O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Прокурор билан Мустафо нега тунда учрашди?

Прокурор билан Мустафо нега тунда учрашди?
140 views
19 March 2017 - 9:50

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ бешинчи мақола) 

ПРОКУРОР БИЛАН МУСТАФО НЕГА ТУНДА УЧРАШДИ?

Кўпчилик ҳайрон бўлиши турган. Ким ҳам ўйлайди, туман прокурори тун ярмидан сўнг бир миллиардер билан учрашади, деб. Кечаси маза қилиб ухлаб дамини олмайдими? Ўзи учун айни вақтда бинойидек яратиб қўйилган шароитда олса оладиганини кундузи чақириб ҳам бир имо-ишора билан ундириб-дўндириб қўя қолиши мумкин-ку. Кимсан, прокурор. Йўқ, бу сафар унинг ақлу-ҳуши жойида. Калласи ишлаб қолди. Чунки, масала жиддий. Қолаверса, нима қилиб бўлсада, бўлмайдиган ишни бўлдириб, бор иложини қилиб имкон қадар уни маромига етказиб айблаб бериши шарт. Бу борадаги масалани ўз хонасида ёки умуман, ўз идорасида ўзаро гаплашиш жуда ҳам хавфли бўлиши мумкин. Сабаби бўлмайдиган ишни бўлди қилишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Деворнинг ҳам қулоғи бор. Худди шунинг учун ҳам бу муҳим учрашувнинг тунда бўлишига катта эҳтиёж ва зарурат бор эди.

Бундан ташқари, яна бир гап. Буни алоҳида қайд этиб қўймаса бўлмайди. Бизга ўз исмининг ошкор этилишини истамаган манбанинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор  Тўхтабоев ҳар ойда  маблағнинг-“кўки”дан белгиланган ставкасидагисини ишламаса ухлаши умуман, мумкин эмас. Буни у баъзан ҳар ой охирлашиб бораётганида ва кун-дақиқа санаб асабийлашганида сал бўлмаса, бош прокурорнинг топшириғи эканлигини ҳам очиқ-ойдин айтиб юборишига бир баҳя қолади. Шундай экан, нима қилиб бўлса-да ушбу “задания”ни бажариши шарт. Чунки бу пойтахтдаги нуфузли туманлардан бири ҳисобланади. Бунинг учун эса у тинмай тер тўкиши керак. Кундузими ёки тун ярмисидами унинг бунга фарқи йўқ. Нима қилиб бўлса ҳам ушбу жамғармани тўплаши шарт ва зарур. Акс ҳолда иш тескарисига айланиб кетиб қолиши мумкин. Буни у жуда яхши билади. Ахир Рашитжон Қодировга тегишли бўлган банкни кимдир, кимлардир тўлдиришга ва ўз улуши-ҳиссасини қўшиб туришга ҳаракат қилиши шарт ва лозим-ку.

Собиқ бош прокурорнинг ўша пайтда вақти бўлганми? Қайдам? Албатта, йўқ. Бошқа бундан-да каттароқ бизнеслари бор унинг, ахир. Республика бўйлаб ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятлардан йиғилганларни санаб унинг ҳисобини қилишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун ўтириб жиддий ишлаши ва бош қотириши керак бўлади. Акс ҳолда ҳисобдан адашиб кетиб қолиши ҳеч гап эмас. Айнан шунинг учун ҳам унга тегишли янги замонавий банк биноси қад кўтарган ва самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳечқиси йўқ. Ишдан кетган бўлса-да, уни ўша ўзининг банки жойлашган ерга яқин бўлган ишхона-Конституцион судга ўтқазиб қўйишди-ку. Шунинг ўзи катта бахт, унга.

Бош прокурорлик вақтида Р.Қодировнинг ошиғи олчи эди. У кейинги вақтларда ЎзМТРК раиси эски ҳамкасби А. Ходжаев билан тез-тез учрашиб турарди. Яна қаерда денг, телерадиокомпанияга тегишли бўлган Навоий кўчасида қад кўтарган ҳашаматли уйлардан иккитасидан биттаси бўлган ишратхонасида. Унинг бирини Алишербой ҳақиқатдан ҳам ўзининг маишатхонасига айлантириб олганлиги ҳақидаги гап-сўзлар аллақачон компания узра тарқаб улгурганди. Ҳаттоки, исловотхонага кимлар кириб-чиқиб туришигача бўлганлар ҳақидаги минимаълумотлар ҳам ўз ходимлари қулоғигача етиб борганди.

