O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пахта унинг бойлиги

Пахта унинг бойлиги
122 views
11 September 2011 - 15:24

Ўзбекистонда куз. Оқ олтинлик олтин куз.

Ҳар неки, Советлар давридан қолган бу ақида ҳали ҳам ўз актуаллигини йўқотмаган бўлсада, лекин ҳукуматимиз “оқ олтин” деган жумлани ишлатмай ҳам қўйганига анча бўлди.

Ўзбекистонда пахта теримининг бошланиши, одатда мактабларни ёпиб қўйиб болаларни далага ҳайдашни билдирарди. Бордию, кимдир бош кўтариб пахта теримида иштирок этишни истамасачи? Бундай одам худди Сталин қатағонлари давридагидек, ҳали ҳам халқ душмани. Лекин ҳукмдор буткул бошқа.

Қаттоликда Сталиндан ўтса ўтадики, аммо ортда қолмайдиган ўз президентимиз бор. Фарқ, фақат мана шунда.
“Оқ олтинлик олтин куз”, – яъни пахта терими мавсуми мамлакатда бошланиб кетган экан, айни дамларда кўплаб коллеж ва лицейларнинг ўқувчилари пахта далаларига ҳайдалиб бўлди. Ҳозирда улар Ўзбекиситонимизнинг тоза суви ҳам бўлмаган шийпонларида қорни тўймай Президентимиз ва унинг икки нафар эрка қизлари учун бойлик яратишмоқда.

Пахта терими одатда бир стакан газлик сув қиймати билан бахоланарди. Совет даврида бир килограмм пахта теримига тўланган беш тийинга бир стакан сув олиш мумкин эди. Аммо мана шу ҳол мустақил Ўзбекистонимиз даврида ўзгармади ва ҳозирда ҳам пахта терими учун айнан шу нархда ҳақ тўланмоқда.

Ўзбекистон пахта далаларидан келаётган хабарларга кўра, кўпчилик коллеж ва лицейлар талабалари, ўқитувчилар, ҳамда олий ўқув юртларининг талабалари пахта далаларига ҳайдалган. Бироқ балоғат ёшига етмаганлар пахтага олиб чиқилмади. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Инсон ҳақлари курашчиларининг фикрларига кўра, бу вақтинчалик ҳолат ва тез орада болалар тағин худди илгаридек мажбурий меҳнатга сафарбар этилишларига шубҳа йўқ. Ахир ҳукуматнинг, аниқроғи Президент Ислом Каримовнинг бойлиги бўлган пахтанинг бир грамми ҳам чаноқларда қолмаслиги лозим.

Ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар кўпдан бери жар солиб келган муаммога ечим топилгандек гўё. Бу йилги пахта мавсумига 38 та янги пахта териш машиналари далаларга тушганлиги ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди. Ва эндиликда эса болалар теримга сафарбар этилмаган бўлсада, уларнинг ўқитувчилари пахта теришмоқда. Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани далаларида пахта тераётган ўқитувчилардан бири биз билан бўлган суҳбатда маълум қилганига кўра, болалар уйда қолишган.

“Энди биз пахта тераяпмиз, – дейди у, – лекин бу билан болалар ўқишдан қолиб кетишаяптику”.
Азиз ўқувчига ва бизга ҳам маълум бўлган сабабларга кўра, мактаб ўқитувчисининг исмини, унинг қайси мактабдан эканлигини сир сақлашга мажбурмиз. Ахир ҳукуматимизнинг “оқил ва доно” раҳбари ҳамма вақт ҳам оқил эмас, айниқса гап пахта масаласида ва мамлакатнинг аянчлик кунлари ҳақида бораётган бўлса.
Инсон ҳуқуқлари курашчилари бераётган маълумотларга кўра, шу кунларда Жиззах вилоят мактабларида ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қўлларидан тилхат олиш маросимлари бошлаб юборилган. Тилхатларда улар пахта теримига қатнашиш, пул ишлаб олиш талабларини илгари суришмоқда. Бу “талаблар” албатта қондирилади, ҳамда бу сингари тилхат олиш “амалиётлари” фақат Жиззахда бўлаётганлигига эса кишида шубҳа уйғотади.
Халқ қўшиғи;
Пахта бизнинг бойлигимиз,
Ғўзапоя ойлигимиз.
Олдинда қиш ва унинг ғамини эса ёзда емоқ даркор. Қишда ғўзапоясиз қолишни истамаганлар эса ҳозирда пахта далаларига чиқмасалар ҳаргиз бўлмас.

Ўзбекистон болалари орасида авж олиб бораётган саводсизлик порахр системанинг тегирмонига сув қуяди. Мамлакатни янада тубанроқ ботқоққа ботириб боради.
Ўз ижтимоий ҳуқуқларини ҳам билмайдиган ёшлар эса келажакда Каримов режимини лоқайд маъмурлару, бефарқ қуллар билан таъминлайди. Шундай қилиб миллат, халқ батамом тугаб боради ва коррупцион ҳукумат келажакда ҳам ҳукуматда қолиб, давру даврон суради.
Пахта уларнинг бойлиги. Нафақат пахта, балки ўз ҳуқуқларини билмайдиган, талаб қила олмайдиган халқ ҳам уларнинг бойлигидир.

Нақадар бой, қандини уриб юрган Президентимиз бор.

Пахта унинг бойлиги!

Тўлқин Қораев ЎХҲ матбуот бўлими ходими