O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллаев қамоқда қийноққа солинган

ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллаев қамоқда қийноққа солинган
133 views
17 November 2014 - 12:52

ТиллаевЖорий йилнинг 6 март куни чиқарилган суд ҳукми билан 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган “Эрк” партияси аъзоси Фахриддин Тиллаевга нисбатан ҳибрсда шафқатсиз қийноқлар қўлланилган. Бу ҳақда шу йилнинг 13 ноябрь куни Қарши шаҳрига яқин бўлган №49 сонли колонияда сиёсий маҳкум Фахриддин Тиллаев билан учрашган опаси Дилором Тиллаева маълум қилди.

Дилором Тиллаеванинг сўзларига кўра илгари 95 кило бўлган укаси Фахриддин Тиллаевнинг вазни ҳозирда 58-60 килога тушиб қолган.

“Умуман қайғуга тушиб қолдим укамнинг аҳволини кўриб. [Қамалганидан кейин] ҳечам кўрмаган эдим-да. У жуда ўзига қараган, тўла одам эди. Ҳозир эса – озгандан кейин одамнинг терилари шалвираб қолади-ку ажинлар тушиб – шунақа бўлиб қолганда худди қарилардай”, – дейди Дилором Тиллаева.

Дилором Тиллаева Озодлик радиоси билан суҳбатда укаси Тоштурмада ўтирган пайтда тинимсиз қийноққа тутилгани, соғлиғини йўқотишига ўша қийноқлар сабаб бўлганини гапириб берган.

“Етти ой Тоштурмада ётган. “Етти ой мен подвалда ётдим, қуёшни кўрганим йўқ”, деди. Кейин: “Мени урарди”, деди. Иккинчи судига олиб келишмаганди укамни. Биз сўраганимизда: “Ўзи бош тортди”, дейишганди. Кейин мен шуни сўрадим укамдан. “Сен ўзинг бош тортган эдингми?” десам, “Йўқ, опа, мен бош тортганим йўқ, ҳеч қандай нарушение қилмаган бўлсам ҳам, нарушение деб, ўзлари мени олиб боришмади”, деди. “Мени яланғоч ҳолда қилиб, оёғим зах ерда ўн беш кун подвалда турдим”, деди. “Устимдан совуқ сув сепишди”, деди. Апрель ойи қандай совуқ бўлади?.. Кейин: “Бармоқларимга игна тиқиб олди”, деди, – дейди Дилором опа укаси Шайхалига келганидан кейин калтаклашлар барҳам топганини қўшимча қиларкан.

Қаршидаги колонияга ўтказилганидан кейин соғлиғидан шикоят қилган Фахриддин Тиллаев шифокорлар кўригидан ўтказилган. Унга бош мия жароҳатланиши, невротик синдром ва бошқа ташхислар қўйилган ҳамда уни шифохонага юбориш ҳақида тавсия берилган. Бироқ қамоқхона маъмурияти яна “тартиббузарлик” баҳонасида уни маҳбуслар шифохонасига юбормаган.

Фахриддин Тиллаевнинг яқинлари тез кунда унинг касалхонага юборилиб, керакли муолажалар олишига, туҳмат билан қамалган жигарларининг тез орада озодликка чиқишига умид қилмоқдалар.

ЎХҲ ахборот бўлими