O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яширин йиғин

Яширин йиғин
129 views
31 March 2017 - 11:25

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ тўққизинчи мақола) 

ЯШИРИН ЙИҒИН
ёхуд
“СИР”И  КЎЧГАН  “СИР”ЛАР…

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги танг аҳвол ва унга  раҳбарлик қилаётган А.Ходжаевнинг мутлақо лаёқатсиз кадр эканлиги борасидаги “Билдиришнома”нинг энг юқори инстанцияларга юборилган асл нусхаси компанияда пайдо бўлганлигини таъкидлагандик. Ундаги баъзи бир жиҳатлар раҳбариятнинг жиғига қаттиқ тегиб, суяк-суягидан ўтиб, ботиб кетганлиги боис менга юрист, радиоканал директор муовини, кадрлар бошқармаси бошлиғи иштирокида ўзларига хос ва мос тарзда дағдаға қилинганлиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталгандик.

Шундан сўнг нима бўлди? Воқеа қандай ривожланганлигини баён этсам… Миллий телерадиокомпаниянинг бутун каналлари, бошқарма, департаментлари раҳбарларининг “ҳайбаракалла”си билан яна бошқа бир кўринишдаги – албатта ёпиқ тарзда яширин ва ўта сирли бўлган – йиғин ўз ишини бошлади. Яъни, ушбу йиғинлар кун тартибидан асосан камина ёзган “Билдиришнома”да келтирилган қатор муаммоларни инкор этиш, йўққа чиқариш йўлида нималар қилиш зарурлиги масаласи жой олганди. Қизиғи шуки, айни шу мақсадни кўзда тутган йиғилишлар бир эмас бир неча кунлаб давом этди. Йиғилишда “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Спорт” (илгари “Машъал, айни пайтда “Маҳалла” деб номланади) ва “Тошкент” каналлари раҳбарлари ва баъзан сохтакорлик, фитнакорликда тажриба- малакаси юқори бўлган бош муҳаррирлар ҳам иштирок этишди. Оддий ходимлар канал раҳбарларининг қабулига ҳам киролмасдан иши битмай хуноби ошади, денг. Аммо улар билан кимнинг не иши бор? Муҳими: муттаҳам раис жанобларини у тайинлаган раҳбарчалар жам бўлишиб. “оқлаб” олишлари керак. Чунки шундай қилишса, катта муттаҳамни “оқлаш”, кўзбўямачилик билан бу ўрта муттаҳамлар ҳам топаётган нонларини “оқлаган” бўладилар-да…

“Иблисхона“га айлантирилган “Мажлисхона”га ҳеч кимса яқинлаштирилмайди, баъзи ҳолларда ичкаридан маҳкам қулфлаб ҳам олишади. Ушбу йиғинлар шу қадар яширин, шу қадар сирли ҳамда давомли ўтказилаётгани у ердаги ходимларнинг қизиқишини орттирди “Ходимлардан яширинча қандай муҳим масалалар муҳокама қилинаяпти экан бу ёпиқ эшиклар ортида?” –дея бир-бировига савол берадиганлар сони ортиб бораётганди. Бириси: “Раиснинг устидан ва компаниядаги аҳвол ҳақида кимдир “юқори”га ёзган экан, шуни бартараф этиш учун қандай чора кўриш кераклиги хусусида маслаҳатлашилаяпти”, деса; яна бошқаси:”Йўқ, ундай эмас, ўша аризани ёзган одамни ё уёқлик ё-да буёқлик қилиш масаласи кўрилаяпти”, дейди. Шундай қилиб, сирли йиғилишлар жараёнига ҳар ким ўзи билганича “диагноз” қўяди.

Аттестация ўтказилаверилиб, шу баҳонада ходимларнинг кўзи қўрқитилаверганидан безори чиқиб кетган яна бошқа бировлари эса юракзада бўлиб қолганлигини яширолмайди. “Шу суҳбатга тайёргарлик ҳамда ундан ўтиш учун кимларгадир ялтоқланиш, ялиниб-ёлвориш жонимизга тегиб кетди, ишқилиб яна аттестация ўтказилмасин-да…” – дея безиллайди.

