетдилар…

Золим Қоддафий шундай дер эди: Мен бўлмасам, бу халқ қандай яшайди? Яъни, халққа мен кислород етказиб бераяпман, мен бўлмасам халқ кислородсиз бўғилиб ўладику…Мен бўлмасам халқнинг ризқини ким беради? Бундай золимларга жонивор дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Чунки жониворлар ҳам фитрийлик, яъни ўз табиати билан яшайди. Вақти келганда бу жониворлар ҳам у ёки бу шаклда жон таслим қилади, абадийман, энг яхши менман, деб бошқаларни безовта қилмайди…

Асад энг яхши эмиш, Каримов энг яхши эмиш…Ҳолбуки, Назарбоев Каримовдан нисбатан яхшироқдир. Қозоқ биродарларимизнинг аҳволига қараганлар буни дарров тушунадилар. Аскар Акаев диктатор Каримовдан яхшироқ эди. Халқини ўққа тутмади, қўлини қонга бўямади, индамай истеъфога кетди…

Каримов энг яхши, Каримов абадиятга қадар турсин! Чунки Каримов ва “олимлари” шундай дейдилар: Каримов бўлмаса, фанатизм ва радикализм келади! Шунда кунингизни кўрасизлар! Ажабо фанатизм ва радикализмдан бошқа нарса йўқми Каримовнинг ўрнини оладиган? Ўрта йўл йўқми, мўътадиллик йўқми, адолат йўқми? Дунё ва охират ўртасида мувозанат йўли йўқми? Ким ўзи бу халққа шу иккисидан бирини танлашни “тақдир” қилиб берган: Ё Каримов ёки фанатизм ва радикализм! Бундай “каромат” кўрсатаётганлар мабодо ҳавойи нафсларига эргашган “олимлар ва имомлар” бўлмасин! Ҳолбуки, Аллоҳдан ҳаққи билан олимлар ва имомлар қўрқишлари керак…

Ким айтди, Каримов кетса ўрнини радикализм ва фанатизм олади, деб? Ахир, эрта ғойб, ғойбни эса Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Балки Аллоҳ бу халққа яхшиликни насиб қилар (Илоҳим шундай бўлсин! Омин!). Балки Каримовдан яхшиси келар иш бошига ва шундай дер: Эй, инсонлар, ўрта йўлдан юринглар! Ҳеч бир масалада ҳаддан ошманглар, динни (яъни дин фарз қилган ибодатларнинг) ҳам, дунёнинг ҳам ўз ўрни бор! Бир томонга оғиб кетманглар, акс ҳолда ҳалок бўласизлар…

Албатта, косанинг тагида ним коса бор. Яъни, жамиятда жоҳиллик маърифатдан устун ва кенгроқ тарқалган. Инсонлар нафсларини тўйдириш билан, уй қуришу, тўй маъракат ўтказиш билан оворалар. Бундайларнинг на Каримов билан на да Асад билан иши бор. Ҳар ким ўзинг учун ўл етим дардида..Бировнинг биров билан иши йўқ. Ҳолбуки, улар маърифатни жоҳилликдан устун кўрганларида кундалик ҳаёт кечиришлари ҳам осонлашарди. Ҳозиргидай ҳавойи нафслариги эргашиб, қалблари қаттиқлашиб, ахлоқлари бузилиб, инсон инсонга бўри бўлиб эмас, имонлари ортиб, кўнгиллари юмшаб, ахлоқлари тузалиб, инсон инсонга биродар бўлиб яшашарди. Аммо халқни бундай маърифатга ким етаклайди? Булар имонини пулга, ҳавойи нафсига, золимнинг “имоми, муфтийси” бўлиш мақомларига сотмаган ҳақиқий илм ва маърифат эгаларидир. Уларнинг тилидан асло ва асло “Асаддан яхшиси йўқ, Каримовдан яхшиси йўқ”, деган ёлғон шиорлар чиқмайди. Чунки улар “Ҳукм берувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ эканини” (Тийн сураси 8 оят) биладилар.

Хулоса шуки, ўзбек, деган халқнинг ҳаётида яна бир имтиҳон даври тугамоқда. Рашидов даврини ҳам, Усмонхўжаев даврини ҳам, Каримов даврини ҳам кўрди бу халқ. Эртага бошқа бировнинг даври бошланади. Эртага эса умид билан қарашимиз керак. Чунки эртага сирлар очиладиган кундир. Худди Сталиндан кейин шахсга сиғинишнинг оқибатлари таҳлил қилинадиган кундир эртанги кун. Ўшанда “бундан яхшиси йўқ, шу абадий яшасин”, дейилган золимларнинг бутун зулмлари ошкор бўлади. Шунингдек, золимлар кийдирган тўн ва саллага ўралган “олимларнинг” ҳам сирлари ошкор бўлади эртага. Шунинг учун ҳам эртанги кунга ҳозирдан тайёрланайлик. Қўлидан келган яхшилик қилсин, бу қўлидан келмаса ҳеч қурмаса ёмонлик қилмасин, ёмоннинг, золимнинг ёнини олмасин. Ҳадиси шарифда айтилгани каби “Ё яхши гап айтинглар ёки сусинглар”. Бу гап ҳаммамизга, аввало нафсимга тегишлидир. Аллоҳ билгувчироқдир!

Намоз Нормўмин

21.04.2013