O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тоштурма

Тоштурма
451 views
28 July 2017 - 6:00

ТОШТУРМА

1999 йил апрел ойида, Зайниддин билан юзлаштирувдан сўнг мени яна Тоштурманинг 1-чи овули ертўласидаги 28-чи ҳужрага ташлашди.

Ҳужрадаги маҳбусларнинг учтасини бошқа-бошқа камераларга кўчиришибди. Эскилардан битта биродар қолган, қолган учтаси янги келганлар. Янги келганларнинг иккиси феврал ойидаги портлашларга алоқадорликда айбланган, биттаси ёши эндигина ўн тўққизни қоралаган Данис исмли татар бола.

Данис, ўзининг айтишича, “Ал-вакир” мусиқий дуэтининг солисти бўлган экан. Унинг “жиноий” шериги армани бола қамалганидан сўнг Ислом динини қабул қилибди.

Данисдан нима учун қамалганини сўраганимда, у қуйидагиларни гапириб берган:

ДАНИСНИНГ ҲИКОЯСИ

– Бундан бир ярим йил бурун дуэтдошим А…[1] билан кўпроқ пул топиб, ансамблимизни кенгайтирмоқчи бўлдик. Лекин пул топишнинг ҳеч иложини қилолмадик. Яқинларимиз ҳам, танишларимиз ҳам бизга ёрдам беролмасликларини билдиришди. Шунда менинг миямга Лоладан[2] пул сўраб кўриш фикри келди. Чунки менинг онам билан Лоланинг онаси ўртасида эскидан яқин алоқа бор эди. Биз бир-биримиз билан анча таниш эдик. Ўша вақтларда Лолани тез-тез тўйларга таклиф қилишар, шунинг ҳисобидан у анча пул ишлаб топган эди. Сўрасам, ёрдамини аямаса керак, деган хаёлда уникига пул сўраб бордим. Афсус, у ҳам менга пули йўқлигини айтди. Биламан, пули кўп. Лекин Лола зиқналик қилди. Унинг пули бўлатуриб, “менда бир тийин ҳам пул йўқ” дегани жаҳлимни чиқарди.

Орадан уч кун ўтгандан кейин мен А… билан гаплашиб, Лолани қўрқитиб бўлса ҳам пулини олишга келишдик. Кечқурун соат 9 ларда биз Лоланинг уйи қаршисидаги тўққиз қаватли бинонинг томига чиқиб, унинг келишини пойлаб ўтирдик. Лола соат тунги 12 ларда уйига келди. Биз лифтда пастга тушдик ва Лоланинг квартирасига чиқиб бордик. Аввалига у бизни уйига қўймади. Биз эшик ортида туриб: “Пул сўраб келмадик, биз билан ҳамкорликда куйлагин деган таклиф билан келдик”, деб алдаб уйига кириб олдик.

Лола бизга қаҳва тайёрлади ва ошхонага таклиф этди. Уч яшар ўғлини ётоғига жойлаб, ошхонага қайтиб келди. Биз ярим соатларча гурунглашиб ўтирдик. Ўзимиз билан бир шиша вино олиб келган эдик, Лола “ичмайман” деб туриб олди. Ўзимиз олиб келган винони ўзимиз ичдик. Кайфим оша бошлади. Мен муддаога ўтиб: “Бизга беш минг долларча пул керак, бир ойдан кейин қайтарамиз”, дедим. Лоланинг ранги ўзгарди ва: “Йўқолларинг бу ердан, менда бир тийин пул йўқ деб айтгандим сенга!” деб бақира кетди. Мен А…га қараб: “Қўлини қайириб ушлаб тур!” деб бақирдим ва стол устида турган ошхона пичоғини олиб қорнига санчдим. Лола “Вой-дод, ёрдам беринглар!” деб бақира бошлади. Тезроқ тинчитиш учун яна беш-олти марта қорнига, кўкрагига пичоқ санчдим. Лола шунда ҳам бақиришдан тўхтамади. Мен яна пичоқ санчишда давом этдим. Ошхона поли қонга бўялди ва Лоланинг овози ўчди. Лолани ўлган жойида қолдирдик ва қўлларимизни ювиб-артиб залга кирдик. Залдан бошлаб уйнинг ҳамма жойини тинтиб чиқдик. Беш юз доллар нақд пул ва ўн минг долларлик тилла тақинчоқ олдик ва тунги соат 3 ларда Лоланинг уйини тарк этдик…

