O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фуқаро жамияти фаоллари Елена Урлаеванинг тақдиридан хавотирда

Фуқаро жамияти фаоллари Елена Урлаеванинг тақдиридан хавотирда
297 views
11 April 2012 - 19:43

Ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳақлари фаоллари Тошкентдаги руҳий шифохонада қолаётган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг тақдиридан хавотир билдиришган.

Ўзбекистондаги фуқаро жамияти вакиллари номидан тарқатилган мурожаатда Урлаева хонимда бирдан руҳий муаммолар пайдо бўлганининг асл сабабларини ўрганиш ва халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳамда Ўзбекистондаги Оврўпо ва АҚШ элчихоналари вакилларининг у билан кўришишига изн беришга чақирилган.
Яна ушбу мавзуга оид

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган 52 ёшли Елена Урлаева 5 апрел куни яқинларининг мурожаати асосида Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Маълум бўлишича, Тошкентдаги маҳкама ҳуқуқ фаолини мажбуран даволаш ҳақида қарор чиқарган.

Елена Урлаева 2000 йилда ҳам маҳкама қарори билан руҳий шифохонага ётқизилган эди.

Фаоллар уни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун жазоланган, деб ишонишади.

Кейинроқ москвалик рухшунослардан иборат мустақил ҳайъат Урлаева хонимнинг руҳан соғлом экани ҳақидаги хулосани тақдим қилган.

Ўғли Денис Урлаевнинг Би-би-сига aйтишича, ҳозирда онаси ўзини яхши ҳис қилмоқда.

“У ҳозир ўзини яхши ҳис қилаяпти, ўз ҳолига қайтган, аввал қандай бўлса, шундай ҳозирда”, дейди Денис Урлаев.

Аммо у онасига қандай муолажа қилинаётгани ва қанча муддат шифохонада қолишини билмаслигини айтди.

Мурожаатга имзо қўйган Тошкентдаги “Эксперт Ишчи Гуруҳи” раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, яқинларининг сўзлари ҳуқуқ ҳимоячисининг тақдири билан боғлиқ хавотирларни арита олмайди.

“Оила аъзолари ҳам, биз ҳам мутахассис эмасмиз, унинг руҳий ҳолати ҳақида хулоса чиқара олмаймиз. Шунинг учун ҳам мустақил тиббий комиссия текшируви муҳим”, -дейди Суҳроб Исмоилов.

Унинг айтишича, Елена Урлаева аввалроқ ҳамкасбларига ўзига қарши таъқиблар кучайгани ва уни яна руҳий шифохонага ташлашлари мумкинлигини айтган.

“Елена Урлаева ўзининг фаол мавқейи ва ўзи тайёрлаган ҳисоботлар билан ҳукуматнинг ғашига тегиб келаётган эди”, -дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳамкасбларининг айтишича, Урлаева хоним май ойи сўнггида Женевада ўтадиган халқаро йиғинда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир мустақил ҳисоботни тақдим этиши кутилаётганди.
Туркияга сафар

Сўнгги ҳодиса Елена Урлаева Туркия сафаридан қайтганидан бир неча кун ўтиб, содир бўлган.

Туркияда Елена Урлаевага мезбонлик қилган таниқли шоир ва мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳ бир баёнот тарқатиб, инсон ҳуқуқлари фаолининг Туркияга сафари тафсилотларини очиқлаган.

Унга кўра, Урлаева хоним Туркияга озгина дам олиш ва соғлиғини тиклаш ниятида ташриф буюрганди, шунингдек, инсон ҳақлари ҳимоячилари билан ҳам кўришиш режаси бор эди.

“Урлаеванинг буйраги касал экан, менинг рафиқам (муқобил тиб мутахассиси) унга даволаниш дастури ёзишга ваъда берди. Урлаева ўзига кўрсатилаётган самимият ва эътибордан ғоят мамнун эди”, – дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Унинг тасдиқлашича, Елена Урлаева Тошкентга қайтишидан бир кун аввал Исломни қабул қилишга қарор қилганини айтган.

“Мен аёлимнинг бундай қарор бир кунда қабул қилинмайди, деганини эслайман. На мен ва на аёлим уни мусулмонликка даъват этганимиз йўқ. Аммо Урлаева бизнинг оиладаги муҳит ва Туркиядаги инсонларнинг муомаласидан таъсирланганини айтди”,- дейди Солиҳ жаноблари.

Руҳий шифохонадаги ‘баёнот’

Мустақил Узньюс.нет нашри Елена Урлаеванинг Туркияда гўёки унга “нимадир ичириб қўйишгани” ҳақидаги сўзларини келтирган.

Ўғли Денис Урлаев Би-би-си билан суҳбатда унинг бу сўзларини тасдиқламади ҳам, рад ҳам этгани йўқ.

“Мен ҳеч нарсани тасдиқламоқчи ҳам, рад ҳам қилмоқчи эмасман. Унинг шахсан ўзи шифохонадан чиққандан кейин гапириб бергани маъқулроқ. Ўшанда ҳақиқат маълум бўлади. У ҳозир ўзини яхши ҳис қилаяпти, ўз ҳолига қайтган, аввал қандай бўлса, шундай ҳозирда. Унинг шифохонада қанча муддат қолишини билмайман. Мен бугун шифокорлардан қандай муолажа қилинаётганини сўрамоқчиман”,- деб айтди Денис Урлаев.

Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ руҳий шифохонадаги инсон ҳақлари ҳимоячисига нисбат берилган бу баёнотдан ҳайратга тушганини айтади.

“Урлаева бу сўзларни ҳақиқатан ҳам айтганми, айтмаганми, қоронғу. Мен унинг тилидан бундай бир нарса эшитмадим. Айтган бўлса, мутлақо ташқи таъсир туфайли айтган бўлиши мумкин”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Елена Урлаевани душанба куни руҳий шифохонага бориб кўрган Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Алянси фаоли Баҳодир Намозовнинг айтишича, Урлаева у билан учрашув чоғида бу каби даъвони илгари сурмаган.

“Елена хали шифохонада, даволанаяпти, ҳозирча ҳар-хил фаразларни илгари суриш нотўғри менимча”, -дейди Баҳодир Намозов.

Аммо у Елена билан содир бўлган ҳодиса ҳамда унинг Туркияга сафари ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

“Муҳаммад Солиҳ билан мулоқот қилган шахсларга Ўзбекистон ичкарисида қаттиқ ҳужум бўлаяпти”, -дейди у.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи эса, Урлаева хоним Истанбулга келганида ҳам, қайтаётганида ҳам соғлом бўлгани, бу икки орада нималар содир бўлгани ҳақида фақат тахмин қилиш мумкинлигини айтади.

“Менга яқин бўлган, бизга хайрхоҳ бўлган инсонлар тоталитар режим тарафидан ҳар доим қаттиқ зулм кўрди. Еленанинг бугунги аҳволи ҳам ана шу зулмнинг бир кўриниши бўлиши мумкин, деган фараз ҳам йўқ эмас менда”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.