O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Талент Александровга жавоб

ЎХҲнинг Прагада бўлиб ўтган 2 қурултойи акс-садо беришда давом этмоқда. Бу қурултойда қатнашган журналист Исмат Хушев ва ЎХҲга душманликда диктатор Каримовга ёрдам бераётган сўзда мухолиф, ўзда золим сайтлар ҳаракатимиз ва унинг раҳбарларини исломий радикаллар шаклида кўрсатишга уринишмоқда.

Талент Александровга жавоб
136 views
04 August 2012 - 11:11

ЎХҲнинг Прагада бўлиб ўтган 2 қурултойи акс-садо беришда давом этмоқда. Бу қурултойда қатнашган журналист Исмат Хушев ва ЎХҲга душманликда диктатор Каримовга ёрдам бераётган сўзда мухолиф, ўзда золим сайтлар ҳаракатимиз ва унинг раҳбарларини исломий радикаллар шаклида кўрсатишга уринишмоқда. Исмат Хушевнинг сайтида  Талент Александров номли кимсанинг имзоси билан эълон қилинган мақола ҳам мана шу руҳда ёзилган. Ҳозиргина таҳририятимизга келиб тушган ушбу мактуб шу Талент Александровга жавоб моҳиятидадир. Айтиш керакки, ЎХҲга қарши жабҳада инсоф аломатлари ҳам кўрина бошлади. Хусусан, “Янги дунё” сайти муҳаррири Юсуф Расул ҳаракатимиз раҳбарларидан Намоз Нормўминга нисбатан айтган ҳақоратомуз сўзлари учун узр тилади. Қуйида эътиборларингизга Ўқувчи исми билан шу Александровга ёзилган жавоб ва Намоз Нормўминнинг  “Янги дунё”  муҳарририга ёзган “Узрингиз қабулдир” номли мақоласини ҳавола қиламиз.

Талент Александровга жавоб

 Сиз кимсиз ўзи жаноб Александров? ўзбекми, русми, мусулмонми, ғайримусулмонми? Далил дейсиз, далил мақоланинг “пешонасида” турибди. Ҳаж сурасининг 46 ояти. (Бу ерда Намоз Нормўминнинг Исмат Хушев ҳақида ёзган “Тимирскиланаётган одам” мақоласи назарда тутилган. Қаранг uzerk.org

Ёки сизнинг ҳам кўзингиз хиралашиб қолганми?  Бир киши ҳақ билан ботилни ажрата олмаса, диктаторлар Ислом Каримов, Башар Асад, Муаммар Қаддафий, Ҳусни Муборакларни золим дея олмаса, бу одам ҳақида нима дейиш керак сизнингча?! Бутун дунё бу диктаторларни лаънатлаётганда, сизлар нега уларни ҳимоя қилаяпсизлар?

Яна зиёлиман дейсизлар. Ўзбеклардан чиққан ҳақиқий зиёлилар Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар мана шундай диктаторларнинг, золимларнинг қўлида қурбон бўлмадими?

Агар қалбларингда адолатдан зарра қадар бўлса, Александров, Малександров демасдан, худди Намоз Нормўмин акага ўхшаб, ўртага чиқинглар ва айтинглар: Сизлар кимсизлар ўзи? Ўзбек халқидан, унинг асосий қисми бўлган мусулмонлардан нима истайсизлар? Мусулмонлар сизларга нима ёмонлик қилди? Намоз ака ҳақиқий Исломни ҳимоя қилаяпти, Эрондаги муллалар режимини, араб ва мусулмон дунёсидаги диктатор қиролларни ва ғарбдаги ахлоқсиз режимларни танқид қилаяпти, ҳақиқий исломга асосланган, айни пайтда инсон ҳуқуларини рад қилмайдиган бир мўътадил режим қурайлик деяпти. Бунинг нимаси ёмон?

