O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Самарқандда канализация қувурлари ёрилишидан терлама хасталиги тарқалган

Самарқандда канализация қувурлари ёрилишидан терлама хасталиги тарқалган
117 views
05 June 2013 - 8:42

Самарқандда терлама хасталиги (тиф) билан оғриганлар сони ортган. Бунга Кимёгарлар шаҳарчаси (собиқ Супер қўрғони) ҳудудидаги сув қувурларининг ёрилиши ва канализация қувурларидан чиққан оқинди сув билан аралашиб кетгани сабаб бўлган.

Бундан хабарсиз бўлган мактаб болалари оқиб турган водопровод сувидан ичишган. Оқибатда терлама хасталигига чалинишган.

Самарқанд шаҳар Санитария-эпидимиология марказининг номини ошкор қилишни истамаган ходимига кўра, бугун терлама хасталиги билан оғриган болалар сони тахминан мингга етган.

Бошқа мутахассисларга кўра эса бу ҳудуддаги катта қабристон остидан ўтган сув қувурларига фосфат моддаси ҳам аралашган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Кимёгарлар шаҳарчасидаги мактаб болалари мажбурий кўрикдан ўтказилмоқда. Шифокорлар аҳолини фақат қайнатилган сув ичишга тарғиб қилишмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Кимёгарлар шаҳарчасида собиқ Иттифоқ даврида суперфосфат заводи барпо этилганди. Экологик жиҳатдан ифлос бўлган бу ҳудудда бундан 30 йиллар олдин аҳоли уй сотиб олишни истамасди. Шу туфайли ҳам бу ерда уйлар арзон эди. Аммо бугунги кунда аҳвол буткул ўзгарган. Айниқса, вилоят туманларидан келган ва шаҳарда ишлаётган оилалар энди айнан мана шу ҳудуддан паноҳ топишган.

ЎХҲ Самарқанд мухбири