O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нима учун ўзбек боласи юргакда совуққотмоқда, хитой боласи роҳат олмоқда?…

Нима учун ўзбек боласи юргакда совуққотмоқда, хитой боласи роҳат олмоқда?…
163 views
07 December 2014 - 15:50

1Ўзбекнинг жони қаттиқ –қийноқ ва очликдан ҳам, совуқдан ҳам ўлмайди,

Хитой ҳукумати мени асрайди, уларнинг кўнглини овламасам бўлмайди

(Еттиюзламачи Қатағанбойнинг махфий дастуридан)

Айнан ўзбек миллатига ҳос: -«Ўзингдан катта гапирганда, -тег ўтир, жим ўтир», -деган тарбиявий танбеҳ сўзлар, ўзбек ҳонадонларида, бола тарбиясида энг кўп ва кенг тарқалгандир…

Ҳа, Ўзбекистон давлат сифатида ҳам, халқ сифатида ҳам, Хитойдан анча кичик, демак қон-қонимизга сингиб кетган, каттанинг тарбиявий танбеҳ сўзлари баробарида, Чин давлатига сув текингами ёки текингами, гарчанд ўз болаларимиз йўрғакда совуқдан кўкариб – зотилжам топаётган бўлсада, совуқдан ёши улуғ ота-оналаримизнинг боти қўзғалиб ётган бўлсада, ёш келин куёвлар ҳам совуқдан жунжикишиб бир-бирига тескари бўлиб ётган бўлсада, газимизни тортиқ қилаётган бўлса ажаб эмас…

Аммо, катта бўлган буюк Хитой ҳукумати, Ўзбекистонга қарата, -«газ бер деганда, ўзбекка ўхшаб жим ўтириб айтганни қилгинда, акс ҳолда … » , -деб пешонага милтиқ ўқталганидан хабарим йўқ, демак гап бошқа ёқда, яъни Хитойга хушомад ўзимиздан чиқмоқда, ўз болаларимиз совуқда қотсада.

Нега Еттиюзламачи Қатағанбойга Хитойга хушомад қилиши керак, бу ҳақда кейин фикралашамиз..

Мана шу муаммонинг ечими учун ҳам, 21.12.2014 йилда илк бор қатъи қадам ташламоқ шарт, айнан муаммонинг ечимини мана шу жойдан изламоғимиз шарт!

Бир тарихга назар ташласак:

1970 йилларда: -Газини Уралга бериб, тезак ёққан ўзбегим.., шеърини ўқимаган киши йўқдир?
Бугунги кунда: -Газини Хитойга тортиқ қилиб, ўзи совуқдан азоб чекмаган киши йўқдир?

Келинг дўппини ечиб, қовоқни қашиб фикр қилишга ҳаракат қилайликчи:

1970 йилларда, Газлидан битта линияда газ Уралга-Европага кетган экан, аммо эвазига қанча-қанча нарсалар берилмаган-микан, холбуки у даврларни рус марказнинг босқинчилик сиёсати деб қораласакда?

Бугунчи, бугун қайси марказнинг, Хитойга бир эмас, икки эмас учта газопроводда газини тортиқ қилаётган босқинчилик сиёсатидан азият чекмоқда тилу-забонсиз бечора Ўзбекистон халқи…

Аччиқ бўлсада айтишим шарт, айнан ўзимизнинг тилу-забонсизлигимиздан ва қўрқоқ-мутелигимиздан азият чекмоқдамиз, ҳа хақиқат аччиқдир!

Аммо, халқнинг дардини тинглайдиган ҳеч ким йўқ, мана шунинг учун ҳам, 21.12.2014 йилдаги сайлов спектакли бизга керак эмас, аксинча ростманасига халқ эркини намоён этган ҳолда, уни жуда чиройли қилиб, Славян қабрларидаги хочга ўхшаган крестимизни чизиб ушбу спектакли билан, -«АЛВИДО» лашишимиз ва ундан кейин халқ вакилларини сайламоғимиз лозим.

Ушбу хақда, –«21.12.2014: -бизга нима беради –биз нимага эришмоғимиз шарт» -номли мақолада батафсил ўз фикр мулоҳазаларимни, яқин ўтмишимиз асосида ёритганман!

