O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Наманганда тоза ичимлик суви устида тўполон

Наманганда тоза ичимлик суви устида тўполон
135 views
09 June 2014 - 12:23

1Фарғона водийси вилоятларида ичимлик суви танқислиги муаммоси бир неча йиллардан бери ҳал қилинмаган муаммолардан саналади.  Вилоятлар аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи юк машиналарида олиб келиб сотиладиган ичимлик суви ҳисобидан қаноатлантирилмоқда. Бироқ, сўнги пайтларда ёқилғи таннархининг ошиши, техник ва бошқа сабабларга кўра ичимлик суви ташувчи юк машиналарининг ҳам қатнови сустлашиб қолган. Бу эса вилоят аҳолисининг бир неча кунлаб ичимлик сувини кутиб қолишлари,  охир оқибат сув устида тортишувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Наманган вилоятидан келган хабарларга кўра аҳоли юк машинасида олиб келиниб 1500-2000 сўмдан сотиладиган тоза  ичимлик суви учун ўзаро жанжаллашишча бориб етмоқда. Ахоли сотилаётган сувни тўс-тўполон билан талашиб уришиб олишмоқда.

2

Маълумотларга кўра, вилоят насос станциядаги сувни етказадиган агрегатлар ҳали хам эски, янгиланмаган. 60 -70 йиллардаги собиқ СССР давридан қолган агрегатлар.

namanganda qurg`oqchilik1

Аслида тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммо Ўзбекистоннинг барча вилоятларига таълуқлидир. 2008 йилдаёқ “Ўзбекистон Экологлари” ижтимоий ҳаракати аввал Оролбўйи ҳавзасида кузатилган ичимлик суви сифатининг бузилиши республиканинг бошқа ҳудудлари томон кенгайиб бораётганини таъкидлаганди.

Мутахассислар ичимлик суви сифатининг пасайиб бораётганини биринчи навбатда шўрланиш, кейин ерости сувларидан фойдаланишни нотўғри ташкил қилингани билан боғлашади. Шу билан бирга, уларнинг фикрича, саноат ва маиший чиқиндиларни ҳам бу жараёнга таъсири бор. Шу боис кўп жойларда ичимлик сувининг сифати пасайиб кетмоқда.

БМТнинг сув ресурсларини баҳолаш бўйича бутунжаҳон дастури ҳар уч йилда ҳисобот эълон қилади. Ўзбекистон мазкур ҳисоботларда 2009 йилдан дунёдаги сув тақчиллиги кучли сезилаётган давлатлар тоифасига киритилган.

Ўзбекистонда ичимлик суви асосан ер ости манбалар ҳисобидан таъминланади. Ер ости чучук сув ресурслари Фарғона водийси (34,5%), Тошкент (25,7%), Самарқанд (18%), Сурхондарё (9%) ва Қашқадарё вилоятлари (5,5%)да жамланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари маҳаллий оби ҳаёт манбаларидан деярли маҳрум.

БМТнинг “Сув – Ўзбекистон келажаги учун муҳим ҳаётий ресурс” тадқиқотига кўра, республика аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми (6 миллиондан ортиқ киши) ифлосланган сувнинг салбий таъсирини ҳис қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар неча йилдирки, Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолиси ичаётган сув амалдаги стандартлардан бир неча тош нарида экани ҳақида бонг уради. Давлат Санитария-эпидемиология идораси ҳам ушбу ҳудуддаги водопровод суви кимёвий таркибига кўра 18,7 дан 75 фоизгача давлат стандарти талабига жавоб бермаслигини тан олган.

Мутахассислар Самарқанд вилоятидаги Зарафшон, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Оҳангарон, Фарғона вилоятидаги Сўх сув манбаларининг ҳам таги кўриниб қолаётганига эътибор қаратади.

ЎХҲ ахборот бўлими