O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Одил-бой яна уй ҳибсига олинди

Онасининг вафоти муносабати билан уй қамоғидан вақтинча муддатга чиқарилган Миродил Жалолов Янги йил арафасида ҳукумат томонидан яна уй ҳибсига олинди.

Одил-бой яна уй ҳибсига олинди
132 views
26 December 2012 - 16:16
mjalolov

Миродил Жалолов

Онасининг вафоти муносабати билан яқинда уй қамоғидан вақтинча муддатга чиқарилган тошкентлик йирик тадбиркор Миродил Жалолов Янги йил арафасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан яна уй ҳибсига олинди. Аҳоли орасида ўзининг сахийлиги, мардлиги ва одиллиги билан танилган Одил-бой ўзининг доимий яшаш жойи – Тошкент шаҳрида эмас, балки Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дала ҳовлисида ҳибсда сақланмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, уй ҳибсидаги шахс ўзининг доимий яшаш жойига, яъни пропискага олинган манзилда сақланиши керак. Аммо Миродил Жалоловни ҳукумат атайлаб Тошкентдан узоқ тоғли дала ҳовлисида сақламоқда. Ўзбекистон президентининг девонидаги манбалардан бирининг айтишича, “Одил-бойга қарши бундай усул “опа”нинг (Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг) шахсий топшириғига кўра қўлланмоқда”.

“Бу йўлдан кўзланган асосий мақсадлар – итоатсиз тадбиркорни руҳан батамом синдириб, “опа”нинг олдида тиз чўктириш, халқдан ва пойтахт бизнес элитасидан изоляция қилиб, аҳолининг ёдидан чиқариш”, дейди девондаги манба. Унинг айтишича, Гулнора Каримова айёр отасининг изидан бориб, ўз рақиблари ва душманларига, итоатсиз ва таниқли одамларга нисбатан режимнинг “синдириш” ва “унуттириш” тактикаларини қўллаётгани, “опа”нинг ўз отасидан қолишмайдиган золим ва маккор сиёсатчи бўлиб етишганидан далолат беради.

Миродил Жалолов онасининг маракаларида иштирок этган пайтларда ҳам мазлум тадбиркор ИИБ ва МХХдан бириктирилган қўриқчиларнинг назоратида ушлаб турилган. Ҳатто қабристондаги дафн пайти ҳам қўриқчилар тадбиркор билан “елкама-елка” туриб, “хизмат” қилишган. Эндиликда эса, Одил-бой “юрт опа”сининг шахсий топшириғига кўра яна “дача”сига олиб кетилган.

ЎХҲ хабар маркази