Шу жойда Данис ҳикоясини тўхтатишига тўғри келди.

28-чи ҳужра маҳбусларига 15 дақиқалик сайрга чиқиш эълон қилинди. Одатда, сайр турманинг биринчи қаватидаги бир томони очиқ, панжаралар билан тўсилган камераларда ўтказилади.

***

28-ҳужра маҳкумлари 15 дақиқалик сайрдан кейин тушлик қилишга ҳозирлик кўрилди. Тоштурма ертўласида соат 12:00 да тушлик тарқатила бошлайди. Бу турмада тайёрланган емакни мол ҳам емайди, лекин маҳбус ейишга мажбур. Чунки ейишга бошқа нарса йўқ.

 Тоштурмадаги маҳбусларни озиқлантириш рациони шундай (1999 й.):

  1. Бир сутка учун бир буханка (крокодил[3]) қора нон.
  2. Эрталаб: бир стакан ширин чой, 100 гр. бўтқа.
  3. Тушлик: тузланган карамдан тайёрланган “борш”. Карам ҳаддан ташқари шўр бўлганлиги сабабли, “борш” билан қайнаган картошка пишмай қолади. Иккинчи овқат – перловка каша. Бу “каша”га умуман туз қўшилмайди. Уни есанг, қоғоз чайнагандек сезасан ўзингни. Карам умуман ейилмайди.
  4. Кечки овқат перловка ёки крупа бўтқа.

“Крокодил” деб ном олган нон ҳеч қачон охиригача пиширилмайди ва ярим хамир ҳолатида тарқатилади.

Тоштурманинг нониними, баландасиними истеъмол қилганингдан сўнг, қорнинг оғрибми ёки заҳарланибми санчастга борсанг, сенга Х-таблетка беришади. Иссиғинг чиқса ҳам ўша Х-таблетка, бошинг оғриса ҳам Х-таблетка…

Тушликдан сўнг Данис билан суҳбатимизни давом эттирдик.

ДАНИС ҲИКОЯСИ ДАВОМИ

– А… билан иккимиз Лоланинг тақинчоқларини ишончли жойга яшириб, ўзимиз икки ҳафтага Қозоғистонга кетдик. Яқинларимиз билан телефон орқали алоқада бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлиб турдик. Уйдагилардан бизни ҳеч ким сўраб-суриштирмаганини аниқлаб, Тошкентга қайтдик. Тошкентда бир ойча вақт бўлиб, тақинчоқларни олиб, Қозоғистон орқали Ленинградга кетдик. У ерда тилло тақинчоқларни пуллаб, янги ҳаётни бошлаб юбордик. Ленинградда уч ойларча юриб, Москвага келдик ва энди у ерда яшай бошладик, янги танишлар орттирдик.

– Ўзбекистондаги яқинларинг билан хабарлашиб турармидинг?

– Албатта. Кунора телефонда гаплашардим. А… ҳам ҳар икки кунда уйидагилар ва яхши кўрган қизи билан гаплашиб турарди.

– Лолани пичоқлаганинг тушингга кирмайдими?

– Йўқ. Шу пайтгача бирон марта ҳам тушимга кирмади.

– Ўлдираётганингда ҳеч ачинганмисан у қизга?