Хуллас, бир ярим ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ўтказилган бу махфий йиғинлар ўз кўламининг кенглиги ва бардавомлиги билан кўпчиликнинг қизиқишига, анча-мунча шов-шувли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлди.  Ёзилган хат ким томонидан  эди, қаерга ва кимга ёзилганди, ҳаттоки, унинг ҳажми қанча эди?… Бу ҳақда оддий техник ходимлардан тортиб, каттароқ ижодий ходимларгача ахборот алмашишга киришиб кетишди. Оқибатда, баъзи бири рост, баъзи бирлари эса ҳақиқатга мос келмайдиган, бўрттирилган маълумотлар ҳам тарқала бошлади. Чунки, бир куни ёши мендан анча улуғлоқ оператор опахон (исмларини атайлаб келтирмадим, у инсоннинг хавфсизлигини ўйлаганим ҳолда) “Нарзулло, сиз Ходжаевнинг устидан юқори ташкилотларга саксон варақли шикоят хати жўнатибсизми? Ҳамма шундай деб гапириб юрибди. Айниқса, бизнинг “Радиоуйи”даги ходимларимиз ҳам ёзилган хатнинг бу қадар йирик ҳажмда эканлигини эшитишиб ҳайрон қолишмоқда. Шунинг учун улар: “Ўша Охунжонов деган йигит кўпгина муаммоларни кўтариб чиққан эмиш. Мабодо, ёзган аризасида нақд пул у ёқда турсин-ку, лоақал пластик карточкамизга пулнинг вақтида тушмаётганлиги билан боғлиқ муаммони ҳам кўтармаган эканми?…” –  дея юракларидаги дардларини менга тўкишмоқда”, деб қолди.

Чиндан ҳам нақд пул ва пластик карточка билан бевосита боғлиқ бўлган муаммо бутун телерадиокомпаниядагиларнинг бош оғриғига айланган бўлса, ходимларнинг ўша ҳалоллаб олаётган маошларини қандай қилиб бўлса ҳам кўпроқ ушлаб, кечиктириб туриш орқали уни бошқа бир томонларда айлантириб, ўзининг чўнтаги ва нафсини қондириш масаласи ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаевнинг асосий ва муҳим ишига айланганди. Сабаби, минглаб ишчи-хизматчи ходимлар ишлаётган компанияда минг ёки миллион эмас, миллиардлаб маблағлар айланади. Ундан келаётган фоиз ҳисобига ҳам  мўмай даромадни қўлга киритаётган раиснинг неқадар ҳаддан ошиб, инсоф ва қонунга “тупуриб” қўйганлигидан кўплар хабардор эди. Нопок йўллар билан йиғилаётган харом пулларнинг А.Ходжаев томонидан нималарга ва кимларга, қаерларга сарфаланаётганлиги ҳақидаги маълумотлар кенгроқ тафсилотлари билан бугун бўлмаса-да, эрта ё индин нафақат телерадиокомпаниядагиларга, балки бутун мамлакатдаги аҳоли, халқимиз, керак бўлса, халқаро жамоатчиликка ҳам секин-аста ошкор этилиши ва у бу борадаги ҳатти-ҳаракатлари учун жавоб бериши кераклиги раис жаноблари ҳамда “мажлисчи”ларини безовта қилиб қўйган эди.

Тағинам, “Билдиришнома”да масаланинг бир учига  тўхталган эдим, холос. Чунки, ҳеч бир вақт телерадиода ишловчилар А.Ходжаев  раҳбарлик қилган даврдагичалик хор этилмаган, оёқости қилинмаган, ишдан ноҳақ ҳайдалмаган. Ўз ходимини “Ишдан бўшатилдинг!” дея, аслида ишдан бўшатмасдан уни кўчага қувиб чиқариб, киришга рухсат берувчи ҳужжати бўлса-да, компания ҳудудига киритмасдан маошини “туя” қилиб, еб-ютиб, ҳаром луқмани томоғидан киприк қоқмай ўтказиш даражасигача бориб етмаганди ҳеч бир раҳбар. Бу қадар ўғрилик-ўзлаштириш, тиланчилик ва талончиликка йўл қўйилмаганди.

