O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эркак қўрқоқ бўлса…

Эркак қўрқоқ бўлса…
278 views
30 January 2014 - 12:22

Qo'rqoq

Куни-кеча Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати расмий сайти Uzxalqharakati.Com ва Facebook.Com ижтимоий тармоғида “Шукронистлар ҳақидаги фикрлар” сарлавҳали мақолам эълон қилинди. Тошкентдаги бир оғайним мақолани ўқиб, менга ўзининг мана бу мактубини йўллабди. Мактубни ўқиб, икки кун ўзимга кела олмай юрдим. Уни қуйида келтираман:

“Салом, дўстим Сайдулло! Ишларинг яхшими? Ғала-ғовурларда омон юрганингдан ҳурсандман.

Кеча ЎХҲ сайтида “Шукронистлар ҳақида” деган мақолангни ўқиб қолдим. Зўр мавзуни кўтарибсан. Сал қисқа ёзибсан, шукронистларнинг нега шундайлигини ёзмабсан. Шукронистлар сен айтганингдек манқуртлиги туфайли шукр қилишмайди, улар қўрқоқлиги туфайли шукронист бўлиб қолишган.

Мақолангни ўқиб, ўзимнинг бир танишим билан ўтган йил кузида содир бўлган воқеа эсимга тушиб кетди. Даврон деган қўшним Юнусободда ўзи яшайдиган кварталда қовун-тарвуз сотади. Бу ишда унга аёли ва фарзандлари кўмаклашишади.

Хуллас калом, кунлардан бир кун Даврон яшайдиган ва савдо қиладиган кварталнинг участковойи келиб, кўча бўйида қовун сотаётганларга: “Тезда қовун-тарвузларингизни тротуардан нарироққа олинглар! Бир соатдан бу ерга туман ҳокими билан начальник милиса келади” – деган.

Сотувчилар сабзавотларни тез-тез четроққа олишга тушишган. Лекин Давроннинг аёли, 7 яшар қизи ва 10 яшар ўғли ўз қовун-тарвузларини йиғиштириб улгурмаган. Ярим соатдан кейин қайтиб келган участковой мент Давроннинг аёлини тарвузларни четга олиб улгурмагани учун ҳақоратлаб бошлаган. Бунга жавобан ориятли аёл участковойнинг ўзини ҳақоратлаган.

Участковой эса дарров сотувчи аёлнинг юзига мушт туширган, онасини ҳимоя қилиш учун югуриб келган 7 яшар қизалоқни бир тепиб, 10 яшар боланинг жигарига мушт туширган. Қолган сотувчилар аёл ва унинг болаларини қутурган ментдан қутқариш ўрнига, томошабин бўлиб қараб туришган. Бу пайтда Давроннинг ўзи Қўйлиқ бозорида бўлган.

Бу воқеа тафсилотларини менга эртаси куни Давроннинг ўзи айтиб берди. У олдимга келиб: “Ака, ана шундай гаплар. Ҳозир аёлим ҳам, болаларим ҳам 16-чи горбольницада. Ўғлимнинг жигари ишиб кетган. Аёлимнинг мияси чайқалган. Қизим ҳам чалажон ётибди” – деди ва участковойнинг устидан қаерга шикоят қилишни сўради. Мен унга прокуратурага мурожаат қилиш зарурлигини айтганимда: “Ака, мен ариза ёза олмайман. Сиз юристсиз, ўзингиз бир ариза ёзиб беринг. Эртага бирга бориб топширамиз. Xўпми?” – деди ва менда ёрдам сўради.

Мен Давроннинг номидан ариза ёзиб тайёрладим ва эртасига эрталабдан уни кута бошладим. Даврон келишган вақтдан бир соат кечикиб келди. Мен: “Тинчликми? Нега кечикдинг?” – деб сўрадим. Шунда у: “Ака, қўйинг шу аризани. Менга тинчлик керак. Ўйлаб қарасам, хотиним ва болаларим тирик қолганига шукр қилишим керак экан” – деди.

Унинг гапларидан мен тутоқиб кетдим: “Бўйинг 180 бўлатуриб, ўл қўрқиб. Дух йўқ эканда а сенда? Хотининг билан болаларингни ҳимоя қилишдан ҳам қўрқаяпсанми?” – деб кетдим. Шунда Даврон нега орқага қайтганининг асл сабабини айтди. “Ака, кеча кечқурун начальник милиса ва участковойнинг ўзи келиб: “Устимиздан ариза ёзсанг, ё чўнтагингга наркотик ташлаб, ё уйинга диний варақа ташлаб қўйиб, сени қамоққа тиқамиз” – дейишди. Шундан қўрқаяпман. Мен қамалсам, болаларимни ким боқади?” – деди.

“Ундай бўлса, кел шу участковойни ўлдирамиз. Уни қаерда яшашини билиб бер, тунда подъездида тинчитамиз” – дедим. Бу гапларимдан кейин Даврон умуман қўрқиб: “Ака, нима деяпсиз? Одам ўлдириш гуноҳи азим. Аллоҳдан қўрқинг! У қудратли Зот!” – дея менга насиҳат қила бошлади. Қамалиб қолса, болаларининг ризқини ўша қудратли Аллоҳ эмас, ўзи топиб беришига ишонаётган Даврон ментдан қасос олишга келганда Аллоҳнинг борлигини ва қудратини эслаб қолди. Қўрқоқ-да!

Қара, уни ҳали қамашмаган, унга: “Қамаймиз”, – деб айтишган холос. Эркак шунинг ўзига писиб қолган. Энди уни ростдан ҳам қамашса, тасаввур қилавер, нима бўлишини. Кейин билсам, 16-горбольницада Давроннинг хотини бўлган воқеани рўйи рост ёзиб, участковойнинг устидан шикоят қилган экан. Лекин эртаси куни Даврон бориб, хотинининг аризасини қайтариб олдиртирган. “Шу арзимаган аризанг деб, мен қамоқда ўтиришни истамайман. Мен қамалсам, сизларни ким боқади? Ундан кўра тирик қолганингга шукр қил!” – деган.

Кўрдингми, дўст: хотин ментдан қасос олишни истаяпти, эркак эса қўрқаяпти. Энди айт-чи, шундай қўрқоқлар билан инқилоб қилиб бўладими? Шундай қўрқоқлар учун жонингни хатарга қўйиб, жиҳод қилиб бўладими? Булар Ислом Абдуғаниевичга мос эркаклар. Аллоҳ бундай қўрқоқларнинг устига ҳали бери адолатли ва жасур подшони юбормаса керак.

Эркаклар оддий участковойни кўрганида тиззалари қалтираса, қуролланган аскарни кўрса, юраклари така-пука бўлиб, жон таслим қилсалар керак. Афсус, “ўзбек” деган сўз “қўрқоқ” деган сўз билан синоним бўлиб қолди. Ҳа, дўстим: ЎЗБЕК=ҚЎРҚОҚ бўлиб қолди.

Сен бўлса, шукронистлар манқуртлигидан шукр қиладилар дебсан. Улар қўрқоқлигидан шукронист бўлиб қолишган, дўстим”.

Ҳурматли ўқувчилар! Тошкентдан жўнатилган ушбу мактубга муносабат билдиришга ожизман. Яхшиси – шу ишни сизлар қилақолинглар.

Саид АСКАР