– Лоланикига келишда ўзимиз билан икки шиша яхши винодан олиб келаётган эдик. Бир шишани томда ўтириб ичдик, бир шишани Лоланикига кўтариб келдик. Лола ичмади. Бу шишаниям иккимиз симирдик. Шундоғам кайфимиз бор эди…

– Россияда қанча вақт юрдинглар? Ҳеч қаерда ишламадингларми?

– Ленинградда уч ой, Москвада ярим йил юрдик. Ўзимиз билан олиб кетган тилла тақинчоқларни яхши баҳога сотдик. Бу пуллар то қамоққа олингунимизга қадар етиб ортди. Яйраб яшадик, афсуски, кутилмаганда қамоққа олиндик.

– Кутилмаганда?

– Ҳа, кутилмаганда… Чунки биз қилган жиноятни бошқа бир одамнинг бўйнига қўйиб, ишни ёпишган экан.

– Ундай бўлса, қанақасига сизларни қамашди?

– Ҳаммасига А… айбдор. Аниқроғи, А…нинг севган қизи бизни сотибди.

Данис қизариб-бўзариб А…нинг севган қизини русчалаб сўкади, жазавага тушади, жахл билан шконкани мушти билан бир-икки марта уради.

– У қиз Лолани сизлар ўлдирганлигингизни қаердан билибди?

– Анави аҳмоқ А… ҳали Тошкентдалигимизда маст ҳолатда ўша қанжиққа “Лолани мен гумдон қилдим!” деб мақтанган экан. А…нинг севган қизи яҳудий эди. Исроилга кетаётганида мелисага бориб бизнинг устимиздан ёзиб берибди.

– Демак, у қиз А…ни алдаган экан-да, “севаман” деб?

– Ким билади. Охирги тўрт ой ичида А… у қизга умуман телефон қилмаганди. Москвада қизлар билан роса юрганмиз.

– Россиянинг мелисаси қамоққа олгандир?

– Ҳа, руслар ушлашди. “Лефортово”да бир ой ўтирдик, сўнгра бизни Ўзбекистонга топширишди.

– Бу ерда қийнашмадими?

– Йўқ, қийнашмади. Биз бор гапни айтиб бердик. Қилган айбимизга тўла иқрор бўлдик.

– Тергов қанча давом этди?

– Бир ҳафта тергов қилишди ва дарров ишимизни судга оширишди. “Лефортово”да ўтирганимиздаёқ деломизни тайёрлаб қўйишган экан. Шунинг учун ҳам суд тез бўлиб ўтди.

– Сенга неча йил срок[4] беришди?

– Йигирма йил строгий (қаттиқ) режим.

– Шеригингга-чи?

– Ўн саккиз. Лекин унинг отаси унга кассация[5] ёздирди. Отаси жуда бой одам. Агар А…нинг срогидан олишса, сенга ҳам ёрдам берамиз, деб ваъда беришди. Мени алдашяпти чоғи. Чунки суд пайтида А…нинг отаси фақат мени айблади.

– Сен кассация ёзмадингми?

– Йўқ-да. А…нинг отаси “Сен ҳам ёзсанг унгаям, сенгаям фойда йўқ. Шу учун қайта суд бўлишини кутиб тур. Агар А…нинг срогидан қирқишса, сўз бераман, сенинг ҳам срогингдан қирқади. У ёғини ўзим тўғирлайман”, деди.

– Сенинг уйингдагилар судда қатнашмадими?

– Дадам судга келди. Ойим икки йил бўлди, Францияга, дугонаси олдига кетган эди. Яқинда ўша ёқда турмушга чиқибди.

– Нима, даданг билан ойинг ажрашганмиди?

– Шундай… Дадам сантехник бўлиб ишлайди, топган пулига улфатлари билан ароқ ичади. Ойим шунинг учун ҳам дадамни ташлаб кетган эди…

Данисдан яна бир бор Лолани ёш ўлдириб юборганингга ачинасанми деб сўрадим. У орадан анча вақт ўтганини важ қилди ва ҳозир ўзининг шу ҳолатга тушиб қолганидан ачинишини айтди. Мабодо қамоқдан бир-икки йил ичида озод қилишса, Москвада кинорежиссерликка ўқийман, деди. У ёқда юрганида қайсидир режиссёр билан танишгани, режиссёр ўқишга киришида ёрдам ваъда қилганини гапириб берди.