Оператор опанинг гапларини тинглаб, бу масала ”Радиоуйи” раҳбарлари томонидан ҳам жиддий муҳокама қилинаётганлигини билдим. Шунингдек, хаёлимдан ўтказдим: Узуқ-юлуқ гаплар бир-бирига улашиб, чувалашиб хатнинг ҳажми 4-5 бараварга ошириб ҳам юборилибди-да… “Билдиришнома” ёзган кишини “ёзғучи”га чиқариш учун атайлаб  ҳам шунча миқдор-ҳажмда экан, деган миш-мишлар тарқатилган бўлса, эҳтимол. Чунки, МХХдан чиққан бу раиснинг иш услуби худди шундай заминга таянилиб олиб борилиши ҳеч кимга сир бўлмай қолган.

Ҳа, айтгандай, ҳафталаб давом этган яширин йиғин баъзан иш соатида, баъзан иш вақтидан анча эрта ёки барча ходимлар иш вақти тугаб, уй-уйига кетганларидан кейин кечки пайтларда ва баъзан фавқулоддаги ҳолларда: ҳаттоки тушлик маҳалларида ҳам ўтказиладиган бўлди. Сирли мажлиснинг кун тартибига қўйилган масала бошқаларга очиқланмаётганлигида гап бор эди. Чунки, каминага уюштирилаётган навбатдаги фитна ҳақида ҳамкасбларимга ҳеч қандай маълумот сиздирилмаслиги шарт эди. Бундан фақат раҳбарият ва “шестёрка-қулоқ” бош муҳаррирларгина хабардор ва манфаатдор эдилар. Лекин, уларнинг бугун бир юзини яшириб  “сирли мажлис” ўтказиб, эртага бошқа юзи билан жамоага юзланиб, “очиқ мажлис” ўтказиш “тактика”си ортида нималар бўлиши мумкинлигини ҳамкасбларим жуда яхшигина тахмин ва таҳлил қила олардилар.  

Энг муҳим жиҳати шундаки, йиғилаётган бу сирли гуруҳ “Билдиришнома”даги даллилларни иложи борича инкор этиш асносида ўз “хўжа”ларини яна сувдан қуруқ чиқариш учун куйиб-пишиб, тер тўкиб, “Бағдодда ҳаммаёқ тинч…”га ўхшаш кулгили ва сохта маърузаларини биргаликда ўтириб ёзиб, уни навбатма-навбат, қай оҳангда ўқишни  “репитиция” қилиб олишга эришишди, ҳарҳолда. Ахир, ҳазилми сизга, бир киши кўтарган муаммоларни инкор этиш  учун шунча киши тўдалашиб, ҳафталаб тайёргарлик кўриши?!

Алал-оқибат, кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бирёқда қолиб, бу муаммоларни ёзган каминани компанияга “муаммо” қилиб кўрсатиш учун пухта “репитиция”лар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтгач, энди гўёки очиқ бир мажлис ўтказишга келишишди. Келгусида ўтказилиши режаланган бу  мажлисда менинг масаламни кун тартибига қўйиб, қандай бўлмасин масалани ўз манфаатларига мувофиқ “ҳал этиш”ни бош мақсад қилиб олишди. Шу тариқа ўтказилиши лозим бўлган фитна-мажлисга ҳам пухта ҳозирлик кўрилганлигидан бохабар бўлдик. Албатта, ушбу фитнанинг бош режиссёри – йиллар оша кўп тажриба ва малака тўплаган, фақат телерадиокомпаниядагина эмас, балки мамлакат бўйлаб шу соҳада олиб борган амалиётлари билан танилган Алишер Ходжаевдир. Ундан бошқаси бўлиши ҳам мумкин эмас.  

