O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда илмий тадқиқот инқирозининг сабаби

Ўзбекистонда илмий тадқиқот инқирозининг сабаби
1,671 views
09 July 2021 - 21:13

Мамлакатнинг қай даражада ривожланганлиги унинг айни вақтда илмий-тадқиқот ва ривожлантириш ишлари (Research and Development, R&D) учун қанча маблағ ажратишига тўғридан-тўғри боғлиқ ҳисобланади.

Бутун дунё бўйича ушбу йўналишга энг катта маблағ сарфлайдиган давлатлар Жанубий Корея ва Исроил ҳисобланади. Ушбу давлатлар ЯИМ нинг 4,5% ини айнан илмий-тадқиқот ишлари учун сарфлайди.

Маблағ томондан қаралганда АҚШ ва Хитой дунёдаги илмий тадқиқот учун энг кўп пул сарфлайдиган давлатлар ҳисобланади. Масалан, ўтган 2020-йилда Хитой 378 млрд доллар (ЯИМ нинг 2,4% и) пул ажратган.

Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон ҳеч мақтана олмайди. Қуйидаги графикда Ўзбекистоннинг R&D учун мамлакат ЯИМ нинг неча фозини ажратиши Жаҳон банки маълумотларига асосланган ҳолда кўрсатилган. Кўриб турганингиздек 2000-йилда ЯИМ нинг 0.36% ини сарфланган бўлса, у йилдан йилга камайиб 2018-йилда 0,13% гача тушган. Ривожланаётган мамлакатларнинг ҳар бирида R&D учун ажрадиган маблағ фоизи йилдан йилга кўтарилиб бормоқда, бизда ушбу кўрсаткич аксинча пастга тушиб бормоқда.

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди, шундай экан Scopus, Web of Sciense (WOS) да мақола чиқаринглар дейишдан аввал шароитни яхшилаш, олимларга илмий-тадқиқот учун ажратиладиган маблағ миқдорини оширишса яхши бўлар эди. Чунки майда оқшоқ (бизда майдаланиб кетган, фақатгина аталага ишлатиладиган гуручни шунақа аташади) гуручдан чойхона палов дамлаб бўлмаганидек, йўқ бўлган шароитда ва жуда ҳам кам пулга Scopus ва WOS журналларида чоп этиладиган мақола ёзиб бўлмайди.

Бахтиёр Шералиев

Манба: Facebook.com