O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мухолифат нима иш қилаяпти?

Мухолифат нима иш қилаяпти?
170 views
05 May 2013 - 9:31

Мухолифат сиёсий ташкилот сифатида (бу ҳаракат ёки фирқа ҳолида бўлиши мумкин)  расмий ҳукуматга қарши бўлган, бу ҳукуматни давлат бошқарувидан узоқлаштириб, унинг ўрнига ўзи ҳукуматни бошқаришни мақсад қилиб олган ташкилий кучдир. Мухолифат ҳукуматнинг сиёсатини бутунлай рад қилгани каби, баъзи давлатларда (масалан, ҳозирги ғарб давлатларида) ҳукуматга қисман мухолифлик қилиши ҳам мумкин.MUHOLIFAT

Инсоният тарихида давлатлар ўртага чиққандан буён фуқароларнинг давлат ҳокимиятига муносабати турли туман бўлиб келган. Эски даврларда ҳам, бугунги кунда ҳам давлат ҳокимиятини ўз билганича (яъни ҳавойи нафсига кўра) эгаллаб олганлар (ҳар хил мафкураларга ёки яккашахс бошқарувига асосланган давлат тузумлари) ҳар қандай мухолиф фикрга қарши бўлганлар. Бундай тузумларда мухолифларнинг турли йўллар билан овози ўчирилган, сургун қилинган, қамоққа ташланган ва ҳатто қатл қилинган ва бу ҳол бугунги кунда ҳам давом этмоқда…

Сўнгги асрларда Туркистонда давлатчилик инқирозга учрашига қарамай, халқимиз ўзининг миллий ва эътиқодий қадриятлари, урф ва одатлари асосида мавжуд ҳукуматларга турли даражада ўз муносабатини билдириб келган. Туркистон хонлари замонида ҳам, чор Русияси ва совет тузумида ҳам мавжуд ҳукуматаларга танқидий назардан қараганлар  бўлган. Бу тузумларнинг ўз мухолифларига қарши ўтказган қатағон сиёсатлари халқимиз тарихида машҳурдир.

Энди ўзбек мухолифатига келадиган бўлсак, қайта қуриш ва ошкоралик йилларида, кейин мустақиллик даврида ўзбек мухолифати ўз фаолиятини халқимиз ижтимоий сиёсий ҳаётининг айрилмас парчаси ҳолида давом эттириб келмоқда. Ислом Каримов диктатураси зулмда дунёга машҳур бўлишига қарамасдан, у ўзбек мухолифатини тамоман тор мор қила олмади. Мавжуд режим зулмини ортирган сайин халқ турли табақаларининг бу режимга қарши мухолифлик кайфияти ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунга келиб зиёлилар, тадбиркорлар, диндорлар ва ҳатто ҳукумат расмийлари орасида ҳам Ислом Каримов режимига қарши бўлганларнинг умумий сони миллионлардан иборат эканлигини айтишимиз мумкин. Қайта қуриш йилларида ўртага чиққан илк мухолиф ташкилот бўлган “Бирлик”ни шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ва сафдошлари қурган эдилар. Аммо бу ташкилотга турли сабаблар билан кирган (ёки киритилган) совет тузумининг қолдиқлари коммунистлар унинг фаолиятини издан чиқардилар. Шундан кейин сиёсий ташкилот сифатида эса “ЭРК” партияси тузилди. Каримов диктатурасининг қатағон сиёсати натижасида ўзбек мухолифлар хорижга кетишга мажбур бўлдилар. Шу тарзда мустабид режимга қарши кураш хориждан давом эттирилди. 2011 йилда мухолиф ташкилотларни ва шахсларни ўз сафида бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилди. Ҳаракатимиз билан бирга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, диний идорадан мустақил бўлган мусулмон жамоатлар Каримов диктатурасига қарши мухолифлик курашини давом эттирмоқдалар.