У киши ҳам сизларга ўхшаган зиёли айни пайтда Талент (одам исмини айтгиси ҳам келмайди) айтгандек, Исломий илмлардан хабардор киши… У киши ўрта асрлардаги жоҳилларга ўхшаб, устига жанда кийиб, ўзини у томондан бу томонга отиб сизларни қўрқитаётган йўқ-ку. Шундай экан, ҳам зиёли ҳамда имонли бўлган Намоз акага ўхшаган инсонлардан нима истайсизлар ўзи? Мен шуни тушунмаяпман?

Сизларнинг ҳам фарзандларингиз бордир ахир! Сизлар ҳам шу фарзандларингизни кўз қорачиғидек асраб катта қилаётгандирсизлар? Сизлар ҳам шу гулдай фарзандарингизнинг келажагини ўйласаларингиз керак? Шу фарзандларингизнинг динсиз, имонсиз, гуноҳкор, ароқхўр, фоҳишабоз (кечирасизлар, айтишга мажбурман), диктатор Каримов ёки унга ўхшаган золимларга мадҳия айтадиган “зиёли” бўлиб етишишини истайсизларми?

Ёки Намоз ака даъват қилаётгандек имонли, яхши ахлоқли, ростгуй, адолатли, тоат ибодатли, ҳам дунё ҳамда охират илмларини биладиган ҳақиқий зиёли ва тақволи кишилар бўлишини хоҳлайсизларми? Менимча, фарзандарларингизнинг Намоз ака даъват қилаётган йўлда бўлишини хоҳласангизлар керак. Чунки ҳеч бир ота-она ўз фарзандининг шайтон малайи бўлишини истамайди.

Шундай экан, астағфируллоҳ, сизларни Худо урганми, бунча мусулмонларга ёпишасизлар? Мен шуни тушунмаяпман, агар фикрларим хато бўлса айтинглар, жаноб Александров (???).

Ҳа айтмоқчи Намоз ака у кишидан узр сўраган Юсул Расулга жавоб ёзибди. Уни мана шу ердан ўқиб (yangidunyo.com ), мусулмон кишининг ахлоқини ўрганиб олсангиз ёмон бўлмасди жаноб… хафа бўлманг исмингизни айтишга бошқа тоқатим йўқ.

Ўқувчи

Узрингиз қабулдир…

  Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

 

“Янги дунё” сайтининг муҳаррири Юсуф Расул “Дунё Ўзбеклари” сайтида аввал менинг номимга ҳақорат маъносида сўзлар ёзиб, кейин бундан пушаймон эканлигини, шу сабабдан мендан узр сўрашини изҳор қилди. Ислом динида гуноҳ қилмаган киши эмас, гуноҳи учун тавба қилмаган киши ёмон кишидир. Шунингдек, хатоси учун узр сўраган киши эмас, ушбу узр ўзига тааллуқли бўлгани ҳолда уни қабул қилмаган киши ёмон кишидир.  Шунинг учун Юсуф Расулнинг узри менинг наздимда қабулдир. Иншаллоҳ Аллоҳ таоло иккиламизнинг ҳам, қолаверса бутун мусулмонларнинг ҳам мана шу муборак рамозон ойида қилган тавба истиғфорларини қабул этар….