Ушбу суҳбатдан сўнг ўн кунларча вақт ўтиб, Данисни бошқа камерага ташлашди ва у билан қайта кўришмадик.

2005 йили Когондаги 62-чи зонада эканимда Бахтиёр исмли бола Қаршидаги зоналардан бирида “Ал-вакир” дуэтидан Данис исмли бола билан ўтирганини айтиб қолди. Мен ҳам унга, ўша бола билан Тоштурмада, бир камерада ўтирганимизни гапириб бердим.

Бахтиёр Даниснинг бугунги ҳолатини тасвирлаб: “Уйидан ҳеч ким хабар олмайди, озиб-тўзиб кетган, юриш-туриши бомжларга ўхшаб қолган”, деган эди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан айбланганлар афу ёки бошқа енгиллаштиришлардан мосуводир. Улар тайинланган жазо муддатининг охиригача қамоқда ўтиришга маҳкумдирлар.

«ДЕҲҚОН» БОҚИЖОН

Тоштурма ертўласининг 28-чи ҳужраси маҳкумлари ичида фарғоналик деҳқон йигит Боқижон билан танишиш жараёни кулгили бўлган.

Май ойи охирларида ҳужрамизга узун бўйли, қадди-қомати келишган, сочига анча оқ оралаган, ўттиз етти, ўттиз саккиз ёшлар чамасидаги йигитни ташлашди. У кўрпа-тўшаги қўлтиғида, бир қўлида катта сумка ушлаган ҳолда, эшик олдида бир муддат туриб қолди ва ўта паст овозда:

‒ Ассалому алайкум, ‒ деди.

Салом-аликдан сўнг мен меҳмонга ҳеч ким кутмаган ғайритабиий саволлар билан мурожаат қилдим:

– Бу камерага нимага келдингиз? Ким сизни бу ерга юборди?

Меҳмон ҳайрон, гўё тошга айланиб қотиб қолган. “Жиннихонага тушиб қолмадиммикан?” деган хаёлга боргани аниқ.

Меҳмонни бундай ноқулай аҳволга солиб қўйганимдан ўзим ҳам ҳижолат чекиб:

‒ Тўшагингизни анави бўш шконкага ташланг, ‒ дедим ва дастурхонга таклиф қилдим.

Меҳмон нарсаларини жойлаб бўлиб, даврамизга қўшилди.

– Менинг исмим Муҳаммад, хоразмликман. Бу йигит Ҳаётуллоҳ, Наманганнинг Поп туманидан, тожик. Довонда хусусий чойхона очган экан. Унинг чойхонасида Тоҳир Йўлдошнинг танишлари чой ичгани учун бу йигитни ҳам “ваҳобий” деб қамашибди. Бу киши ҳам Намангандан, исми Нуриддин. Бу йигит Тошкентнинг Самарқанд дарвозасидан, исми Рустам, ‒ деб таништириб бўлганимдан сўнг янги “меҳмон”га қарадим: ‒ Ўзлари ким бўладилар?

– Исмим Боқижон… Солижонов. Фарғонанинг… Фарғонаданман.

– Боқижон, Боқижон… Солижонов – бу фамилиянгизми?

– Ҳа. Солижонов – фамилиям.

– Боқижон, сиз танишганингизда ҳамма вақт исмингиз ёнига фамилиянгизни қўшасизми ёки айрим ҳоллардами?– деб сўрадим.

Ҳужрадагилар кулиб юборишди. Боқижон ўзи ҳам кулди.

– Ака, узр, довдираб қолиб фамилияни ҳам қўшиворибман.

– Довдираманг-да, ука. Ёки ҳужрамизда сизни довдиратадиган бирор гап бўлдими?