Ахир бу бизнинг Конституциявий хуқуқларимиз, ишонинг мен сизларга қонунга қарши ташвиқот қилмаётибман, бор йўғи Ўзбекистоннинг чиройли қилиб ёзиб қўйилган Конституцияси ва қонунларига амал қилишга чақиряпман холос, буни эплашимиз мумкин, агарда ичимиздаги шайтону-лаин ниқобидаги ҳадик-қўрқоқлик ва сермулоҳазалику-иккиланиш устун келмаса... Акс ҳолда яна ўша эски ҳаммом-эски тоз…

Бу билан янгидан Америка очмоқчи эмасман, буни ҳамма билади ва муаммо сифатида кўп ёзилмоқда, ҳа айнан муаммо сифатида кўп ёзилмоқда, аммо ечими қайда?…
Энди, мазкур сайтда босилган қуйидаги мунозарали мавзуга эътиборларингизни жалб этмоқчиман:

Шу ўринда ЎХҲ таҳририяти мамлакатдаги табиий газнинг ҳақиқий эгаси бўлган Ўзбекистон халқини қарийб 25 йилдан бери қийнаб келаётган газ муаммосига ечим топишда парламент депутатларига мурожаат қилиш ҳеч қандай самара бермайди деган фикрда.

Бошқарувда халқ вакиллигини амалга оширувчи парламентнинг ўз вазифасини бажармай қўйганига ҳам 20 йилдан ошди. Бу ҳақда биз шу йилнинг февраль ойида эълон қилинган «Ўзбек парламенти фаолиятига парда ортидан назар» сарлавҳали мақолада батафсил тўхталиб ўтганмиз. Ушбу мақолада тилга олинганидек қачонки халқ тақдирини ўйлайдиган ва миллат дарди билан яшайдиган инсонлар адолатли сайловлар орқали вакиллик органларига сайланмас экан, ўзбек парламентаризми ҳақида гапириш ноўрин.

Шундай экан, кўтарилган муаммо ечимини 25 ярим йилдан бери ўзбек халқи елкасига миниб олган диктатор Каримов ва унинг ҳукуматидан излашга тўғри келади. Қонунсизлик ва зўравонликка асосланган Каримов диктатураси ҳукм сурган муддат давомида ўзбек халқининг ҳаётида бирор ижобий ўзгариш бўлиши даргумон».

Ҳаммаси жуда тўғри ва ўта долзарб муаммолар, аммо маълумот тарзидаги материал, яна эзмалик бўлсада такрорлашга мажбурман, хўш ечими қайда, ким ушбу муаммони ечиб беради, Америками ёки Европами, акс ҳолда қачон Каримов ўз вазифасидан воз кечишини кутамизми ёки Олоҳнинг иродаси билан қачон фоний дунёни тарк этишларини кутамизми ёҳуд диктатура муддати тугаб ўз-ўзидан тарқаб кетишини кутамизми, шундай бўлиши мумкинми?

Шу ўринда аниқ айтаманки, униси ҳам, буниси ҳам ечим эмас, сабаби:

Биринчидан, бизнинг муаммомизни на Америка, на Европа ёки бошқа биров ечиб бермаслиги кундай равшан;
Иккинчидан, Каримов оёқда турган ҳолда ўз хоҳиши билан вазифани тарк этиши мумкинлиги ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам соддалик эмас, балки лақмаликдир;
Учинчидан, Каримов, фоний дунёни тарк этганидан кейин ҳам, еттиюзламачи-қатағон ҳукумат ўз хоҳиши билан ҳокимиятни халққа топшириб қўйишидан умид қилиш, соддалик эмас руҳий онгсизлик, лақмалик эмас догмаликдир;
Тўртинчидан, диктатура деганлари тез эриб кетадиган музқаймоқ эмаски, иссиқдан ўз-ўзидан эриб йўқ бўлиб кетса.
Қуръонда: -«Токи мазлум халқ ўзининг аянчли аҳволини ўзгартиришга-яхшилашга, ўзлари ҳаракат қилмас эканлар, Оллоҳ ҳам уларни ўзгартирмаслиги» -айтилган экан.

