O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Русия Тожикистон ва Ўзбекистонни яраштира оладими?

Русия Тожикистон ва Ўзбекистонни яраштира оладими?
122 views
16 May 2013 - 7:39

Русия Ислом комитетининг Раиси Ҳайдар Жамол Марказий Осиёдаги ҳозирги сиёсий вазиятга баҳо берар экан, бу минтақанинг (Ўрта Осиёнинг) Ғарб ва Хитой ўртасидаги курашда калит эканлигини айтганди.

У “Азия-Плюс” га шундай деганди: Марказий Осий дунё суперкучларининг ўзаро кураш майдонига айланишга маҳкумдир…Биз бу минтақада катта сиёсий зилзилалар арафасида турибмиз. Яқин келажакдаги 5 йилда дунёнинг кўпгина давлатларида, шу жумладан Марказий Осий давлатларида ҳам фожеали ҳодисалар рўй беради…”OROL

Айтиш мумкинки, агар ҳозирдан чора тадбирлар олинмаса,  Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий зилзилалар анча эрта бошланиб кетиши мумкин. Бунинг сабаби АҚШнинг Афғонистондан чиқиши ёки бу минтақада АҚШ, Русия ва Хитойнинг ўзаро рақобати бўлмаслиги мумкин.

Бу минтақа 21 йилдир “портлаш” таҳликаси билан яшамоқда. Чунки  СССР тарқалиб кетгандан кейинТожикитон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий  манфаатлари бир бирига зид эканлиги маълум бўлди. Ўзбекистоннинг СССР вақтида бошланган Роғун элетростанцияси қурилишига қаттиқ қаршилик қилиши бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тамоман бузилишига олиб келди. Икки давлат чегараларининг кўп қисми миналаштирилди. 2000 йилда ўлкалар орасида виза тартиби жорий қилинди. Пойтахтлар ва катта шаҳарлар орасида 15 йилдирки ҳаво ва темир йўллари саёҳатлари мавжуд эмас. Ўзбекистоннинг темир йўлларда муаммо чиқариши Тожикистон иқтисодига катта зарарлар берди. Ўзбекистон Тожикистонни электр ва газ билан таъминлашни деярли тўхтатган, икки давлат ўртасидаги йиллик товар алмашуви 1 миллион доллар каби ўта паст даражага тушиб қолган, ўзаро иқтисодий, техник, илмий ва маданият муносабатларига катта путур етган.

Икки давлатда ҳам ишсизлик ҳаддан ошишига қарамай, аҳолининг ўсиши катта суръатда давом этмоқда. Бу кўрсаткич йилига 2% ни ташкил қилади. Бу Ўзбекистонда ҳар йили 500 минг, Тожикистонда эса 150 минг янги ишчининг бозорга чиқишини билдиради. Расмий маълумотларга қараганда, бу икки давлатдан 3,5 миллион киши ҳозир Русияда меҳнат муҳожирига айланган. Яъни, бу давлатларнинг фуқаролари қашшоқлик туфайли ўз мамлакатларидан қочиб кетмоқдалар…

Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатлар шу даражада ёмонки, 2012 йилда Қозоғистонга сафар қилган Ислом Каримов бу аҳволнинг уруш бошланишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Вазиятдан қўрқувга тушган Европа Иттифоқи вакили Кэтрин Эштон “биз Марказий Осиё давлатларига сув тақсимотида ёрдам беришимиз мумкин”, дея баёнот берди. Аммо Европа Иттифоқи сув масаласида бу мамлакатларга қандай ёрдам бериши мавҳумдир. Бунинг ўрнига бу икки давлат ўзаро бир бирларининг эҳтиёжларини тушунишга уринишса яхши бўларди…

Тожикистонга электр энергияси, Ўзбекистонга эса 4 миллон гектар ерни сувлаш учун ва 30 миллион аҳолига ичимлик суви керак. Кейинги йилларда Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича дунёда 9 ўринга чиқди. Ўзбекистон бир йилда 90 тонна, Тожикситон эса бор йўғи 2,5 тонна олтин қазиб чиқаради. Ўзбекистон уран қазиб олишда ҳам дунёнинг илк 10 давлати орасидадир. Олтин ва бошқа металларни қазиб чиқариш учун эса яна сув керак…Хуллас, бу икки давлат орасидаги асосий муаммо сув муаммосидир.