Боқижон аста-секин ўзига келиб, ҳазилга ҳазил билан жавоб бера бошлади:

– Ака, тўғрисини айтсам, камерага кирганимда берган саволларингизни эшитиб, кўриниши туппа-тузук одам экан-у, сал-пал ақлдан озибди бу киши, деб ўйладим. Ўзингизам жиддий оҳангда гапирдингиз-да, – деди Боқижон жилмайиб.

Боқижон Андижон қамоқхонасидан келганини, арзимас нарсага айбланиб қамалганини, Худо хоҳласа, тез кунларда озодликка чиқиб, ўзининг меҳр қўйган иши – деҳқончилик билан шуғулланишини айтиб берди.

‒ Ниятингиз амалга ошсин, омин, ‒ деб дуо қилиб қўйдик…

Ўз навбатида, ҳужрадаги эскилар ҳам нима сабабдан қамалганларини гапириб бердилар.

Шундай қилиб, Боқижон ҳам Тоштурма ертўласи ҳаётига кўника бошлади. Кунлар ўтиб, ҳужранинг энг қувноқ, энг ҳазилкаш маҳбусига айланди.

Орадан бир-қанча вақт кечиб Боқижонга 700 варақдан иборат айблов хулосаси келди. Бу бир қучоқ “айбловни” кўриб, ҳужрадагилар ичакларимиз қотиб куламиз. Боқижон:

‒ Сизларга ҳам айблов қоғози келсин, ўшанда кўрамиз, ким кимнинг устидан кулишини! – дейди.

Унинг жиноятига бағишланган бу “роман”даги “қаҳрамонлар”ни, яъни Боқижоннинг “жиноий шериклари”ни санаб чиқишнинг ўзи бир мушкул иш эди.

– Боқижон, ўзбек халқининг тенг ярми жиноий шеригингиз бўлса кераг-ов?

– Ҳа, ака, менам шундай деб ўйлайман. Аслида, бу режим учун ўзбекларнинг 90 фойизи жиноятчи ва қулдир. Қолган ўн фойиз қисми режим маддоҳлари.

– Боқижон, сиёсатдан озгина хабардорсиз, шекилли. Қаерда ўқигансиз?

– 1990 йили “НарХоз”ни тугатганман, ака. Ўзингиз-чи? Қаерда ўқигансиз?

– Мен ҳам Тошкентда, рус тили ва адабиёти институтида 1975-80 йиллари ўқиганман…

Боқижоннинг “айблов хулосаси”ни варақлар эканман, кўзим Акамнинг исмига тушиб қолди.

– Э-ҳе, Боқижон! Муҳаммад Солиҳ ҳам жиноий шеригингиз экан-ку! У кишини танийсизми!?

Боқижон бу саволдан сергак тортади, хавотирга тушди, қандай жавоб беришни билмай, дудуқланди.

– У кишини… у киши билан таниш эмасман, лекин кўп эшитганман. Президентликка сайлов пайтида телевизорда кўрганман.

– Умуман қўл бериб кўришмаганмисиз?

– Йўқ. Кўрмаганман… Кўришмаганман…

– Боқижон, қўрқманг, ука, ҳеч кимга айтмайман, чин сўзим. Ҳеч кўрмаганмисиз Муҳаммад Солиҳни? Ваъда бераман, ҳеч кимга айтмайман.

– Ака, сизга айтдим-ку, кўрмаганман деб! Намунча сўроққа тутасиз?

“Деҳқон” Боқижоннинг хавотирини илғаган Ҳаётуллоҳ ниҳоят “ёрилди” ва Боқижонга:

– Боқи ака, бу камерадаги ҳаммамиз у ёки бу маънода Муҳаммад Солиҳнинг “жиноий шериклар”имиз. Муҳаммад акамиз эса, у кишининг туғишган укаси бўлади. Шундай экан, бизга шубҳа билан қарашингизга ҳожат йўқ, ‒ деди.