Шундай қилиб, радиодаги яширин мажлис қатнашчилари томонидан ўтказилиши мўлжалланаётган фитна йиғинда каминага қарши ва каминани ёмонотлиқ қилиш учун минбарга чиқиб, маъруза қилувчиларнинг алоҳида рўйхати тузилганлиги ва улар аллақачон шу йўсиндаги ҳаракатларини бошлаб юборганлиги хусусидаги муҳим хабар ҳам менгача етиб келди. Қарангки, “мутлақо ҳеч ким билмаслиги зарур ва шарт” бўлган махфий мажлис тафсилоти каминагача етиб келишининг олдини олишда фитначи гуруҳ аъзолари ожиз қолишди. Яъни, “сир”ни узоқ сақлай олишмади ва бу иш қўлларидан келмади. Ахир, қинғир ишнинг қийиғи бир ёндан бўлмаса, иккинчи ёндан чиқиб туради-да. Умрида тўғри сўзни сўзламаган, тўғри йўл қолиб, эгри йўлдан юрадиган “уддабурон”, “ақлли”лар бунинг фаҳмига борарди дейсизми? Энг қизиғи, панада пай талашадиган бу қашқирлар очиқда-да олғирлигини намойиш этиб қўйишарди: Баъзи масалаларда манфаатлари уйғун келмай қолса, ҳеч иккиланмай, бир-бирларини арзон-гаровга сотишарди. Шу боисдан ҳам “сирли мажлис” тугар-тугамас узоғи билан бир соатнинг ичида унинг “кирли мажлис” бўлганлиги осонгина аён бўларди-қоларди… Баъзан бу “сир”ларнинг кўчага ўрмалаши учун  юз грамм ароқ ёки пиво ёхуд бир қути сигарета ҳам кифоя қиларди.  “Хўжа”лари эркалатиб, ҳатто ишхонада ҳам бемалол алкоголь ичимликларини истеъмол қилишларига рухсат бериб қўйган бу шоввозлар “зорманда”дан бўкиб олганидан сўнг ияк-жағлари бўшашиииб қоларди.  Ҳаял ўтмай ўша мажлис иштирокчилари-ю, унинг уюштирувчиларини сўкиб-ҳақоратлай бошларди. Ҳатто баъзи бир топшириқларини “аъло” даражада бажариб беришган бўлса ҳам, эвазига ваъда қилинган масалага келганда “Хўжа”си сўзининг устидан чиқмай қолган пайтлари бўлганлигини ҳам “гуллаб” юбораверишарди…

Уларни ҳам тушуниш мумкин. Ахир, нимаям қилишсин, нафси бало бўлиб ожиз қолганлигидан тумшуқларидан илинишган. Ўлганининг кунидан, ноиложлиги-мажбурлигидан ана шу тубан йўлни тутишган. Телерадиокомпаниядаги шундай МХХча бошқарув усулларидан ўзлари ҳам безиб, безори чиқиб кетганлигини “юзта-юзта”дан отиб, юзтубан тушган пайтларида яширолмай қоладилар. Ичидаги борини тўкиб сочардилар. Чунки, одамнинг ўзи қинғирлик қилса ҳам, ичида виждони сизлаб-йиғлаб туради. Буни билганлар билади, билмаганлар эса…

Дарвоқе, “ўйин”га тортилганлар орасида виждонини сотмасликка ҳаракат қиладиганлари ҳам йўқ эмасди. Шу тоифадагилари агар йўл-йўлакай учрашиб қолсак, инсоф юзасидан  очиқ-ойдин бу борада нима гап бўлаётганлигини айтар ва ҳушёрликка чорлаб ҳам қўйишарди. Ҳатто уларнинг ичида ўз қудасини ҳам аяб ўтирмай, унинг шу қинғир қилғилиғидан уялиб кетаётганлигини арз этган бириси ҳам бор…

Ҳозирча шу ерда мақолага тин бериб, фитначи-маърузачиларнинг исми-шарифи ва уларнинг аслида ким эканлигини фош этувчи қатор далилларга тўхталишни бироз кейинга қўйсак. Сабаби, бу борадаги тафсилотлар чўзилиб кетиб ўқувчини зериктириб қўймасин.

27.08.2015 й.

(давоми бор)