Конституцион суд эса айнан шу уйларнинг қаршисида жойлашган. Аммо Р.Қодиров ишдан урилибми-сурилибми кетганидан кейин Ходжаев уни таклиф қилмай қўйибди. Сабаби унинг одати шундай. Ахир, кимсан бош вазир бўлган қудаси А.Орипов ишдан кетганидан кейин уни уйига чақириш тугул, ўша куннинг ўзида қизини, яъни келинини уйидан ҳайдаб солган одамдан нималарни ҳам кутиш мумкин. Шунинг учун энди Рашид Қодировга унинг уйига меҳмон бўлиб боришига йўл бўлсин. Йўқ, у бостириб борсада, асло уни ичкарига йўлатмайди ҳам. Чунки унда энди лавозим йўқ. Қолаверса, прокуратура томонидан телеканаллар текширилишини тўхтатиш учун кетган маблағни ҳисобини ўйласа, компания раҳбарининг тепа сочи тикка бўлиб унинг Қодировга нисбатан ғазаб ўти кучайса кучаядики, асло пасаймайди.

Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ўзининг ўринбосари “қудратли”лардан бўлган Абдулла Қодировни тунда бўлса-да, миллиардер Мустафо Бўлдиев билан учрашиб масалани ҳал қилиш учун зимдан топшириқ беради. Унга иложи борича баҳони, нархни юқори даражада белгилаши лозимлиги обдон тушунтирилади. Биринчидан, дейди прокурор ўз муовинига “ўзинг ҳақингдаги материаллар ҳам йиғилиб анча пишиб маромига етиб қолди” деб руҳий зарбани берасан.

Иккинчидан, “журналистга бу туҳматни уюштиришдаги бевосита иштирокингни тасдиқловчи ҳужжатни ўзинг гапириб-лақиллаб қўйган аудиоёзувда чиройли қилиб бекамукўст этиб далиллаб қўйибсан” деб айтасан.

Учинчидан, “худди ўша ёзувда Ўзбекистон бош прокуроридан тортиб МХХ раиси Иноятовгача, мамлакат ичкариси ва ташқарисдаги мафия ва мафиозлар номини тилга олиб ҳамда улар билан қандай алоқанг борлигини айтиб-фош қилиб жиддий хатога йўлга қўйганингни ўзи аҳволингни янада оғирлаштиради. Айниқса, Бош прокурорга унинг одамлари орқали арзимаган долларни қандай қилиб берганлигингни оғзингдан гуллаб қўйганинг бу сени улканроқ жазога лойиқ эканлигингни кўрсатади” деган гапни албатта, Мустафонинг қулоғига қўрғошиндек қуяасан.

Тўртинчидан, синглинг Нодира Бўлдиеванинг ўғли бўлган ўз жиянинг бир неча марта қўл жанги ва кикбоксинг бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони Беҳзод Раҳимбоевга уюштирилган фитнанинг ташаббускори сен эканлигингни тасдиқловчи ҳолат аниқланиб фош бўлганлигидан хабаринг бўлсин. Чунки, бу ҳақда МХХ подвалида қон сийиб ётган Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Олим Ҳамидов кўп далилларни сайраб-гуллаб бўлди. Шу боисдан кўп ҳам хомтама бўлмасдан биз нима десак, ҳаммасини аъло даражада бажаришинг шарт. Акс ҳолда иш нима билан тугашини сенга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак” деган ишорани қиласан.

Бешинчидан, телерадиокомпанияда ишлайдиган яна бир синглинг-Собира Бўлдиеванинг яқинда ўзининг раҳбари бўлган ЎзМТРК раиси А.Ходжаевнинг қабулида бўлганлиги ва ундан сенга етказилиши зарур бўлган иш юзасидан қанақанги топшириқ олганлигидан ҳам жуда яхши хабардормиз. Биз ҳозирча сенинг қинғирликка асосланган қилмишларингнинг юздан бир қисминигина айтдик, холос. Ҳозирча шунинг ўзи етарли бўлса керак. Биз сенинг жиноятларингни фош этувчи бошқа далилий ашёлар борасида айтиб гапни кўп чўзмайликда, яхшиси уни қисқа қилиб ўзинг билгандай амалий фаолиятга ўтайлик” деган муждани аниқ қилиб оқизмай-томизмай етказасан.

Олтинчидан, “Ўзини “қудратли” Қодировларданман деб мақтаниб юрадиган сохта адвокат-Қодиров Тўрага нима учун нақд ўн минг доллар(10000 минг) берганлигинг ва бунча маблағни ниманинг эвазига, яъни яна қандайин жиноятларингни яшириш ҳисобига унга қўшқўллаб узатганлигинг хусусида ҳам инкор этиб бўлмайдиган далилий ашёлар борлигини ёдингдан чиқарма” дея унга шипшитиб қўйсанг, шунинг ўзи етарли унга. Шугина гапни эшитибоқ у ўзининг керакли жойини ҳўллаб қўяди.