Ўзбек мутахассисларни Рогун электр станциянинг 335 метрлик баландлиги ҳам қўрқитмоқда. Зилзила натижасида Вахш дарёси йўлида тўпланган сув катта фалокатга сабаб бўлиши мумкин.  Бунинг устига дарёнинг чап соҳилидаги Афғонистон ҳозирча сувнинг ўзига тегишли қисмидан фойдаланиш масаласини кун тартибига келтирмаган…

Бу муаммонинг чораси нимада?

Албатта, Русия минтақа учун сув манбаси бўлиши мумкин. Бир ярим асрдан бери гапириладиган Сибир дарёларининг сувини минтақага келтиришнинг техник жиҳатдан имкони бор. Бунинг учун 7,5 миллиард дол пул сарфланиши керак.

Сув “донори” бўладиган Русия албатта минтақада ўзининг мавқеини кучайтиради. Ислом Каримов 1995 йилда бу масалани қайтадан кун тартибига келтирган, 2001 йилда эса уни Путин билан муҳокама қилганди. 2007 йилда Назарбоев ҳам бу лойиҳани қўллаб қувватлаганди.

Сўнгги 30 йилда Марказий Осиёда аҳвол кескин ўзгарди. Минтақада озиқ овқат маҳсулотлари нархи тинимсиз ошиб бормоқда. Марказий Осиёдаги аҳволни тадқиқ қилган таҳлилчилар минтақада асосий хавф эсктремизм ва сепаратизм  ёки Афғонистон муаммоси эмас, аксинча қуйидаги уч муаммо эканлигини айтишмоқда:

– аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиб бориши.
-аҳоли сонига нисбатан суғориладиган ер ҳажмининг торайиб бораётгани.
-сув манбасининг етарсизлиги.

Аҳволнинг ниҳоятда қийинлашиб бораётганини тушунган Ислом Каримов , шу йилнинг 18 январь кунги ҳукумат йиғилишида шундай деди: “Бизнинг минтақамизда тинчлик, ўзаро ёрдам ва бир  биримизни тушуниш ҳукмрон бўлиши керак. Биз умумий маданият ва тарихга эгамиз. Асрлар давомида қўшни бўлиб яшаб келаяпмиз. Узоқ вақтдан бери дарёларимизнинг сувини ичамиз. Бизни ажратиш мумкин эмас ”.

Ўзбекистон раҳбариятига кўра тинчлик ва тотувликнинг шарти минтақада сув манбаларини ишлатишдаги келишув бўлиши керак. Марказий Осиёда рақобатга кираётган Хитой ва АҚШ Каспий атрофидан газ ва нефтни узоқ муддатга импорт қилишни мўлжаллар экан, минтақадаги хавфли вазиятга эътибор қаратишлари керак. Шунинг учун ҳам Хитой ва АҚШ сув келтириш масаласида  молиявий “донорликка” ўз ҳиссаларини қўшишлари керак…

Русия ва Марказий Осиё президентларинг бу минтақага сибир сувларини келтириш масаласида сиёсий муросага келишлари ва бу лойиҳанинг қачон амалга ошишини айтиш қийин. Аммо минтақада аҳвол оғирлашиб, бу ерда ижтимоий портлашлар ёки давлатлар ораси урушлар бошланадиган бўлса, қуролидан ўқ узаётган генералларнинг Сибир сувларини келтириш лойиҳаси ҳақида гаплашишга вақтлари бўлмайди. Чунки уларнинг иши сув келтириш эмас, одам ўлдиришдан иборатдир…

Шунинг учун ҳам Президентлар ушбу масала атрофидаги музокараларни бугун бошламасалар, эртага Ўзбекистон ва Тожикистон орасида тинчлик ўрнатиш янада қийинлашади…

Андрей Захватов, сиёсий шарҳловчи

15/05/2013

Манба: centrasia.ru

Мақола жузъий қисқартиришлар билан таржима қилинди.

Таҳририят