O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайғамбарлар тарихи (18). Юсуф алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (18). Юсуф алайҳиссалом
227 views
09 May 2014 - 9:38

pt1-191x300ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

Юсуф алайҳиссалом Мисрга 17 ёшида келганди. Миср ҳокимининг уйида 13 йил қолди. Ўттиз ёшида молия вазири бўлди (127). Юсуф алайҳиссалом Мисрда вазифасини адолат билан адо этгани учун ҳамманинг севгисини қозонди (128).

Қаҳатчилик кунларида у тўйиб овқат емасди (129). “Ер юзининг хазиналари қўлингда экан, нега оч юрибсан, қорнингни тўйғазмайсан”, дейилганда, у “тўқ бўлсам (130), очларни унутишдан қўрқаман”, деганди (131). Юсуф алайҳиссалом қиролнинг ошпазига қиролга ва унинг оиласига бир кунда фақат бир марта (тушлик) емак беришни буюрди. Буни қиролнинг очликни тотиб, очларни унутмаслиги ва муҳтожларга эҳсон қилиши учун қилди. Ошчи унинг буйруғини бажарди. Шундан кейин қироллар емагини кун ўртасида бериш одат бўлди (132).

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ТАДБИҒИ БИЛАН ҚАҲАТЧИЛИК ЙИЛЛАРИДА ХАЛҚНИНГ ҲУКУМАТ ТАРАФИДАН БОҚИЛГАНИ

Икки йил қуроқлик аввал заҳира қилинган бутун озиқ-овқатни ямлаб ютди. Миср халқи илк йилда бутун олтин-кумушларини бериб, Юсуф алайҳиссаломдан озиқ-овқат сотиб олдилар. Миср халқида на дирҳам, на динор қолди. Ҳаммасини давлат олди.

Халқ иккинчи йилда бутун зийнат ашёларини сотиб, давлатдан озиқ-овқат олди. Халқнинг қўлида ҳеч нарса қолмади. Халқ учинчи йил қўй-сигир, бутун уй ҳайвонларини давлатга бериб, озиқ-овқат олдилар. Тўртинчи йилда бутун қулларини (эркак-хотин) сотиб, давлатдан озиқ-овқат олдилар. Бешинчи йилда халқ ўзининг ери сувини сотиб давлатдан озиқ-овқат олди. Халқнинг қўлида мулк қолмади. Олтинчи йилда халқ болаларини бериб, эвазига буғдой ёки арпа олди. Мисрда қиролнинг тасарруфига ўтмаган на бир ҳур, на эркак қул ва на да хотин чўри қолди.

Бундан кейин Юсуф алайҳиссаломнинг бу ижроатини тақдир этганини айтган Миср қироли Фиръавн Райёнга:
– Мен Аллоҳни ва сени шоҳид тутиб, айтаманки, бутун Миср халқини озод этдим ва уларга мулкларини, қулларини, ўғилларини қайтариб бердим, – деди Юсуф алайҳиссалом.

Халқ Юсуф алайҳиссаломнинг бу ишидан ҳайратларга тушди:
– Валлоҳи, биз бундан шонлироқ, бундан ҳам буюкроқ бир вазир кўрмадик, – деди халқ (133).

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЙЛАНИШИ ВА ФАРЗАНДЛАРИ

Миср қироли Юсуф алайҳиссаломни ўлган вазирнинг хотини Роил (Зулайҳо) билан уйлантирди.

Юсуф алайҳиссалом Роилга (Зулайҳога):
– Сен бир пайтлар мендан истаган нарсангдан бу хайрлироқ эмасми? – деди.
– Эй дўст, сен мени қоралама. Кўриб турганингдек, мен давлат ва дунё неъматлари ичида яшаган гўзал хотин эдим. Хўжайинимнинг эсa хотинлар билан муносабати йўқ эди. Аллоҳ сени гўзал суратда яратганди. Кўрганингдек, нафсим менга ғолиб келди, – деди.
Юсуф алайҳиссаломнинг Зулайҳоси бокира (қиз) бўлганлиги ҳақида ривоятлар бор.

Юсуф алайҳиссалом Зулайҳодан Афроим ва Мишо исмидаги ўғиллари бўлди (134). Афроим Юшо бин Нуҳ, бин Афроим алайҳиссаломнинг бобосидир. Мишонинг Мусо исмидаги бир ўғли бўлиб, у Мусо бин Имрон алайҳиссаломдан аввал пайғамбар бўлганди.

