O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Самарқандда норози аёллар автотрассани тўсиб қўйди

Самарқандда норози аёллар автотрассани тўсиб қўйди
119 views
11 November 2013 - 13:24

images (10)Самарқанд шаҳар яқинидаги Хўжасоат маҳалла аҳолиси уч кун кетма-кет газ ва электрдан узилиб қолди. Бундан жазаваси тутган хўжасоатлик уй аёллар норозилик ифодаси сифатида автомобил йўлини тўсиб қўйди.

5 ноябр кунги норозилик намойишида юзга яқин самарқандлик хотин-қизлар қатнашгани айтилади.

Сабр косаси тўлган самарқандлик аёллар массивдан ўтадиган автомобил йўлга ўтириб олгач, йўл бутунлай тўсилган.
Воқеадан хабар топган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, газ ва электр идоралари масъул шахслари дарҳол воқеа жойига етиб келган.
Аммо, воқеа гувоҳларининг айтишича, шаҳар ҳокимлигининг “муаммолар бартараф этилади” қабилидаги ваъдасига ишонмаган аёллар жойларидан жилмаган.
Орадан бир соатларча вақт ўтиб, маҳаллага табиий газ берилгани ҳақидаги хабарни эшитгач, намойишчилар уй-уйларига тарқалган.
Самарқанд ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган ходимасининг айтишича, Хўжасоат маҳалласидаги аҳолининг аксарияти фойдаланилган табиий газ ва электр пулини вақтида тўлай олмагани узилишларга сабаб бўлган.
Бироқ, оддий аҳоли эса электр тармоқлари ва газ идоралари аҳолини асоссиз қарздор қилиб қўяётганидан шикоят қилганлар.
Эслатамиз, ўтган йили ҳам Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига қарашли Самарқанд маҳалласида истиқомат қилаётган юзга яқин аёллар Тошкент-Самарқанд автомагистралини тўсиб қўйганди. Ўшанда ҳам самарқандлик аёлларнинг норозилигига маҳаллага табиий газ ва электр берилмай қўйилгани сабаб бўлган эди.
Булунғурлик аёллар арзини тинглаган туман ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги ўша куни кечга яқин аҳолига газ ва электр таъминотини йўлга қўйганди.
Ҳар йили қиш арафасида Ўзбекистоннинг турли вилоят ва шаҳарларида, айниқса чекка қишлоқларида, табиий газ ва электр таъминоти ёмонлашади.
Қиш аёзида иссиқлик ва ёруғликсиз қолган фуқаролар чироқ ёқиб, уйларни эса тезак билан иситиб, баҳорга чиқиб олишади.

ЎХҲ ахборот бўлими