O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда гапиришга тақиқ қўйилган бешта мавзу

Ўзбекистонда гапиришга тақиқ қўйилган бешта мавзу
329 views
17 October 2016 - 8:00

239860

1). Андижон воқеалари. 13 май 2005 йил Андижонда юз берган воқеаларнинг тўлиқ тафсилоти ҳалигача маълум бўлмасада ва кўп очиқ саволлар қолганлигига қарамасдан, ўшанда Каримов тинч намойишчиларга қарши ўқ узишни буюрганлигини халқ жуда яхши билади. Диктатура тузуми ҳам ўз навбатида, ўзининг Андижон воқеалари ҳақидаги уйдирма шарҳига халқ ишонмаслигини билиб, бу мавзуни имкони борича четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

2). Президентлик муддати. Ўзбекистон Конституциясига кўра, бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Президент бўла олмаслиги мамлакатда ҳаммага маълум. “Каримовпарастлар қанчалик диктаторни мақтамасин, Конституцияда 90-модда борлигидан хабари йўқ гўё, лекин аслида бунақа модда борлигини жуда яхши билишади.

3). “Жаслиқ“. Бу даҳшатли қамоқхона ҳақида Ўзбекистонда пичирлаб гапиришади. Мансабдор шахслар – ҳокимлар, милиция бошлиқлари учун эса бу оддий халқни қўрқитиш қуролига айланган. Аммо цензураланган давлат матбуотда бу ҳақда, умуман ҳибсхоналар, қамоқхоналар, у ердаги маҳбуслар қандай шароитларда сақланиши ҳақида бир жумла ҳам учрата олмайсиз.

4). Мухолифат. Ўзбекистонда гапиришга тақиқ мавжуд бўлган бир қанча исмлар бор. Бундан ташқари 1990 йил 20 июн куни қабул қилинган Мустақиллик декларацияси ҳақида деярли гапирилмайди, бўлмаса Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган Каримов эмас, балки бугунги мухолифатчилар бўлганлиги очилиб қоладида! Умуман олганда, расмий матбуот ва телевидение учун мухолифат бу ноқулай мавзу. Андижон воқеалари билан бўлгани каби тузум бу мавзуга халқнинг қизиқиши ва мустақил манбаларга кенг мурожаат этишидан қўрқади.

5). Туркистон легиони.  Бу ҳақда ҳатто Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ҳам ҳеч нарса ёзилмаган. 25 йил ичида Туркистон легиони ҳақида Ўзбекистон ичкарисида биронта ҳужжатли филм ёки китоб чиқарилмаган. Бундан ташқари Истиқлолчилар ҳаракати, жадидлар, Туркистон мухторияти мавзулари кенг ўрганилмайди, ўқув даргоҳларида бу мавзуларга фақат қисқача тўхталади.

Албатта, юқорида кўриб чиқилган барчатақиқлар бизнорасмий дейишга одатланган юқори идораларнинг оғзаки тақиқларидир.

Ниманидир муҳокама қилиш қонунга асло ҳилоф эмас, балки Конституцияда ёзилган эркин фикр билдириш ҳуқуқидан фойдаланишдир. 

Шундай қилиб, менинг Ўзбекистонликларга чақириғим: юқори идораларнинг барча норасмийтақиқларига тупуринг! Озод инсон бўлинг, уйда, ўқиш, иш жойингизда ўз фикрингизни очиқ билдиринг.

Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилгансан!”, деган даъватига содиқ бўлинг, ватандошларим!

Алпарслон Эркчи