O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Пахта кампанияси” ташкилоти Тошкентга босим ўтказилишини сўрамоқда

“Пахта кампанияси” ташкилоти Тошкентга босим ўтказилишини сўрамоқда
115 views
04 September 2012 - 7:35

Вашингтондаги “Пахта кампанияси” деб аталувчи ташкилот Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши (UBTIC)га мурожаат этиб, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйиш ва бу йилги пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labor Organization) мутахассисларининг мамлакатга киритилишига эришиш учун Тошкент ҳукуматига босим ўтказишни сўради.

Шу ой ўрталарида Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгашининг 19-сессияси Тошкентда ўтказилиши кутилмоқда. Келаси ой эса UBTIC ҳомийлигида Тошкентда VIII Халқаро пахта ярмаркаси очилади.

“Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши Тошкентда очилажак VIII Халқаро пахта ярмаркасига ҳомийлик қилиши ҳақида хабар топдик. Бу кенгаш Ўзбекистон пахта саноатини рағбатлантиришни камайтириб, мамлакатда болалар меҳнатини таг-туби билан йўқ қилиш ва инсон ҳақлари ҳурмат қилинишига эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматини конкрет чоралар кўришга ундаши лозим”, – дейилади Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши раиси Питер Лилли номига йўлланган очиқ хатда.

“Пахта кампанияси” ташкилотининг мазкур баёноти Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланган кезда янгради. Шу кунларда Ўзбекистонда корхона ходимлари, талабалар ва коллеж ўқувчилари пахтага жалб этилмоқда.

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларнинг ҳам пахтага сафарбар этилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати бу йилги терим мавсумида мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

Бироқ бундай кўрсатмалар аввалги пахта мавсумларида ҳам бўлган ва бу болаларнинг пахта даласига ҳайдалиши муаммосига таъсир қилгани йўқ.

Ўзбекистонда ҳар йил мамлакатда юз минглаб болаларнинг пахтага мажбуран чиқарилиши кузатилади. Ҳукумат эса болалар меҳнатидан фойдаланишини давомли рад этиб келади.

Тошкент расмийларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияларни ратификация қилган ва маҳаллий қонунчиликнинг болаларнинг меҳнат ёшини тартибга солувчи бандлари халқаро қонунларга мувофиқ ҳолга келтирилган.

– Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи қонунлар бор. Ҳукумат ҳам болалар эксплуатация қилинишини доим рад этиб келади. Лекин воқеликда ўтган йили аввалги йиллардаги каби ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда кўпгина мактаблар ёпилиб, юз минглаб бола пахта даласига ҳайдалгани гувоҳи бўлишган, – дейди “Пахта кампанияси” ташкилоти раҳбари Мэттю Фишер-Дали.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

ozodlik.org