Боқижоннинг юзи чўғдай қизарди, хижолат чекди. Нима қилишини билмай, довдираб қолди. Мен уни бу қийин вазиятдан қутқариш пайига тушдим:

– Боқижон, сиз бизга тўлиқ ишонмай жуда тўғри иш қилдингиз. Шу ҳужрадаги ҳаммамиз бир-биримиз ҳақимизда яхши маълумотга эга бўлмай туриб, ноўрин гапларни гапирмаганмиз. Тўғриси, мен ҳатто қамалмасимдан бурун ҳам ҳар келганга ишонавермас эдим. Қамоқда-ку, айтмаса ҳам бўлади. Ҳатто ўзимга ҳам ишонмай қолган лаҳзалар бўлган. Шунинг учун ҳам сизга ким эканимни тўлиқ ошкор қилмадим мен ҳам…

Боқижоннинг юзи ёришди, таранг кайфияти ечилди, кўзларида самимият акс эта бошлади ва энди анча хотиржам тортди.

– Ҳайрият-э, ака, елкамдан тоғ қулагандай бўлди, уф-ф!..

– Қани, энди айтинг-чи, Боқижон, нима учун қамалгансиз ўзи?

– Муҳаммад ака, гапнинг очиғи шундаки, мен аҳмоқ кимларгадир: “Муҳаммад Солиҳнинг тутган йўли тўғри эди, мана бу каззоб президент бўлиб қолди”, деб афсусланганман. Битта шу гапим уларнинг қулоғига етиб борибди.

– Тоҳир, Жумаларни танимасмидингиз? Фақат шу гапингиз учун қамашганини қаердан биласиз, балки бошқа сабаблар ҳам бордир?

– Э-ҳе, Муҳаммад ака, сиз буларни билмайсиз. Булар бор-ку, булар звания (унвон) учун, пул учун онасини сотадиган тоифадан-ку! Биз булар учун киммиз? Ҳеч киммиз! Буларга “Шапкасини олиб кел!” деса, шапкаси билан бирга бошини узиб келади!

– Боқижон, фақат тўғрисини айтинг, қўлингизга ҳеч қурол ушлаганмисиз?

– Қайси маънода? Агар армиядагини назарда тутаётган бўлсангиз, албатта ушлаганман.

– Йўқ, йўқ. Мен “айблов хулосаси”да сизга қўйилган айбларни назарда тутаяпман.

– Қасам ичишим мумкин, қурол-яроғ деган нарсани кўрмаганман. “Хулоса”да келтирилганларнинг биронтасини ҳам танимадим. Фақат акангизни, Тоҳирни ва Жумани оғзаки танийман, ишонаверинг. Менимча, кимдир Муҳаммад Солиҳ акани тилга олганимни ментларга етказган бўлса керак. Чунки сўроқ пайтида асосан акангиз тўғрисида сўрашди.

– Қийнашдими?

– Э-э, ака, гапирманг. Андижон турмаси ҳам… Шундай қийнашдики, умуман танимайдиган одамларни “акам”, “укам”, “оғайним”, деворганимни билмай қолдим. Айниқса, Муҳаммад Солиҳ акага ноҳақ туҳматлар ёғдиришимга мажбур қилишди. Оёқларимни қаранг, менимча дубинканинг излари бир умрга қолади энди. Буйракларим ишламай қолди, ака. Жигарим коптокдек шишиб кетди. Ҳозир бу қайтгани (жигарини кўрсатади), мана қаранг… Оқсаб юришингизга қараганда, сизни биздан кўра ўн карра ортиқ қийнашгандир?

– Йўқ, эл қатори. Йиқилиб тушганман, лекин менинг қўлим эмас, оёғим синган. Йиқилганимда мен ҳам машҳур кинокомедиядагидек, “чёрт побери” десам, дуру тиллолар ўрнига резина тўқмоқлар билан “гипслаб” ташлашган.