“Таврот” аҳли эсa, Ҳизр алайҳиссаломни излаган Мусо бин Имрон алайҳиссаломнинг бу Мусо бин Мишо бўлганлигини иддао этмак билан (135) катта хатога тушганлар, ёлғон сўйлаганлардир (136).

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БАъЗИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Юсуф алайҳиссалом 17 ёшида қудуққа ташланган пайтда (137) илоҳий ваҳйга маҳзар бўлганди (138), Робби тарафидан маъқул кўрилиб, танланган (139) бўлиб, тоатда ихлосга эришган қуллардан (140) бир пайғамбар эди (141).

Амр бин Имлок, бин Ловаз, бин Сом уруғидан келган Миср қироли иккинчи Фиръавн Райён бин Валидни Аллоҳга иймонга чақириб, иймон эттирганди. Унинг ўлимидан кейин ўрнига айни уруғдан келган Қобус бин Мусъаб бин Муовияни ҳам иймонга даъват этди, аммо у иймонга келмади (142). У кофир (143) ва зўравон эди (144).

Юсуф алайҳиссалом қиролга ва унинг атрофидаги мансабдорларга очиқ бурҳонлар келтирган ҳолда, улар бунга шубҳа билан қарадилар. Ҳатто Юсуф алайҳиссалом вафот этганда:
– Бундан сўнгра Аллоҳ асло пайғамбар юбормас, -дейишди.
– Аллоҳ ҳаддини билмас, шубҳачи кимсаларни шундай йўлдан оздиради (145).

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАФОТИ

Юсуф алайҳиссалом отасининг вафотидан кейин яна 23 йил яшади (146).

У вафоти яқинлашганда Исроил ўғиллари қавмидан саксон одамни ёнига йиғди. Уларга ажалининг келганини, яқинда вафот этажагини, қибтийлардан “тангри”ман деб чиқадиган бир зўравон чиқажагини, у қирол бўлиб, Исроил ўғилларидан бўлган эркак болаларни ўлдириб, қизларини қолдиражагини, Исроил ўғилларини мудҳиш қийноқларга солажагини, унинг салтанатининг узоқ давом этажагини, кейин Исроил ўғилларидан Лави бин Ёқуб ўғилларидан Мусо бин Имрон исмли, узун бўйли, жингалак сочли, буғдойранг бир зот чиқиб, унинг қўли билан Аллоҳу Таоло Исроил ўғилларини Қибтий Фиръавннинг зулмидан қутқаражагини айтди. (Шу боис исроилликлар туғилган ўғилларига Имрон деб исм бердилар. Имронлар эсa ўз ўғилларига Мусо деб исм қўйишди).

Юсуф алайҳиссалом жасадини отасининг ёнига қўйишни васият (147) қилди ва Яҳузани Исроил ўғиллари устидан халифа тайин этди (148). Юсуф алайҳиссалом вафот этганда 120 ёшда эди (149).

Унга ва юборилган бутун пайғамбарларга салом бўлсин!

Юсуф алайҳиссаломнинг жасади хуш бўйларга ийланиб, мармар тобут ичига қўйилди (150) ва Нил дарёсининг канорига кўмилди (151). Устига сув юборилиб, қабр сувга кўмилди (152).

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИСАЛОМНИНГ МЕРОЖ КЕЧАСИДА ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ БИЛАН УЧРАШУВИ

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Мерож кечасида Жаброил алайҳиссалом билан бирга учинчи қат кўкка юксалдилар. Жаброил алайҳиссалом кўк қописини чалди, қоровулга:
– Оч! – деди.
– Сен кимсан? – дейилди.
– Жаброилман.
– Ёнингда биров борми?
– Муҳаммад (алайҳиссалом) бор.
– У мерож учун юборилдими?
– Юборилди, – деди Жаброил алайҳиссалом.
Кўк дарвозаси очилган заҳот, Юсуф алайҳиссалом билан қаршилашди (153). Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
– Эй Жаброил, бу ким? – деб сўради.
– Бу сенинг биродаринг Юсуф бин Ёқуб (алайҳиссалом)дир (154).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом салом берди. У ҳам пайғамбаримизнинг саломини олди ва деди:
– Хуш келдинг, сафо келдинг, солиҳ биродарим, солиҳ пайғамбар! (155)

