O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ўзбекистонда Конституциявий Президентни сайлаш учун ким нима қилмоғи лозим?..”

“Ўзбекистонда Конституциявий Президентни сайлаш учун ким нима қилмоғи лозим?..”
153 views
02 February 2015 - 15:26

1Авваламбор ўзимиз Конституция нормасини ўзлаштиришимиз ва ўз ҳақ-ҳуқуқимизни, айнан Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва бурчимиз негизида, қонуний асосда талаб қила билмоқлигимиз лозим.

Бунинг учун нима қилмоқ лозим, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ислом Абдуғаниевич Каримовни, Ўзбекистон президентлик сайловига номзод этиб рўйхатдан ўтказганидан сўнгра:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига,
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Президентига.
Маълумот учун: БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ ва жамики инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотларига,
Оммавийлаштириш учун: Жамики эркин матбуот ва интернет сайтларига
Жавобгар: Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига
Қўшимча жавобгар: Ўзбекистон Либерал Демократик партиясига

Д А Ъ В О    А Р И З А С И

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35 ва 44-моддаларида кафолатланган сиёсий ҳуқуқлар асосида )

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси устунлиги сўзсиз тан олиниши. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституцияга мувофиқ иш кўришлиги»- белгилаб қўйилган.

Конституциянинг 16-моддасида: -«Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормаларига ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас»лиги  белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциянинг 90-моддаси: -«Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас» -эканлигини қатъий белгилаб қўйган бўлиб, Конституциянинг ушбу 90-моддаси шу кунгача ўзгартирилмаган ва бекор қилинмаган!

Ўзбекистон Либерал Демократик партияси томонидан 2015 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловига номзод этиб кўрсатилган Ислом Абдуғаниевич Каримовни, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси  ___февралда, Ўзбекистон Президентлик сайловига номзод этиб рўйхатга олди ва 2015 йилнинг 29 март кунида бўлиб ўтадиган умумхалқ сайлови натижасида Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормаларига зид равишда сурункасига тўртинчи бора Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиб сайланиш эҳтимоллиги туғилмоқда.

Бунга асос:

Биринчи марта: Ислом Абдуғаниевич Каримов 1991йилнинг 29 декабрь кунида умумхалқ сайлови натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган ва Конституция нормасида назарда тутилмаган ҳолда, Конституцияда назарда тутилмаган ноқонуний референдум йўли билан ўз ваколатини 2000 йилгача узайтирган.

Сурункасига Иккинчи марта: 1999 йил декабр ойида умумхалқ сайлови натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган ва яна Конституция қоидаларига зид равишда Президентлик ваколатини чўздириб, 2000 йилнинг 22 январ кунидан 2008 йилгача Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарган.

Сурункасига Учинчи марта: 2007 йил декабр ойида умухалқ сайлови натижасига кўра Ўзбекистон Президенти этиб сайланган ва 2008 йил 16 январдан  2015 йилнинг 16 январ кунигача етти йил давомида сурункасига учинчи марта Ўзбекистон Президенти вазифасини, Ўзбекистон Конституцияси нормаларига ва қоидаларига зид равишда бажариб келган.
Юқорида қайд этиб ўтилган, ҳақиқий ҳаётий далиллар негизида, бундан буён Конституция нормасининг бузилишини олдини олиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистоннинг сиёсий ижтимоий ва барча жабхаларида ҳақиқатда сўзсиз тан олинишини, унинг устунлиги сўзсиз таъминланишини ва Ўзбекистон давлати ҳам халқаро демократик ҳамжамиятнинг ҳақиқий тенг аъзоси бўлиши учун, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституция нормалари ва қоидаларига зид бўлмаслигини таъминлаш мақсадида

Сўраймиз:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ва 109-моддаларида берилган ваколат доирасида ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни  асосида, Ўзбекистон Республикасида, том маънода: «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси устунлиги сўзсиз тан олиниши»ни таъмин этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, Ислом Абдуғаниевич Каримовни, Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловига номзод этиб руйхат олинишини, Конституция нормасига зид деб топишингизни ва бекор қилишингизни сўраймиз.

Фамилияси исми шарифи / имзолари/ сана.  Манзиллари:

Хўш, бу сиз ва бизга нима беради?…

–ушбу ҳақда ва бунинг учун ким нима қилмоғи лозимлиги ҳақида, Оллоҳнинг иродаси билан кейин бафуржа фикрлашамиз деган умиддаман…

Аммо ҳозирнинг ўзида шуни қаъий таъкидлашни ўзимга ҳам фарз, ҳам қарз деб биламан: Ким нима дейишидан, кимни ҳимоя қилишни исташидан, ким-кимга дўстмисиз-душманмисиз дейишидан, ким олтин косаларда ош ейишдан маҳрум бўлиб қолишидан, бир сўз билан айтганда, ким ҳолисона ўз ниятини ва кимдир нохолислик билан кимнингдир ниятини айтишлигидан қатъи назар, шуни икки қулоғига қўрғошиндек қуйиб олишлиги шарт:

Ислом дунёсида – Шариатда Қуръон қанчалар Муқаддас ва шак-шубҳадан ҳоли бўлса …
Инсоният дунёсида – ҳаётда Конституция ҳам худди шунингдек муқаддас ва шак-шубҳадан ҳоли бўлмоғи лозим…, акс ҳолда кишилик жамияти анархияга-бошбошдоқликка юз тутмоғи муқаррар!

Холдор Равшан