O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фарғонада чинорлар, Қаршида арчалар кесилмоқда

Фарғонада чинорлар, Қаршида арчалар кесилмоқда
126 views
16 February 2013 - 16:30

archa1Инсон борки, келгуси авлодлар учун ўзидан ниманидир эсдалик қолдиришни истайди. Шу сабаб бўлса керак, кимдир йўл қурса, яна бирови боғ қилади. Куни кеча шахсий ишларим билан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонга ўтгандим. Ҳокимият яқинидаги илгари “Торговый центр” деб номланган савдо мажмуаси томонга юрдим. Ҳозир унга “Кунчиқар бозори” деб ном берилган.

Манзарани кўриб, кўзларимга ишонмадим. Савдо маркази атрофида бир пайтлар кўм-кўк арчалар бўларди, улар ўрнида теп-текис ер – дарахтлар таг-томири билан қўпориб олинганди. Кўриб ёқамни ушладим. Асфальт ётқизилган йўл ўртасида экилиб, гўзал бир манзара яратилганди. Бир неча йил олдин бу ерга собиқ вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев бу ҳудудларни ободонлаштириб чиққанди, аввалига кўчатлар ўтқазилди, кейин эса улар каттагина арча дарахтларига айланди.

archa3Арчалар Қарши шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турар, аммо бугунга келиб арчалар вилоят янги ҳокими Туроб Жўраевга халал берган кўринади. Одамлар орасида юрган миш-мишларга қараганда, арчалар ўрнига темир панжаралар ўрнатилиши кўзда тутилган. Қашқадарё вилоятида “Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш” ташкилоти бор, уларнинг кўзлари кўрмай қолдимикан? Агар улар кимдир дарахтларни кесиб ташлаётганини кўрганларида табиатга, атроф-муҳитга зарар етказаётган кимсанинг устидан дарҳол жиноят иши қўзғатишга эришган бўлишарди.

Айни дамда эса том акси! Атроф-муҳитни ҳимоя қилишга масъул ташкилот мободо ҳокимга қарши иш қўзғатиш талаб қилиб қолса, оқибат нима бўлишини жуда яхши билишади. Арчалар таг-томири билан олиниш жараёни Қашқадарё вилоят ИИБ ва
Қашқадарё вилоят прокуратурасигача ҳам давом этган. Кўриниб турибдики, ИИБ ва прокурорлар ҳам табиатга нисбатан қилинган ваҳшийликни кўриб, кўрмаганликка олишган.

archa2“Ҳов, ҳоким жаноблари, нима қиляпсиз? Ахир табиатга, шаҳримиз манзарасига зарар етказаяпсизку?” дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Нега биз оддий кўринган нарсаларга ҳам бефарқмиз? Нега инсон соғлигига фойдаси бўлган дарахтларни экамизу, тағин уни йўқ қилишса ҳам жим қараб тураверамиз? Қашқадарё вилояти – чўл ҳудуди. Биз кўпроқ дарахт экиш ўрнига, уни йуқ қиламизми?

Вилоят ҳокими янгилик киритмоқчи экан, маршрут таксилари қатнайдиган йўлларни таъмирлаб берса бўлмасмиди? Масалан 35 ва 21 маршрут бўйича қатнайдиган йўллар талабга жавоб бермайди-ку. Ҳайдовчилар зиммасига эса бир кунга йўл учун 16000 (ўн олти минг) сўм тўлов бадали ҳам жорий қилинган.

“Бир ойда 700 минг сўм атрофида пул берамиз давлатга, аммо йўлимиз ҳалиям абгор аҳволда” дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган ҳайдовчи. Савол туғилади: “Бу пуллар кимнинг чунтагига кираяпти? Нега йўлни таъмирлаб бериш масъулларнинг хаёлига ҳам келмайди?”

Арчалар эса таг-томири билан олиб ташланиши давом этади. Навбат энди вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги йўл ўртасида яшнаб турган арчаларга, дейишмоқда қаршиликлар. Негадир кейинги дамларда дарахт кесишлар урф бўлиб қолди. Фарғонада кекса чинорлар кесиб юборилди, Қаршида бир неча йил олдин ўтқазилган арчалар кесиб юбориляпти. Вилоят ҳокимининг бу ҳатти-ҳаракатини тўхтатиш имкони бормикин?

Гулшан Қораева
Қарши шаҳри