2

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 2011 йилда сиёсий ташкилот сифатида ўртага чиқди. Ҳаракатимизнинг шиори “Диктатура ўрнига эркинлик, ҳуқуқ ва адолатга асосланган фуқаровий жамият қуришдир. Яъни, Ислом Каримов режимининг икки асоси бор: халқни қул қилиш ва унга зулм ўтказиш. Бунга жавобан ЎХҲ ватанимизда “Эркинлик ва Адолат”нинг тантаъна қилишини ўз дастури қилиб олган. Мен интернет ижтимоий тармоқларидан бирида “Сизлар Ўзбекистон учун нима қилдингизлар”, деган саволга қисқача шундай жавоб бердим:doloy-300x153

-Ўзбекистон мустақиллигини кун тартибига келтирдик, бунинг учун курашдик ва Ўзбекистон мустақил бўлди.

-Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун курашдик ва бунга эришдик.

-Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини ҳозирлаб, унинг Олий Мажлисда қабул қилинишига эришдик.

-Ўзбекистонда илк эркин ва адолатли сиёсий, ижтимоий ва эътиқодий ташкилотларни туздик. Бу билан халқимизнинг илмий, маънавий ва эътиқодий уйғонишига ўз ҳиссамизни қўшдик.

-Ўзбек халқини қул қилиб олган Каримов диктатурасига қарши курашдик ва курашаяпмиз. Бу диктатуранинг жиноятларини бутун дунёга фош қилдик ва бу билан Ўзбекистон халқи ва давлатининг обрўйининг қўринишига ҳиссамизни қўшдик.

-Ўзбекистонда Каримов зулмидан қочиб чет элларга кетган ҳамюртларимизга ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз.

-Халқимизнинг Каримов диктатурасидан қутулиш учун мухолиф фаолиятни йўлга қўйдик ва инша Аллоҳ яқинда бу ишда муваффақиятга эришамиз..

-Бутун бу ишларни ўз имконларимиз билан аввало Ҳақ ризоси ва кейин халқимизнинг манфаати учун қилдик. Бу йўлда шаҳидлар бердик. Минглаб тарафдорларимиз Каримовнинг зиндонларида қийноққа солинди ва солинмоқда.

-Бу гапларни халқ учун нима қилдиларинг, деган саволга жавоб сифатида ёздим. Энг муҳими сиз ва сизнинг кабиларга ўхшаб диктатор Каримовнинг зулм режими тарафида бўлмадик ва бутун имконларимиз билан бузулмга қарши курашаяпмиз… “

Албатта, ҳақиқий мухолифат сафидаги дўстларимиз бу айтилганларга қўшимча қилишлари ёки унга тузатиш киритишлари мумкин. Чунки бу айтилганлар мухолифатнинг умумий ҳисобати эмас, унинг бир аъзосининг фикрларидир.

Қисқача айтганда, мухолифат мана шундай савобли ишларни бажарди ва бажармоқда. Албатта, мухолифат сафларига режим тарафидан киритилган ва мақсади ҳақиқий мухолиф ҳаракатларнинг курашини бўшга чиқаришдан иборат бўлган сохта мухолифатчилар ҳам йўқ эмас. Аммо ҳақиқий мухолифат, яъни ЎХҲ ва у билан ҳамкорлик қилаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек бу ташкилотларга аъзо бўлмаган эркпарвар ва адолатпарвар ҳамюртларимиз Ўзбекистонда Каримов диктатураси ўрнига янги жамият қуриш учун курашмоқда. Бундай жамият халқимизнинг миллий ва эътиқодий қадриятларига, шунингдек умуминсоний тараққиётнинг ижобий қадриятларига асосланиши керак. Бу маънода Каримов режимига қарши бўлган барча ҳамюртларимизни эътиқоди, миллати, сиёсий тушунчаси қандай бўлишидан қатъий назар ЎХҲ билан ҳамкорликка даъват қиламиз. Чунки ҳозирги асосий масала зулм режимининг тугатилиши ёки унинг давом этишига йўл қўймасликдир.

ЎХҲ 2012 йилги мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизда Каримов диктатураси ўрнига ўтиш даврида жорий қилинадиган амалий дастурини эълон қилди. (uzerk.org). Шунингдек, халқимиз Каримов режими зулмига қарши охирги чора сифатида исёнга бош урадиган бўлса, ҳаракатимиз бундай халқ намойишларини тинчлик руҳимда ва тартибли ўтказишнинг аниқ  дастурига ҳам эгадир. (uzerk.org)

Намоз Нормўмин

ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва Мувофиқлаштирувчиси

05.05.2013