Демак, ўз эркимиз ва ҳақ-ҳуқуқимиз учун фақат ва фақат ўзимиз ҳаракат қилмоқлигимиз;

Қонунсизлик ва зўравонликка асосланган Каримов диктатураси ҳукм сурган муддат давомида ўзбек халқининг ҳаётида бирор ижобий ўзгариш бўлиши даргумон» -деган фалсафий пессимистик ўй билан аразлаб ўтирмоқлигимиз мутлақо мумкин эмас экан.

Яъни, Оллоҳнинг ваҳийси ила нозил бўлган Қуръону-Каримда таъкидланганидек, фақат ўзимиз ҳаракат қилмоғимиз, ҳаракат қилганда ҳам, айнан бутун дунё тан оладиган демократик йўл, қонунга асосланган йўл, сайлов орқали ҳаракат қилмоқлик шарт, лозим ва яна бир бора шарт!

Бунинг учун ҳар бир фуқаро, авваломбор ўзини инсон эканлигини, ўз эрки ва ҳақ-хуқуқига эга шахс эканлигини ҳис эта билмоқлиги ва шахсан ўзи онгли равишда сайловда қатнашмоқлиги ва ўз ақли ва фикрига таянган ҳолда фуқаролик позициясини намоён этмоқлиги ва шунинг баробарида ҳамма биргаликда худди шундай йўл тутмоқлиги лозим ва ростманасига: -«халқ тақдирини ўйлайдиган ва миллат дарди билан яшайдиган инсонларни вакиллик органларига сайлаш»-га ҳаракат қилмоқлик лозим, аммо 21.12.2014 йилда эмас, аксинча ушбу куни қора крестлар қўйилмоғи лозим.

Агарки, миллионлар қалбини қўрқоқлик-ҳадик ва бефарқлик-ўзибўларчилик тарк этмас экан, ушбу ишни амалга ошириш асло мумкин эмас, ҳа миллионлар бирлашмасалар мумкин эмас.

Бунинг учун нима қилмоқлигимиз лозим:

Биринчидан, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати хақиқий маънода Ўзбекистон халқининг ҳаракатига айланмоқлиги ва зудликда харакат дастурини ишлаб чиқмоқлиги, ҳамда миллионлар эътиборига етказмоқлик учун Ўзбекистон халқи ўқийдиган барча саҳифаларда ёритиб бормоқлиги лозим.

Иккинчидан, сайлов натижалари ҳақиқий бўлишлиги мақсадида, чет эл кузатувчилари ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатмоқлик ва улар мақсад ва моҳиятни тўғри англашлари учун уларни аниқ маълумот ва дастурлар билан таъминлашлари, ҳамда сайлов саноқларида фаол иштирок этишлари учун, уларга яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллий фуқаролар сафидан ташаббускор кишиларни жипслаштириш лозим бўлади;

Учинчидан, мазкур материалларни ўқиб бораётган фуқаролар, ҳақиқий маънода фуқаролик ватанпарварлигини намоён этиш мақсадида ўз оила-аъзолари ва яқинлари билан муҳокама қилиш, ҳамда ушбу материалларни кенг оммага етказиш учун, имконият даражасида қоғозга чиқариш ва кишиларга тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида ташвиқот олиб бориш лозим бўлади.

Балки, мазкур фикрлар жуда содда ва оддий туюлар, аммо, -«улкан муаммоларнинг ечими ҳам оддий ва кичик тугунлардан ечилмоқлиги мумкин»лигини назардан қочирмаслик лозим, ушбу хақда олдинги материалларимизда батафсил тўхталганмиз.

Такрорлаш бўлсада, мен 21.12.04да албатта сайловга бораман ва барча номзодларга қора крест қуяман, сиз ҳам ўйлаб кўринг, бу ҳар бир инсоннинг ўз эрки ва виждон амрига боғлиқдир.

Чунки, депутутларни ким тайинлаган бўлса айнан ўшанга қараб эгилиб букилиши, агар хақиқатдан халқ сайласа, албатта халқ тақдирини ўйлайдиган ва миллат дарди билан яшайдиган бўлишлари табиийдир. Шунинг учун ҳам, депутутларни халқ сайлаши ва улар халққа ҳисобдор бўлмоқлиги лозим.

Холдор Равшан