Туман прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ана шу гапларни ўзининг ўринбосари Абдулла Қодировга айтди-ю, аммо қаттиқ ўйга толди. “Бу алкаш-ароқхўр муовин қовун тушириб қўйса нима қиламан? Чунки бу муовин ҳақиқатдан ҳам ўлгудек бўзахўр эди. Шунинг учун ундан бироз гумонсиради. Кел яхшиси, ўзим ҳам бирга бораман. Фақат мен машинада ўтириб тураман” дея учрашувни 2013 йилнинг 17-августидан 18 августга ўтар кечаси тун ярмидан ўтганда соат 01.30 га белгилади. Прокурор жаноблари томонидан “Буюк ипак йўли” метросидан “академшаҳарча”томон – Ўрол Тансиқбоевгача бир бекат юрилганда биринчи чап томондаги илгариги 20 поликлиникага кетадиган йўл, “Дўстлик” маҳалла гузари тарафга кетадиган кўчанинг шундоқ бошланишидаги таксичилар “питаг”и уларнинг тунги учрашув жойи эканлиги маълум қилинди.

Айтилганидек ва келишилганидек, ҳар иккала томон ҳам тунги соат  01.30 да келишди. Прокурор ўтирган машинадан унинг ўринбосари Абдулла Қодиров ва икки нафар киши тушишди. Мустафо Бўлдиев эса гўё бир ўзи эди. Уни келтирган шофёр эса машинадан тушгани йўқ. Фақат у ҳам А.Тўхтабоевга ўхшаб машинадан тушмасдан учрашув қандай кечишини зимдан синчковлик билан кузатаётганлигини сезиш қийин эмасди. Негаки, унинг аланг-жаланг бўлиб қарашлари нималардандир хавф борлигини эслатарди. Сабаби прокурор ўринбосарининг ёнидаги икки киши прокурорнинг яқин кишиларидан бўлган МХХ ходимлари эди. Ўйин ғирромликка айланиб кетмаслик учун олдиндан “страховка” қилиш амали урфга айланганлигини эсдан чиқармаслик керак. Чунки баъзи ҳолларда катта чиқим қилишни хоҳламаган тарафдан кутилмаган ҳолат, яъни бошқа бир органга “мендан фалон нарса талаб қилаяпти” деган хабар берилиб тутиб беришларидан бу прокурорлар бироз чўчиб ҳам қолишганини таъкидлаш жоиз. Ана шундай усул билан бир неча прокурор, милиция ходимлари қўлга тушган ва узоқ муддатга қамалиб ҳам кетган.

Мирзо Улуғбек тумани прокурорининг ўринбосари Абдулла Қодиров билан Мустафо Бўлдиев ўртасидаги суҳбат камида ярим соатга чўзилиб кетди. Иш пишди, шекилли томонлар олди-берди масаласини қаерда ва қандай амалга оширилиши келишилиб яхши кайфиятда хайр хўшлашишди.

Аммо Мустафо бундан кўнгли тўлмагани боис бош прокуратурадаги  ўзининг “земляги” Ботир Норов билан учрашиб бу борадаги масаланинг тагига янада чуқурроқ кириб унинг ўзи учун хатарлилик тарафларини ўзича ўрганишга ҳаракат қилиб кўрди. Маълум маънода бунга эришди, ҳам. Бу билан у узатилаётган сумма беиз ва бежиз кетмаётганлигига амин бўлиб ва бунчалик йирик миқдордаги маблағ бўлсада, унинг бу иш учун арзийдиганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди. Хуллас, ўша пулига ачинмайдиган бўлди, гўё. Лекин бу ҳақдаги тўла тафсилотларни бўй басти билан ўз синглиси Собира Бўлдиевага батафсил айтиб қўйганлиги чатоқ бўлди-да. Сабаби бу сингилсининг эски “касали” қўзғаб унинг бу ҳақдаги гапларининг барчасини диктафонга ёзиб олди-қўйди. Энди бир кун келиб “Мен Мирзо Улуғбек тумани прокурорига фалон минг доллар бергандим” деб айтган гаплари ва бу борадаги барча маълумотлар ўзига қарши ишлаши мумкинлигини содда ака Мустафо бир неча дақиқага унутганди. У синглисининг бунақанги одатини жуда яхши биларди. Собиранинг бу каби амалиётга қўл уриши тажрибада жуда кўп маротаба синалган. Нимага бу олди-бердиларни оғзидан гуллаб қўйди, буни ўзи ҳам англамай қолди. Ана шу тариқа шу ишни тинчитишга бўлган уринишларининг қандай кечганлиги билан боғлиқ барча тегишли овозли ёзувлар “Ўзбекистон” радиоси тўлқинларида янграмаса ҳам ундан-да эркинроқ бўлган овознигорларда бир кунмас бир янграшига шубҳа-ю гумонлар бўлиши асло мумкин эмас.

07.03.2015 й.

(давоми бор)