O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Самарқандлик 63 минг одам иш излаб ҳорижга кетган

Самарқандлик 63 минг одам иш излаб ҳорижга кетган
125 views
02 September 2014 - 14:10

1Ярим миллионлик аҳолига эга Самарқанд шаҳридан 63002 одам иш излаб ҳорижий давлатларга чиқиб кетган. Шулардан 38846 таси эркаклар бўлса, 24156 тасини аёллар ташкил қилади. Шу билан бирга муҳожирларнинг 2622 та вояга етмаган болалари ҳам муҳожирликда яшашмоқда. Ушбу рақамлар маҳаллий 12uz.com сайтида эълон қилинган самарқандлик журналист Тошпўлат Рахматуллаевнинг мақоласида келтирилган.

Журналистнинг таъкидлашича юқоридаги фактлар “Узоқ муддатга мамлакатдан чиқиб кетган фуқароларни аниқлаш ва уларни қайтариш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги масалага бағишланган шаҳар мажлисида баён қилинган.

Шунга ўхшаш йиғилишлар Самарқанд шаҳрининг барча даҳаларида ташкил қилингани айтилади.

Мақолада қайд қилинишича, йиғилишда шаҳар ҳокими ўринбосари Мархабо Ғофурова иштирок этган. Ўз чиқишида у ҳеч ким, шу жумладан шаҳар ҳокимияти ҳам фуқароларнинг ҳорижга ишлаш мақсадларида чиқишларини таъқиқламоқчи ёки қандайдир тўсиқлар қўймоқчи эмаслигини таъкидлаган.

“Бу уларнинг конституциявий ҳуқуқи. Бизнинг мақсадимиз эса фуқароларимиз ҳорижда эканлар муносиб иш шароитига эга бўлишлари ва турли хил экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолмасликлари учун ахборот беришдан иборат”, – деган ҳкоим ўринбосари.

Ғофурованинг меҳнат муҳожирининг ота-оналари ва яқин қариндошлари уларнинг қаерда нима иш қилишаётганлари, қандайдир экстремистик гуруҳларга таъсирига тушиб қолмаганликлари ҳақида аниқ билишлари лозим. Маҳалла эса муҳожирларни ватанга қайтариш учун тегишли ишларни амалга ошириши лозим.

Шу ўринда журналист ватанга қайтарилган муҳожирларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб бир нечта саволлар билан мурожаат қилади:

“Бироқ қайтиб келган фуқаро нима иш билан шуғулланади? Ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, уларга ишни ҳозирда 2000 дан ортиқ бўш ўринга эга бўлган Самарқанддаги “8-март”, “Бофанда”, “Восток продукт” фабрикалари таклиф қилади. Иш ҳақичи? Бу эса энг асосий савол бўлиб унинг жавоби муҳожирнинг бундай ойликка рози бўлиш ёки бўлмаслигига боғлиқ”, – дейди у.

Журналистнинг сўзларига кўра, бир неча кун олдин ўзи яшайдиган маҳалла фуқароларидан бир нечтаси бандликка кўмаклашиши ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш шаҳар марказига иш сўраб мурожаат қилишган. Марказ уларга таклиф қилган ишларда эса ойлик маошнинг 350 минг сўм (120 доллардан камроқ) ошмаслиги маълум бўлган. Одамлар эса табиийки бу ойлик маошга рози бўлишмаган.

Мақолада келтиришича, масаланинг яна бир томони ҳам борки, ҳозирда маҳалла оқсоқолларидан ўз маҳаллаларидаги ҳорижда юрган муҳожирларни ортга қайтариш бўйича ёзма равишда тилхат олинмоқда. Уларга ҳар ойда нечта меҳнат муҳожирининг ортга қайтарилгани тўғрисида ойлик ҳисоботлар топшириб туриш вазифаси юклатилган.

ЎХҲ ахборот бўлими