Мен Юсуф Расул билан ҳеч қачон бевосита учрашмаганман, аммо Исмат Хушев каби деярли икки йил давомида унинг “Янги дунё” сайтида ҳамкорлик қилганмиз. Айтишим керакки, бу ҳамкорлик мен учун анча самарали бўлгани каби, Юсуф Расул учун ҳам анча фойдали бўлганди. Унинг сайтида ёритилган мақолаларим одатда анча баҳсу мунозараларга сабаб бўларди. Ҳатто йилини эслай олмайман, мен унинг сайтининг мақолалари энг кўп ўқилган муаллифлари рўйхатига ҳам кирган эдим. Ўзаро ёзишмаларимизда Юсуф Расул менинг Ислом дини ҳақида ёзган мақолаларимдан ўзи ҳам кўп нарсани ўрганганини эътироф этганди. Айни пайтда бу сайт эркин фикрларга очиқ, шунинг учун унда турли фикрларнинг “тўқнашуви” узлуксиз эди. Баъзан бу мунозараларда ёки мақолаларда, уларга ёзилган шарҳларда ахлоқсиз, ҳақоратомуз сўзлар учраганда, мен муҳаррирни огоҳлантирган пайтларим бўлган. Айтишим керакки, Юсуф Расул мен тарафдан айтилган бундай танқидларни ижобий қабул қилган ва инсон шарафига ярашмайдиган бундай “фикрларни” сайтидан ўчириб ташлаган…

Бугун Юсуф Расулнинг узрига бунчалик тез жавоб ёзишимнинг сабаби ўзимнинг олийжаноблигимни кўрсатиш учун эмас, балки мен мансуби бўлган ЎХҲнинг Прагадаги қурултойидан кейин бу ҳақда айтилаётган яхши ёмон фикрларга, шу жумладан абадий мавзу ҳисобланадиган дин мавзусига яна бир марта қайтиш фурсати туғилгани учундир…

“Янги дунё” муҳаррири ҳақли равишда дин ва давлат бир биридан ажралгандан кейин Оврупода илму фаннинг тараққий қилганини таъкидлайди. Бу ҳақиқатдир, аммо Ислом назаридан ярим ҳақиқатдир. Агар биз мусулмонлар мана шу “ярим ҳақиқатнинг” илдизига ета олсак, Юсуф Расул билан мени “Дунё ўзбеклари”да “тўқнаштирган” гап сўзлар, ҳоссатан Исмат Хушевнинг укамиз Муҳаммадсолиҳ А. ҳақидаги “жирканч” (ибора менга оид) тўртлиги ёзилмаган бўларди ва бу баҳсу мунозараларга ўрин ҳам қолмасди…

Хўш, бу ҳақиқат нимадан иборат? Бунинг маъноси шундан иборатки, Овруподаги “дин” тушунчаси Исломдаги “дин” тушунчасидан тамоман фарқлидир. Бу ерда айтадиган ушбу гапимни бу мавзуга қизиқадиган барча дўстларнинг бир умр унутмасликларини истар эдим: менинг Исломдан ўрганган ҳақиқатим биз мусулмонлар Овруподаги дин тушунчасига кўра ярим диндорлармиз…

Такрор ва такрор айтаман, менинг учун бу муҳташам, ниҳоятда буюк ва тенги бўлмаган ҳақиқатдир. Яъни, Овруподаги диндорлик роҳибликни, инсонни муқаддаслаштиришни, таркидунёчиликни ва бу муқаддас оталар қаршисида оддий диндорларнинг  тиз чўкиб, тавба истиғфор қилишларини тақоза қилади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Тавба сураси 31 ояти ва Ҳадид сураси 27 оятларида аниқ далиллар келтирилган. Худди шу сабабдан бугун насроний роҳиблар томонидан бошқариладиган Ватикан давлати мавжуддир. Юсуф Расул шуни жуда яхши билади деб ўйлайман: мен мақолаларимда мана шундай “диндорликка” қарши чиққанман ва унинг сайтларидан бирида ёзган мақолаларимнинг бирига “Руҳонийлик (яъни роҳиблик) ва диктатурани рад этайлик”, дея сарлавҳа ҳам қўйганман.