Ҳужрадагилар қотиб кулишди. Боқижон:

– Муҳаммад ака, беҳазил, МВД (ИИВ) подвали даҳшат эканини ҳаммамиз эшитганмиз. У ердаги ментлар қутурган итлардан ҳам беш-баттар дейишади, шу тўғрими?

– Вазирлик ертўласидаги ментларлардан ҳам ваҳшийроқлари бор. Булар ўша саксонинчи йилларда Афғонистонда бўлиб қайтган “спецназ”чилар. Улар наркотик модда истеъмол қилиб оладилар-да, ишга киришадилар. Бу бултерьерлар наркотикни қабул қилганидан кейин раҳм-шафқат деган нарсани билмайди. Улардан ташқари, етимхонада ўсган етимчалар – Каримовнинг “фарзандлари”– ҳам қийноқларда иштирок этади. Улар худди “ота”сига менгзайдилар, раҳм-шафқат қилмаслик учун уларга наркотик моддалар қабул қилиши шарт эмас. Улар “ишга киришганида” ментлару терговчилар даҳлизга чиқиб кетади. Гумонланувчи ўлиб қолса, гувоҳлик беришдан қўрқишса керак…

– Демак, рост экан-да шу гаплар?

– Қайси гаплар?

– Каримов ўзининг тан соқчиларини етимхоналарда улғайиб-ўсганлар ичидан танлаганлиги.

– Билмадим, балки ростдир. Лекин ИИВ ертўласидаги барзангилар Каримовнинг кучуклари эканини айтишган. Шу кучуклардан бири Хоразмдан эди. Уларни ҳеч ким исмлари билан чақирмас эди, ўзлари ҳам чурқ этмасди.

– Гапирмаган бўлса, Хоразмдан эканини қаердан билгансиз?

– Ўша ертўлада ишлайдиган бир акахон, яхши одам айтган. Оддий мелиса. Ертўладагилардан фақат шу киши менга раҳми келиб йиғлаганини кўрганман. Фақат шу киши менга тасалли берар, бу қийноқлардан тезроқ қутилишимни тилаб дуо қилар эди. Худо хоҳласа, эсон-омон бу дардлардан қутилиб чиқиб кетсангиз, уйимга меҳмонга борасиз, деб уй манзилини ҳам берган. Шунақа, Боқижон, мелисада ҳам яхши одамлар бор.

– Муҳаммад ака, гапингиз тўғри, мелисада ҳам яхшилари йўқ эмас, бор, лекин улар жудаям кам, айтиш мумкин, анқонинг уруғи. Аслида, буларнинг 99 фойизи, ҳали айтганимдай, пул деса онасини ҳам сотадиганлардан. “Мол эгасига ўхшамаса, харом ўлади”, деган нақл буларга тегишли, аслида. Буларнинг эгаси Каримов. Ўзингиз мендан яхшироқ биласиз унинг қандайлигини…

Бир куни “сайр” пайтида Боқижон олдимга келди ва мени чеккага тортиб, секин овозда:

– Муҳаммад ака, ҳали талабалик давримдаёқ Солиҳ акага меҳрим баланд эди. Дўстларимга унинг шеърларини ёддан ўқиб берардим. Нафақат мен, балки барча талабалар учун акангиз идеал эди. Тақдирни қаранг, қийноқларга бардош беролмадим ва энг азиз ҳисоблаганим инсонга туҳмат қилишга мажбур этилдим. Ҳозир афсусланяпман. Азобларга, оғриққа охиригача чидолмадим. Бегуноҳ одамга, соф инсонга туҳмат қилганим учун ҳозир ўзимдан жирканиб кетяпман, ака…

Боқижоннинг кўзлари ёшланди, хўрлиги келганидан бошқа гапиролмай қолди. Унинг ҳолатини тушунаман, аммо қандай тасалли беришни билмасдим.

‒ Қолган гапларни камерада гаплашамиз, ҳозир “сайр” ҳам тугаса керак, ‒ дедим ниҳоят.

