O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ТОБЕЪИНЛАР

ТОБЕЪИНЛАР
128 views
28 January 2014 - 11:04

tret

Пайғамбарнинг вафотида бўлмадингиз,
Йиғладилар ҳам балиқлар, ҳам устунлар.
Шул сабабдин бу дунёда кулмадингиз,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ҳасан Басрий ўз қавмига айлар хитоб:
«Роббингизга бермоқчисиз қандай жавоб?»
Саҳобалар йўлин тутган энг сўнгги тоб
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Қози Шурайҳ халифани оддий билиб,
Ҳукм қилмиш ғайридинга фойда қилиб,
Яҳуд қайтмиш мўминликка таслим бўлиб,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Бугун ўзин тарих ичра билган тенгсиз,
Дунё сизни устоз деса, арзир ҳаргиз,
Сиз сабабли кашф этилди илми ҳадис,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Тавҳид аҳли учун энг ҳақ йўл кўрсатган,
Нўъмон ибн Собит бўлиб дин ўргатган,
Сизсиз ўша, халафларга нур таратган…
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Бошига тош боссалар-да бўлмай таслим,
Аҳмад ибн Ҳанбал каби буюк мазлум
«Қуръон – Аллоҳ каломи»деб чеккан зулм…
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ислом учун мусибатга бериб бардош,
Саҳобийлар бахтин ўйлаб, саждадан бош
Кўтармаган то балққунча Шарқдан Қуёш,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Остонага киритмаган малайларни,
Нари сурган дунё-дунё чиройларни,
Тор кулбадан ҳақир кўрган саройларни…
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ашоблардан Расул айтган ривоятлар –
Муборакдир, сизга насиб омонатлар…
Омонатга қилмадингиз хиёнатлар,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ҳайрулло Ҳамидов