Бу гапнинг хулосаси шундан иборатдир: Ислом динида роҳибликка ҳам, диктаторликка ҳам ўрин йўқ. Янада аниқ айтадиган бўлсак, Ислом дини асосида қуриладиган жамият Ватикандаги роҳибларнинг, Эрондаги оятуллоҳларнинг, араб давлатларидаги қиролликлар (диктаторликларнинг) жамияти эмасдир. Мен ўз мақолаларимда бу тоифадаги диндорликни ҳам, бу тоифадаги диний жамиятларни ҳам қатъиян рад қилганман. Чунки бундай таркидунёчилик ва инсонни инсон тарафидан асир қиладиган диктаторликларнинг Ислом динига умуман алоқаси йўқ, деб биламан. Намоз Нормўмин радикал, фундаменталист, фақат диндан гапиради, дейдиганлар ушбу хусусиятларга афсуски, эътибор қаратмайдилар…

Юсуф Расул “узр” мавзу бўлган мақоласида яна бир ҳақиқатни эътироф этади. Оврупода инсонлар дин ҳақида гапиришни истамайдилар. Чунки бир замонлар роҳиблари уларни динларидан бездирган эди. Улар бу мавзудан шу даражада бездиларки, охир оқибат тарки охират қилдилар. Натижада Оврупода ахлоқ, ҳаё, муҳаббат (шаҳвоний ишқ эмас), раҳмдиллик, имон тушунчали йўқ бўлиб кетди. Майдонда моддапараст, шаҳватни шиор қилиб, фақатгина ақлий хулосаларига суянадиган сўқир инсон тимсоли пайдо бўлди…

Юсуф Расул назардан туширган яна бир ҳақиқат шуки 20 асрда мусулмон дунёси ғарб дунёсининг мустамлакаси ҳолига келди. Миллий ҳиссиётларга алоҳида эътибор берадиган “Янги дунё” муҳаррири бунинг қандай оқибатларга олиб келганлигини яхши билади, деб ўйлайман. Бошқача сўз билан айтганда, қулдан фикр сўралмайди, аксинча қулнинг фикри ўлдирилади, яъни у манқуртлаштирилади. Худди советлар замонида бу тузумда яшаган халқлар манқуртлашгани каби. Мусулмон дунёси 20 асрда мана шу вазиятда эди ва шунинг учун ҳам Юсуф Расулнинг Ислом дунёси илм тараққиётдан орқада қолган, деган фикрлари унчалик ҳам тўғри эмас. Чунки қулнинг ақлли бўлишини хўжайинлари асло истамайдилар…

Юқорида Исломда таркидунёчилик йўқлигини таъкидладик. Худди шундай динимизда таркиохиратчилик ҳам йўқдир. Бошқача айтадиган бўлсак Ислом дини мана шу икки “таркчиликни” тарк қилишдир…

“Дунё Ўзбеклари” муҳаррири билан Прагадаги меҳмонхонанинг бир бурчагида суҳбатлашар эканмиз, мен Исмат Хушевга Ислом динида дунёвийлик мавжудлигини асослашга уриндим. Аммо бу Овруподаги дунёвилик (суекуларизм) эмас, Исломнинг ўз дунёвийлиги эканлигини, чунки Исломда юқорида таъкидланган икки таркчилик (тарки дунё ва таркиохират) йўқлигидан баҳс этдим. Ва ҳатто дедимки,  бир мусулмон киши бир кунда намоз ўқиш учун фақатгина бир соатга яқин вақт сарфлайди. Куннинг қолган 23 соатида мусулмон киши “дунёвийдир”, яъни ишлайди, ўқийди, оила қуриб жинсий муносабат қилади, дам олади, спорт билан шуғулланади. Худо ҳаққи бундай диннинг инсонларни монастирларда яшашга мажбурлайдиган Оврупо динига нима алоқаси бор?. Яна Худо ҳаққи бу олий диннинг инсонларни шайтонпараст қилиб тарбиялайдиган секулар тизимга нима алоқаси бор? Аксинча, бу динда Қуръон Суннатни ўрганиш қанчалик қонуний бўлса, математикани ҳам, физикани ҳам, химияни ҳам, адабиётни, табиатни, теҳникани ҳам ўрганиш шунчалик қонунийдир…