Ҳужрага қайтдик.

Бир соатдан сўнг яна ўша бемаза тушлик – тузсиз карам шўрва, ювилмай қайнатилган перловка, “елим” нон (крокодил). Яхшиям камерада “машка” бор. Йигитлар шу “машка”да баландани қайта пишириб, ҳақиқий овқатга айлантиришади, нонни қайта ёпишади.

Энг асосийси, ёз келиб шўр карам тугагани.

Тушликдан сўнг Боқижон менинг шконкамга келиб ёнимга ўтирди ва “сайр” пайтида узилган суҳбатни давом эттирди:

– Ака, омон-эсон бу жаҳаннамдан қутилиб Муҳаммад Солиҳ ака билан учрашиш бахтига муяссар бўлсангиз, ноҳақ туҳматим учун мени кечиришини сўранг. Билмадим, бу ёғи нима билан тугайди. Қамоқдан чиқсам, қандай бош кўтариб юра оламан? Одамларнинг юзига қандай қарайман? Ўлиб кетганим яхши эди бундай яшагандан кўра! Ҳа, ака, ўлганим яхши эди…

– Боқижон, қўйинг, ундай деманг. Худо хоҳласа, қамоқдан соғ-саломат қутилиб чиқсангиз, ҳаммаси унут бўлади. Оллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечиришини сўрайлик. Шунинг учун энг олдин қамоқдан соғ-саломат қутулишимизни сўраб дуо қилайлик. Иншаоллоҳ, у ёғи бир гап бўлар. Сўз бераман, агар бу жаҳаннамдан қутулсак, Акамга ўзим сиз ҳақингизда гапириб бераман ва сизни кечиришини илтимос қиламан. Аниқ биламан: Акам сизни тушунади ва кечиради.

– Раҳмат, Муҳаммад ака.

– Раҳматни менга эмас, Муҳаммад Солиҳга айтасиз, Худо хоҳласа.

Бу бизнинг, янглишмасам, охирги жиддий суҳбатларимиздан бири эди.

Боқижон билан суҳбат қилишни ёқтирардим. У ҳартомонлама – ҳам дунёвий, ҳам диний илмга эга, кенг дунёқарашли йигит. Афсус, у билан бўлиб ўтган суҳбатларимизнинг эсимда қолганларинигина қоғозга туширдим.

Август ойи бошида бизнинг гуруҳни маҳкамага тортишди ва биз шу кетганча ой охиридагина Тоштурмага қайтиб келдик.

Мен 28-чи ҳужрага келганимда, Боқижонни олиб кетишган экан. Ҳужрадагилар айтишига қараганда, унга отув ҳукми тайинланибди. Қаерга олиб кетишганини ҳужрадагилар билмаган.

18 йил ичида Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг деярли ярмида жазо муддатини ўтадим, лекин ҳеч бир зонада “1999 йил феврал воқеаларида иштирок этганлар”, яъни “террористлар”ни учратмадим, нафақат учратмадим, ҳатто улар тўғрисида бир оғиз сўз эшитмадим.

  * * *

[1]    А… –  Даниснинг “Ал-вакир”даги шериги. Исми эсимда йўқ.
[2]    Лола – 90-чи йиллар ўрталарида ўзининг ёқимли ва жарангдор овози билан ўзбек эстрадасига кириб келган хонанда. Кўпчилик: “Лола тирик бўлганида Ўзбекистон хонандалари ичида энг ёрқин юлдуз бўларди”, дейди.
[3]    Жаргонда: “крокодил” – 3-чи навли ундан ёпилган батон нон.
[4]    Жаргонда: “срок” – суд ҳукмига кўра берилган қамоқ жазоси муддати.
[5]    Кассация ‒ суд ҳукмини ўзгартиришни сўраб қилинадиган шикоят аризаси.

(давоми бор)

Манба: Би-Би-Си Ўзбек