O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сабаб ва оқибатлар ҳақида

Сабаб ва оқибатлар ҳақида
121 views
17 November 2012 - 9:57

Мақсуд Бекжон

“Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади” дейди халқимиз, халқимизнинг бу мақоли ҳозир унинг ўз ҳаёти мисолида оғриқли бир шаклда ўз исботини топмоқда. Яъний, халқимиз бугун камбағалдир ва у минган туялар итларнинг қопишларидан уни асрай олмаяпти. Камбағалга нисбатан “ит ҳурар, карвон ўтар” деган бошқа бир мақол ҳам амал қилмас экан, ит фақат ҳурибгина қолмай, камбағални тишлаши ҳам мумкин экан.

Муаммо нимада, камбағал минган туя пастми ёки камбағалга тиш қайраган итларнинг бўйи узунми? Муаммо икковида ҳам деса бўлади, аниқроғи, асос муаммо шундаки, камбағал халқимизнинг руҳий-маънавий-зеҳний савияси ўзи минган туянинг буйини паст қилиб, ўзини қопадиган итларнинг бўйини бир пахса ўстирадиган аҳволдадир.

Масалан, халқимиз минган Инсон Хақлари бўйича бутун давлатлар томонидан имзоланган халқаро қонунлар туяси ҳам уни, халқимизни ҳар хил кўппакларнинг тишларидан асрай олмаяпти. Айтайлик, Андижондаги ёки Ўшдаги сингари бир қатлиом ўзбеклар яшамаган бошқа бир ўлкада амалга оширилганида эди, бирон бир ўзини ёки тўғрироғи, ушбу қатлиом қилинган халқни ҳурмат қиладиган ҳукумат ёки давлат Ўзбекистон ёки Қирғизистон каби давлатлар билан ҳозиргидай илиқ алоқалар ўрнатиш у ёқда турсин, унинг раҳбарлари билан қўл олиб кўришишдан ҳам жирканган бўларди.

Ўтган йили Швецияда Обидхон қорига қарши қилинган суиқасд иштирокчиларининг Швеция маҳкамаси томонидан озодликка қўйиб юборилиши ёки Швейцария маҳкамасининг Ўзбекистон президентининг қизи Г.Каримова билан бирга амалга оширган жиноий ишларда айбланаётган кишиларнинг катта пул эвазига қўйиб юборилиши – бу одамларнинг айбдорлиги ва ёки айбсизлиги ёки ушбу давлатлар маҳкамасининг қонуний ва ёки ноқонуний қарорлар чиқаргани ҳақдаги мулохазадан кўра кўпроқ ўзбекларнинг халқаро микёсда халқ ўлароқ нуфузи нақадар пастлиги ҳақдаги фикрни уйғотади.

Агар Русияда ҳар йили тақирбошлар тарафидан ўлдирилаётган ва ҳар хил қулдорлар тарафидан қул қилиб сотилаётган ўн минглаб одамлар ўзбек бўлмаганида эди, аллақачон бундай жиноятлар халқаро жанжалга айланиб, давлатлар ўртасида бир-бирига қарши турли санкциялар эълон қилиш даражасигача борилган бўларди. Яъний, халқимиздаги туянинг бўйини паст қилиб, итларнинг бўйини юксалтираётган камбағаллик, энг аввало, руҳий-маънавий-зеҳний камбағалликдир, моддий камбағаллик эса, ушбу қашшоқликнинг оқибати, холос.

Юкорида кўрсатилган сабабларга кўра, халқимиз асоциал, яъний, жамиятга ёт, жамият ташқарисидаги индивидга айланган. Халкимизда “ҳатти-ҳаракат типи”(русчада “тип поведения”) мавжуд эмас. Унда бугунги кунда на анъанавий, на диний бир пойдевор бор. Рус истилосидан аввал ўзбекларда диний заминга қурилган аниқ-тиниқ бир “ҳатти-ҳаракат типи” мавжуд эди, бу қолип ичида яшаган ўзбек ҳамма нарсанинг чегарасини аниқ билар ва бу чегара бошқалар ёки ўзи тарафидан бузилганида ҳам нима қилишини ва нималар бўлиши мумкинлигини аниқ биларди ва бу ишонч ва аминлик жамиятдаги тартиб-интизом ва қонунчиликнинг асоси ҳисобланар эди. Атеист коммунистлар инқилобидан сўнг жамият остидаги диний замин ер билан яксон қилинди, унинг ўрнига ҳеч қандай ижтимиой-маданий-диний заминга эга бўлмаган, фақат “ишчи-дехконлар”дан иборат бўлган советлар жамияти барпо этилди ва бу жамиятдаги бош қадрият “ҳақиқий ишчи-деҳқон” бўлишдангина иборат эди. Ўзининг диний-маънавий пойдеворидан маҳрум бўлиб, унинг ўрнини замонавий секуляр жамият қарашлари билан эмас, балки утопик, хаёлий “ишчи-деҳқон” ҳатти-харакат типи билан тўлдирган ўзбек жамияти маънавий-руҳий фалажликка юз тутди.

Албатта, ўзбеклардан бошқа Советлар ҳокимияти остидаги кўплаб ўзга халқлар ҳам ана шундай маданий-маънавий эксперимент зуғуми остида қолди, аммо ҳеч бир халққа советлар ҳокимияти ўзбекларга қаратгани сингари кўп эътибор (салбий маънода) қаратмади, бу эътибор Ўзбекистон ҳудудида деярли 30 йил давом этган “босмачилик” деб аталмиш миллий озодлик ҳаракати миқёсига эквивалент, тенг эди.

Бугун ўзбек халқи изланиш жараёнини бошдан кечирмоқда, у бугун Русияга ва бошқа чет ўлкаларга фақат пул топиш учун эмас, балки, ўзини, ўзлигини топиш учун ҳам гурос-гурос бўлиб, йўлга чиқмоқда ва бу йўлда кўплаб қурбонлар бермоқда. Бугун ўзбекларни Австралия ва Кореядан тортиб, Русиянинг шаҳар ва қишлоқларигача; Покистон ва Афғонистонда тортиб, Чеченистон ва Суриягача; Оврупо қитъасидан тортиб, Америка қитъасигача бўлган кенгликларда кўриш мумкин.

Бугун халқимиз учун туя устида ит қопган камбагал ҳақидаги мақол баробарида унинг “мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас” деган бошқа бир мақоли ҳам кун тартибида турибди. Бу мусофирлик халқимиздаги уни ерга урувчи кибр ва манманлик ўрнини уни юксалтирувчи ғурур ва ифтихор билан алмаштирмагунича, ўз миллатини, яқинларини қадрлаб, улар учун жон фидо этишга тайёр бўлмагунича давом этади.

Бу мақолада Ўзбекистондаги мустабид режим ҳақида бир оғиз ҳам гапирмадим, чунки, бу режим Сабаб эмас, Оқибатдир. Фикримни советлар пайтида ёзилган бир шеърим билан якунлайман:

ТАРОЗИ

Ҳаёти оғир эди унинг,
Елкасидаги пахта тўла қанор каби оғир,
Чарчоқдан юмилиб кетаётган қовоқлари сингари,
Ва зил-замбил хаёллари каби оғир эди ҳаёти…
Ҳаёти оғир эди боёқишнинг,
Хўжайинининг муштлари ундан ҳам оғир,
Ҳақоратлари эса, янада оғирроқ…
Ўзи эса, буларнинг барини
Кўтаришга қодир оғир одам эди…