ИЗОҲЛАР:

127) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 178- бет; Салабий. “Ароис”, 118- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 147- бет; Муҳиддин ибн-Арабий. “Муҳодарот-ул Аброр”, 1- жилд, 127- бет.
128) Салабий. “Ароис”, 128- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 210- бет.
129) Салабий. “Ароис”, 129- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 180- бет.
130) Ибн Қутайба. “Уюн-ул аxбар”, 2- жилд, 404- бет; Салабий. “Ароис”, 129- бет; Ҳозийн. “Тафсир”, 3- жилд, 27- бет.
131) Ибн Қутайба. “Уюн-ул аxбар”, 2- жилд, 404- бет; Салабий. “Ароис”, 129- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 180- бет; Ҳозийн. “Тафсир”, 3- жилд, 27- бет.
132) Салабий. “Ароис”, 129- бет; Ҳозийн. “Тафсир”, 3- жилд, 27- бет.
133) Салабий. “Ароис”, 128-129- бетлар;
(*) Зулайҳо (Ибн Ҳолдун, “Тарих”, 2- жилд, 1-қисм, 40- бет).
134) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 178- бет; Салабий. “Ароис”, 128- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 147- бет.
135) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 48- бет.
136) Аҳмад бин Ҳанбал. “Муснад”, 5- жилд, 117-120-121- бетлар; Бухорий. “Саҳиҳ”, 1- жилд, 38- бет; 4- жилд, 127- бет; Муслим. “Саҳиҳ”, 4- жилд, 1847- бет; Термизий. “Сунaн”, 5- жилд, 309- бет.
137) Аҳмад бин Ҳанбал. “Эз-зуҳд”, 128- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 172- бет; Салабий. “Ароис”, 114- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 155- бет.
138) Юсуф сураси, 15- оят; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 171- бет; Салабий. “Ароис”, 114- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 140- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 198-199 бет
139) Юсуф сураси, 6- оят.
140) Юсуф сураси, 24- оят.
141) Анъом сураси, 124- оят; Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 54- бет.
142) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет; Салабий. “Ароис”, 167- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 147- бет; Муҳиддин ибн-Арабий. “Муҳодаро”, 1- жилд, 127- бет.
143) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет.
144) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 33- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 40- бет; Салабий. “Ароис”, 167- бет.
145) Мўминлар сураси, 34- оят.
146) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет; Салабий. “Ароис”, 142- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 155- бет; Ибн -Арабий. “Муҳодаро”, 1- жилд, 127- бет; Ибн Ҳолдун, “Тарих”, 2- жилд, 1-қисм, 41- бет.
(*) Шундан кейин Исроил ўғилларининг ҳаммаси туғилган ўғлига Имрон, Имрон исмли кишилар эсa туғилган ўғилларига Мусо исмини қоя бошлади (Салабий. “Ароис”, 141- бет).
147) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 220- бет.
148) Салабий. “Ароис”, 141-142- бетлар.
149) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет; Салабий. “Ароис”, 142- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 155- бет; Ибн -Арабий. “Муҳодаро”, 1- жилд, 127- бет; Ибн Ҳолдун, “Тарих”, 2- жилд, 1-қисм, 41- бет.
150) Салабий. “Ароис”, 142- бетлар; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 200- бет.
151) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 187- бет.
152) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 215- бет; Салабий. “Ароис”, 197- бетлар.
153) Ибн Аби Шайбо. “Мусаннаф”, 14- жилд, 303- бет; Аҳмад бин Ҳанбал. “Муснад”, 3- жилд, 148- бет; Муслим. “Саҳиҳ”, 1- жилд, 146- бет; Байҳоқий, “Далоил ун-нубувва”, 2- жилд, 18- бет; Бағавий. “Масоибиҳ-ус сунна”, 2- жилд, 179- бет; Қози Илёс. “Аш-шифо”, 1- жилд, 137- бет; Ибн Асир. “Жоми-ул усул”, 12- жилд, 53- бет; Ибн Сайид. “Уюн-ул асар”, 1- жилд, 144- бет.
154) Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом. “Сиро”, 2- жилд, 48- бет.
155) Аҳмад бин Ҳанбал. “Муснад”, 4- жилд, 208-209- бетлар; Бухорий. “Саҳиҳ”, 4- жилд, 248- бет.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.