Қизиғи шуки, Исмат Хушев Прагада менинг бу гапларимга қўшилган, Намоз ака оз сабр, менинг ички дунёмда сиз айтаётган томонга ўзгаришлар бор, деган эди. Аммо не кулфатки, у киши Прагадан қайтиб кетгандан кейин бу ботиний ўзгаришлар биродарим А.га ёзилган “жирканч” сатрлар сифатида ўртага чиқди. Иккламизнинг маънавий муросамиз эса Прага осмонидаги ёмғирга айланмаган булутлар каби изсиз йўқолди…

Сўзнинг хулосаси, биз Оврупонинг роҳиблик дин тушунчасини эмас, Исломнинг дунёвий дин тушунчасини ўзимизга шиор қилиб олишимиз зарур. Бу мутлақ бир заруратдир. Ана ўшанда бугун жамиятимизни қон йиғлатаётган ёлғончилик, ўзаро мунособатларда мутаҳҳамлик, сохтакорлик, раҳм шафқатсизлик, ароқхўрлик, фоҳишабозлик, порахўрлик, судхўрлик, зулм (диктатура), ахлоқсизлик, қўйди чиқдининг ёйилиши ва шунга ўхшаш инсон зотига ярашмайдиган сифатлардан қутула оламиз. Менинг эзгу ниятларим шундан иборатдир, холос. Юсуф Расул бу ҳақда “Ҳақиқатдан Намоз Нормўминга қулоқ солишимиз керак. Бекорга шунча тиришиб, бизга Ҳақиқатдан дарс ўтмаётгандир. Бу ҳақда чуқур ўйлаб, таҳлил қилиб кўрсак ёмон бўлмасди…”, дейди.

Бу ерда тузатилиш керак бўлган нарса аввало бизнинг ҳаммамиз Аллоҳнинг Китоби Қуръони Каримга қулоқ солишимиз ва унинг ҳақиқати ҳақида чуқур ўйлаб кўришимиз керак бўлади. Мен Юсуф Расулнинг бу гапларни ёзишдан олдин бир икки тунни бедор ўтказганидан, бу мавзу ҳақида чуқур мулоҳазаларга толганидан асло шубҳа қилмайман. Зеро, инсонни ҳақиқий маънода инсон қиладиган унинг Парвардигори билан қиладиган мана шундай хусусий ва самимий мулоқотидир…

Сўзни узр мавзуси билан бошлаган эдик. Агар “Дунё Ўзбеклари” муҳаррири Исмат Хушев биродарим А.дан ўша тўртлиги (уни такрорлагим ҳам келмайди) учун узр сўраса, мен ҳам унга нисбатан айтган аччиқ гапларим учун ундан узр сўрашга ҳозирман. Юсуф Расулга бу хайрли ишда ҳаммамизга ўрнак бўлгани учун яна бир бор ташаккур айтаман.

Расулуллоҳ (сав) рамозон ойини уч қисмга бўлиб таъриф қилганлар: унинг биринчи ўн куни раҳматдир, иккинчи ўн куни мағфиратдир, учинчи ўн куни эса охиратда қутулишдир. Ҳозир рамозоннинг иккинчи ўн кунидамиз. Ўз хатоларини тушуниб, биродаридан узр сўраганлар, бу узрни ҳеч иккиланмай қабул қилганлар ва шу туфайли Парвардигорининг розилигига эришганлар нақалар бахтлидирлар.

Даъватимизнинг охири оламларнинг Роббига ҳамд айтишдир. Барча салот ва саломлар Муҳаммад (сав)га, у Зотнинг оила аҳлига, саҳобаларига ва қиёматга қадар Расулуллоҳ (сав) келтирган Ҳақ йўлдан юрадиган мўмин мусулмонларга бўлсин! Омин!

 

Намоз Нормўмин,
3 август 2012 йил. Истанбул